АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан онлайн маслаҳатлашув бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистондаги АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакиллари билан Республиканинг пахта ва тўқимачилик соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболи муҳокамасига бағишланган онлайн маслаҳатлашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Вазирлик хабарида келтирилишича, хорижий ҳамкорлар пахта етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва пахта териш жараёнини механизациялаш, шунингдек, ишчиларни мавсумий пахта йиғим-теримига жалб қилишда бозор механизмига изчил ўтиш орқали мамлакат ҳукумати томонидан пахта саноатини замонавийлаштириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Жумладан, 2019 йил Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида пахта йиғим-теримини механизациялаш даражасини ошириш дастури ишга туширилди. Айни амалиётни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйиш истиқболи мавжуд.
Хорижий дипломатлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар фикрича, соҳани ислоҳ қилиш йўналишидаги яна бир ютуқ – пахта хомашёсига давлат буюртмаси бекор қилиниши бўлди. Бу пахта бозорида нархни эркин шакллантириш механизмини жорий этиш ва соҳада хусусий секторни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш имконини беради.
Тўқимачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва пахта хом ашёсини экспорт қилишдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ўтиш йўлида эришилган сезиларли ютуқлар таъкидланди. Шу билан бирга, кластер ишлаб чиқариш тизимидан фойдаланиш кўлами ҳам кенгайиб бормоқда – Ўзбекистонда илк бор 2017 йил ташкил этилган пахта кластерлари сони бугун 75 тага етди.
“Cotton Campaign” коалицияси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалалари бўйича конструктив мулоқот ўрнатиш, тўқимачилик соҳасида таъминот занжири шаффофлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам юқори баҳоланди.
Маслаҳатлашув жараёнида масъулиятли пахта ишлаб чиқариш бўйича умумэътироф этилган саноат стандартларини жорий этиш, мамлакат тўқимачилик саноатини ислоҳ қилиш юзасидан узлуксиз ҳисобот бериш ва ишлаб чиқариш циклининг барча даражаларида шаффофликни ошириш тизимини яратиш ҳисобига халқаро бозорда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш доирасида келгусида ҳамкорлик қилиш истиқболи ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир якунида муҳокама этилган йўналишлардаги ҳамкорлик доираси томонларни қизиқтирган масалаларни биргаликда муҳокама қилиш учун доимий фаолият кўрсатадиган платформа яратиш бўйича келишувга эришилди.
“Дунё” АА