2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда хитойлик инвесторлар билан умумий қиймати 500 миллион АҚШ доллардан ортиқ туризм лойиҳалари амалга оширилмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон – Хитой: Туризм соҳасига сармоя жалб этиш механизмлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги туризм ҳамкорлиги нафақат сайёҳлар оқимининг кўпайиши, балки стратегик сармоявий шериклик мезонлари асосида янги босқичга кўтарилди. Туризм соҳаси орқали икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва халқлар ўртасидаги алоқалар чуқурлашмоқда. Бу жараёнда сармоя жалб этиш, ҳудудий ривожланиш, ҳамкорликда янги маҳсулотлар яратиш каби механизмлар амалда самарали ишламоқда.
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Хитойдаги CSITE (Ченду), GITF (Гуанчжоу) ва ITE Hong Kong каби энг йирик халқаро туризм кўргазмаларида миллий стенди билан иштирок этди. Бу тадбирларда мамлакат ҳудудларидан 100 дан ортиқ туризм субъектлари қатнашиб, Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятини намоён этди. Масалан, Гуанчжоудаги GITF кўргазмасида 55 мамлакатдан 40 минг, ITE Hong Kong кўргазмасида эса 60 мингга яқин мутахассис иштирок этгани, Ўзбекистон учун муҳим маркетинг платформаси бўлди.
Шу билан бирга, Хитойнинг 9 йирик шаҳрида — Чунсин, Пекин, Макао, Фучжоу, Шенчжен ва бошқаларда ўтказилган роудшоулар орқали хитойлик туроператорлар ва сайёҳлар учун “СУАР + Ўзбекистон” қўшма турпакетлари, “Ипак йўли саргузаштлари” каби тематик маршрутлар, шунингдек қишки туризм йўналишлари кенг тарғиб қилинди. Ушбу форматдаги тадбирлар Хитойнинг юзлаб йирик туркомпаниялари билан В2В учрашувларга замин яратиб, 40 дан зиёд ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
2025 йил 3 июль куни Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Ипак йўлидаги туризм” (WTA Silk Road Dialogue) халқаро анжуманида Хитой ва халқаро туризм доираларининг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди. Анжуманда “СУАР + Ўзбекистон” йўналиши доирасида сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, провинциялар кесимида қўшма тарғибот ва инвестиция ташаббусларини амалга ошириш бўйича келишувлар эришилди. Айниқса, Хива шаҳридаги “Арда Хива” туризм маркази, Бухоро ва Самарқанднинг моддий ва номоддий мероси таклиф этилаётган турпакетларнинг асосий бўғини сифатида намоён бўлмоқда.
Хитойлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиши билан авиақатновлар инфратузилмаси ҳам янги босқичга кўтарилди. Хитойнинг учта етакчи авиакомпанияси — Air China, China Southern ва China Eastern — 2025 йил июль ойидан бошлаб Ўзбекистонга доимий рейслар ташкил этишни бошлади. Масалан, China Eastern “Сиан – Тошкент” ва “Шанхай – Тошкент” йўналишларини йўлга қўйди, Air China эса “Пекин – Тошкент” қатновларини амалга оширмоқда. Бу каби инфратузилма ўзгаришлари сармоядорлар учун ҳам, туроператорлар учун ҳам қулай муҳит яратиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда хитойлик инвесторлар билан қиймати 519,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 16 та туризм лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу сармоялар туризм инфратузилмаси, меҳмонхона бизнеси, тематик парклар ва қўшма турлар ривожига қаратилган. Бундай лойиҳалар нафақат туристик маҳсулотни бойитади, балки маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратиш, ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон – Хитой туризм муносабатлари бугунги кунда фақат сайёҳлик оқими эмас, балки инвестиция, инфратузилма ва технологик алмашинувни қамраб олган кенг кўламли ҳамкорлик шаклида намоён бўлмоқда. Ташкил этилаётган кўргазмалар, юқори савиядаги форумлар ва авиақатновлар географиясининг кенгайиши мамлакатимизга туризм орқали Хитойдан янги сармоя жалб қилиш имкониятларини яратмоқда. Бу эса Ўзбекистонни нафақат хорижий сайёҳлар, балки инвесторлар учун ҳам жозибали макон сифатида намоён қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Умид Шадиев,
Туризм қўмитаси раиси