Birinchi slide Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси: “Бундай ўзгаришлар бўлишини умуман тасаввур қилмаган эдим”

2017 - Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili 2017 - Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O'zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 26 yilligi O’zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 26 yilligi Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar Press-relizlar Press-relizlar O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik "Sharq taronalari" xalqaro festivali "Sharq taronalari" xalqaro festivali Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O‘zbekiston Xalqaro Paxta Yarmarkasi O‘zbekiston Xalqaro Paxta Yarmarkasi Sayyohlik Sayyohlik Xalqaro sanoat yarmarkasi va Kooperatsiya birjasi Xalqaro sanoat yarmarkasi va Kooperatsiya birjasi 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni
hamma resurslarni ko'rsatish
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси: “Бундай ўзгаришлар бўлишини умуман тасаввур қилмаган эдим”

АҚШ элчиси Памела Спратлен «Америка Овози» студиясида Навбаҳор Имамова билан, 18 май, 2018 йил

“Америка Овози” мухбири Навбаҳор Имамованинг АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен билан суҳбати.

ВАШИНГТОН. Президентлар учрашуви нимаси билан аҳамиятли ва улар қандай уюштирилади? Гап уларнинг натижаси ва қилинган қарорлар самарасида, дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка Овози» билан суҳбатда. Спратлен хоним билан қатор долзарб мавзуларни муҳокама қилдик, янгича стратегик шерикликдан тортиб, унинг Тошкентдаги иш муддати ўз ниҳоясига етаётганигача.

– Спратлен хоним, сизни студиямизда кўриб турганимиздан жуда хурсандмиз. Хуш келибсиз!

– Раҳмат, Навбаҳор, мен ҳам жуда хурсандман, сиз билан юзма-юз ўтирганимдан.

– Келишингизнинг ўзига хос сабаби бор. Президент Мирзиёевнинг расмий ташрифи ортидан сиз билан алоҳида гаплашиб олишни хоҳладик.

– Мана тугади.

– Ҳа, президент бир неча соат олдин ватанга учиб кетди. Ҳамма ҳаяжонда. Ҳамма хурсанд. Оқ уйда Президент Трампнинг минтақа бўйича маслаҳатчиси Лиза Куртис билан гаплашдик. Мана ҳозир сиз билан ўтирибмиз. Ҳаяжоннинг боиси нимада? Ўзбекистонни энди кашф этмаяпсизку, тўғрими?

– Тўғри, Ўзбекистон узоқ ўтмишга эга диёр. Алоқа ўрнатганимизга 27 йил бўлаяпти. Лекин биз ҳозир янги Ўзбекистон билан ишлаяпмиз. Бунга шу ҳафта ҳам гувоҳ бўлдик. Тинимсиз эшитган сўзимиз шу бўлдики, бу – тарихий. Чунки Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга илк ташрифи. Рафиқаси ҳам олдин келмаган. Кўриб чиқилган масалалар, имзоланган келишувлар, делегация ҳажми, Вашингтон уни қандай кутиб олгани – ҳаммаси янги, мисли кўрилмаган даражада. Шу боис ҳаммамиз хурсандмиз, ҳаяжондамиз. Ўзбекистонда уч ярим йилдан бери ишлаётган элчи сифатида 2015 йилнинг бошида Тошкентга борганимда, бундай ўзгаришлар бўлишини умуман тасаввур қилмаган эдим. Янгиликлар одамни хурсанд қилади, ҳаяжоним шундан.

– Сиз Марказий Осиё билан азалдан танишсиз. Минтақа бўйича ҳақиқий мутахассиссиз. Давлат департаментида бир пайтлар Марказий Осиё бўйича бош дипломат эдингиз.

– Шундай.

– У пайтлар Ўзбекистоннинг ҳозирги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Вашингтонда элчи эди. Алоқалар совиган даврлар эди. Икки ҳукумат орасидаги алоқа суст эди. Шундан бери кўп нарса ўзгарди.

– Тўғри.

– Шундай экан, янги стратегик шериклик деганда одамлар қувончга тўлмоқда. Ваъдалар берилмоқда. Лекин реал маънода нимага умид қилсак бўлади? 2002 йилдаги стратегик шериклик келишуви кейинчалик четга сурилган, улоқтирилган.

– Кескин баҳо... Аввало сизни Ўзбекистонда аккредитация қилинганингиз билан чин юракдан табриклайман. Бу янгилик ва янги Ўзбекистондан дарак. Олдин бундай имконият берилмаган. Тошкентдан «Америка Овози» мухбири сифатида ахборот узатиш имконияти берилмоқда сизга. Ўзбекистон сизга очилмоқда. Бу катта ўзгаришлардан дарак ва уларнинг бошланиши.

Компанияларимиз янги имкониятлар очишга уринмоқда. Қуёш нуридан қувват олувчи саноатлар қизиқмоқда Ўзбекистонга. Инглиз тили машғулотлари бўйича янги дастурлар ҳақида гап кетяпти. Олий таълим хусусида янги мулоқот. Хавфсизлик бобида янгича ҳамкорлик. Муҳим жабҳалар ва буларнинг ҳаммасига янгича ёндашиб, янгича қараб, аниқ мақсадлар сари қадам қўйиш устида келишиб олдик. 2016 йилда бошланган диалог асталик билан бизни мана шундай йирик келишувга етаклади. Томонлар бир-бирини яқиндан танимоқда, ришталар ўрнатилмоқда, фикрлар алмашилмоқда. Буларнинг ҳаммаси янгича руҳда. Ташриф – улкан бурилиш. Қўшма баёнот – янги даврнинг бошланиши.

2002 йилдаги келишувнинг аҳамияти бутунлай йўқолган эди, демаган бўлардим. Бугунги ҳамкорлик учун асос деб қарасак бўлади. Чунки ўшанда қилинган орзулар, ўша пайтдаги ҳамкорликка боғланган умидлар сўнмади ва мана бугун олға сурилиб, бизга ўзига хос куч берди. Қўшма баёнот деталларга бой ва чуқур моҳиятли ҳужжат. Ҳозирги сиёсий ирода билан уни амалга оширадиган бўлсак, ҳар икки тараф улкан фойда кўради. Ҳукуматлар қаттиқ ишлаяпти унинг устида. Реал натижаларга олиб борсин, деймиз.

Аввал бунчалик ғайрат ва хоҳиш бўлмагандир балки, бироқ ҳозирги ҳаракатларимиз ишончга асосланган. Гап фақат АҚШда эмас. Мирзиёев қўшнилар билан ҳам яқиндан ишламоқчи. Реал ҳамкорликка интилмоқда.

Ҳозиргина бир мажлисда эшитдим: Туркманистон билан сармоя ва тижорат 100 миллион доллардан ошибди. Ким ҳам ўйлабди, дейсиз.

– Афғонистон билан олдин деярли нольга тенг эди.

– Ҳа, Афғонистон билан шундай эди. Ҳозирчи? Мулоқот кенгайиб бормоқда. Янги давр. Шахсан мен бундан жуда хурсандман ва айни муддао, дейман. Умидлар катта, орзулар буюк.

– Катта синов, шундайми, ҳар икки томон учун?

– Шубҳасиз.

– Эплаш осон бўлмайди. Пентагондагилар 2002 йилги ҳужжат ҳақида гапирганида мен уларга «У келишувни янгилашга ҳаддингиз сиғадими? Балки уни унутиб, янгисини бошларсиз», дедим. 2002 йилги келишув четга сурилган, лекин унутилмаган экан.

– Шундай, у асос сифатида хизмат қилади. Ниҳоят уни қўллай оламиз.

Ўзбекистонга нисбатан ишонч сўнмаган эди. Ишонардик бир кун шундай кунлар келишига. Бу давлат Марказий Осиё келажагида муҳим роль ўйнашини билар эди. Тил топишамиз, ўзаро ишонч ва манфаатларга таяниб, олдинга қадам ташлаймиз, дея ният қилганмиз.

Бу «сендан угина, мендан бугина» қабилидаги ришта эмас. Ҳақиқий шериклик бўлишини истаймиз... Демак, қаттиқ меҳнат қилишимиз керак.

– Расмий ташрифлар нимаси билан муҳим?

– Инсон бир-бирини билиши керак. Яқиндан сўзлашиши керак. Ўзбекистонда буни қадрлашади, биламиз. Мана чой ичиб ўтирибмиз. Чой ҳамжиҳатлик тимсоли. Озгина-озгина қуйиб, меҳмон билан узоқроқ гаплашай, дейсиз. Инсоний муносабатларга урғу берилади. Ташрифлар ҳам шундай. Улар алоқа ўрнатиш, уни кучайтириш, томонлар бир-бирини етарлича таниши учун зарур. Бусиз биргаликда бирор мақсадга эриша олмайсиз.

– Тошкентга бу ердан жуда кўп делегация боради. Олдинлари асосан ҳарбий формадагилар борар эди. Ҳозир бундай эмас. Вашингтонга ҳам Ўзбекистондан кўп келишяпти – элчихонадагиларнинг қўли қўлига тегмайди. Бундан Ўзбекистон халқига нима наф? Телевизорда кўришади ташрифларни. Келиб-кетишларнинг уларга фойдаси қандай?

– Ташрифлар ҳамкорликни мустаҳкамлайди, биргаликда эзгу ишлар қиламиз. Одамлар бу ташрифлар ҳақида билса, уларнинг моҳиятини тушунса, демак, алоқалар улар манфаати учун хизмат қилишини ҳам сеза олади. Халқлар бир-бирини таниши керак. Яқинда Фарғона водийсида бўлдим – Наманган, Марғилон. Кўриш-билиш.

Яқинда Давлат департаментидан Инсон ҳуқуқлари бўйича бош расмий Ренди Берри Тошкентда бўлди. Ҳуқуқ масаласида узоқ йиллардан бери бемалол, очиқ гаплаша олмас эдик. Тил топиша олмас эдик. Мана Берри ўзи келиб кўрди, ўзгаришларни муҳокама қилдик. У турли томонлар билан учрашди. Ҳукумат аъзолари ва ноҳукумат сектор вакиллари... Юзма-юз, самимий мулоқотлардан бир олам маълумот оласиз. Ишонч шаклланиши учун бу жуда зарур. Ҳозир биз шундай жараёндамиз.

Халқларга нима наф? Умидимиз шуки, бу ташрифлар, мулоқотлар одамлар учун имкониятлар очади. Масалан, инглиз тилини ўрганаман, деб юрганлар учун дастурлар таклиф қиламиз. Имкониятлар фақат ватанда бўлмаслиги мумкин, лекин уларга йўл очиш мумкин.

Америка ва Ўзбекистон бизнеслари ҳамкорлик ўрнатади. Янги иш жойлари очилиши мумкин. Солиқ тўлайдиганлар кўпаяди. Ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларга талаб ошади.

Аниқ фойда жуда кўп одамларнинг ҳаётига таъсир қилиши аниқ, деб ўйлайман. Масалан, олдинлари АҚШдан жуда оз сайёҳ борар эди. Ўзбекистонни биладиган америкаликлар кам. Лекин ҳозир бу алоқа очилар экан, Ўзбекистонни билаётганлар, у ерга боришни хоҳлаётганлар, шу ўринда Ўзбекистонда АҚШга қизиққанлар ҳам кўпаяди. Географик жиҳатдан узоқмиз, аммо бир-биримизни маданий ва сиёсий жиҳатдан тушунсак, бу фақат фойда.

– Элчи хоним, бу ташрифларни ташкиллаштириш майда иш. Ўзбекистон ҳукумати билан ишлаш қандай ҳозир? Маъмуриятлараро алоқа ҳақида сўраяпман. Ислоҳотлар аввало ҳукуматнинг фаолиятини яхшилаши керак. Кўплаб ўзбекистонликлар учун шу қизиқ: ҳукуматимиз ҳозир қандай ишлайди? Бу борада нима ўзгарди, раҳбариятда, масалан?

– Тўғри. Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон ҳукумати очиқроқ. Ўзбекистон аҳли ва АҚШ элчихонаси ҳукумат тизимлари очилаётганини бирдек ҳис этмоқда, назаримда. Олдинлари одамлар кимга нолишни билмай, қаерга бориб муаммосига ечим излашга қийналар эди. Пенциясини ололмай, уйини исита олмай гаранг, азобда эди. Виртуал қабулхона очилганида ва улар мамлакат бўйлаб қанот ёзганида одамлар жуда қувонди. Ҳукумат уларнинг дардини эшита бошлади.

Дипломатик жиҳатдан ҳам шунга гувоҳ бўлдик. Олдин ҳукумат билан бирор масалада гаплашмоқчи бўлсак, расман хат ёзиб, илтимос қилар эдик. Жавобини кутиб ўтирар эдик. Албатта, уларнинг архиви бўлгани яхши. Хатлаб борар эдик ҳар бир алоқани. Лекин вақт бой берар эдик. Гаплашиш қийин эди. Мулоқот йўлида тўсиқлар бор эди. Ҳозир эса телефон қиламиз ва бемалол гаплашамиз. Электрон хатлар алмашамиз.

– Телефон қилганингизда қўрқиб кетишмайдими?

– Йўқ, йўқ, қўрқишмайди. Улар ўзлари ҳозир менга телефон қилишади. Қўчқоров (Молия вазири) қўнғироқ қилди, масалан, ёки Ташқи савдо вазири Хўжаев билан гаплашаман. Тизим очиляпти, бу дегани алоқа нормаллашади, табиий бир шаклга киради. Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бош дипломатимиз Элис Уэллс йил бошида Ўзбекистонга борганида шу масалани кўтарган эди. Ўзгаришлар кўра бошладик. Ўзбекистон халқи ҳис қилаётганидек, биз ҳам ҳукумат очилаётганини кўраяпмиз, асталик билан.

Бу дегани фаолият қизиб, самарадорлик ошади. Фақатгина ҳужжатлар орқали гаплашмай, масалаларни бемалол муҳокама қилишнинг таъсири кучли. Реал мулоқот шу ўзи. Мен учун бу ҳукуматдаги улкан янгилик.

Ташрифни ташкиллаштириш, айтганингиздек, жуда майда иш ва уни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Ваҳобовга тасанно дейман. Элчихонаси, ходим сони жиҳатдан, меникидан оз. Лекин ўзи, муовини Қадамбой Султонов ва қўли остидагилар билан қисқа вақт ичида катта ишларни эплади.

Менинг командам ҳам қаттиқ ишлади. Транспорт масаласидан, катта делегацияга виза беришгача, ҳаммаси ўз вақтида ва пухта бажарилди. Ҳар бир ходимга катта масъулият юкланган эди. Ҳар бир дипломатимиз ўз ҳиссасини қўшди. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси, ҳар иккиси ўта муҳим идоралар эканини исботлади.

– Ташриф истаги аниқлангач уни уюштириш учун қанча вақт керак? Президент даражасида, масалан.

– Президент Трампнинг ўзига хослигини ҳисобга олсак, ташриф икки ойдан ҳам оз вақт ичида кечиши керак эди. Тайёргарлик учун одатда бу вақт етмайди. Лиза Куртис Ўзбекистонга борганида бу ҳақда гаплаша бошланган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда... Англадикки, бу ҳукумат билан ишласа бўлади, у янги йўлдан кетмоқда. Асталик билан ҳаракат қилинди. Албатта, бу юқоридан қувватланиши керак эди. Бу эса мисли кўрилмаган тезликда бўлди. Тайёргарлик эса мураккаб жараён: Блеер Хаусда имзоланган ҳужжатларни ҳозирлаш ва қоғозларни жой-жойига қўйиш, ҳар бир детални тасдиқлаш. Ҳар икки система жадал ишлади.

АҚШ ҳукумати ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ҳам таҳсинга сазовор. Олий даражадаги ташрифларни бунчалик қисқа пайтда ва шунчалик самарали ўтказа олиш ҳаммага ҳам насиб этмайди.

– Шундай денг... Биласизми, Ўзбекистон Адлия вазири «Америка Овози»га келди. Интервью учун.

– Қойил.

– Ислоҳотлар ҳақида гаплашдик. У ҳам шуни истади, лекин яна бир нарсани қўшди. Жуда қизиқ. Ислоҳотлар қанчалик қийин ва катта синов экани ҳақида ҳам гапирди. Ютуқлар ҳақида бонг уриш осон, лекин қийинчиликларни ҳам муҳокама қилиш зарур. Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш учун кадрлар етишмаслиги, системада тажриба озлиги, ҳар бир секторда туб ислоҳотлар қилишга бел боғлаган ҳукумат олдидаги масалалар ҳақида гаплашдик. Ташриф мобайнида кўрдикки, АҚШ буни тушунади, Ўзбекистон халқига осон эмаслигини билади.

– Албатта, осон эмас.

– Одамлар ўзгариш қилиш қанчалик қийин эканини англайди. Мураккаб жараён бу. Вақт керак. Меҳнат қилиш керак. Ҳар икки томондаги сиёсий иродадан келиб чиққан ҳолда қарайдиган бўлсак, Америка қандай ёрдам бера олади? Ўзбекистон АҚШга ҳар соҳада очиқ эканини билдириб турибди.

– Тўғри.

– Имконият майдони кенгайган бўлса, ислоҳотлар бобида Ўзбекистон халқи қандай ёрдам кутса бўлади?

– Ислоҳот – катта сўз. Бундай ишга киришган ҳар қандай давлатда катта сўз бу...

– Ҳам жуда кўп ишлатиладиган сўз.

– Президент Мирзиёев ўтган йилнинг февралида эълон қилган беш йиллик стратегияни, ислоҳотларнинг кенг қамровлигини ҳисобга олсак. Айтганча, вазирлардан бирига савол бердим. Энг катта қийинчилик нима? Икки жавобдан бири шу бўлдики, жуда кўп ўзгариш кутишяпти.

Умидлар шу даражада юқори экани катта муаммо, чунки ҳар бир фуқаронинг орзуларини назорат қилиб бўлмайди, тўғрими? Ҳамма қисқа давр ичида жиддий ишлар қилинишини кутяпти. Умидлар, вақт озлиги, ресурслар танқислиги, кадрлар етишмовчилиги ҳам шунинг бир қисми.

Назаримда, стратегик устунликларни белгилаб олиш керак – биринчи, иккинчи, учинчи ўринда нима келади. Бу муҳим, вазиятга реал кўз билан қараш керак. Ҳамма нарсани бир кунда ислоҳ қилиб бўлмайди.

– Диққат билан, демоқчимисиз?

– Диққат билан ва шошмасдан. Одамлар нафасини ростлаб олсин. Ёз келаяпти, одамлар дам олсин, ўйлансин. Шу ҳафта катта ишлар бўлди, икки давлат раҳбарлари учрашди. Энди режалар амалга ошиши учун қаттиқ ишлаш керак, тер тўкиш керак. Бунга вақт кетади.

Шошмасдан, биргаликда ўйлаб, йўлимизни, нималар қилишни белгилаб олайлик. Шу билан бирга, олдинга интилишни ҳам унутмайлик. Ҳозирги асосий вазифа – приоритетларни белгилаб олгунга қадар алоқалардаги энергияни қўлдан бой бермаслик. АҚШ учун Афғонистон хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар асосий ўринда туриши аниқ. Эътибор шунда бўлади.

Хусусий секторга келсак, бу жабҳага ҳам энди бошқача кўз билан қараш бошланади. Бизнес қилишга келишиб қўйган компаниялар шерикларини излашга тушади. АҚШдаги ширкатлар билан ҳамкорлик олдинга силжийди, енгни шимариб лойиҳаларни ишга туширишади.

Бизнес учун зарур ҳукумат қарорлари, солиқ режими қанчалик ўзгаради? Мана шу соҳаларда ёрдам керак. Хуллас, тадбиркорлар жиддий энергия ва эътибор билан ишга киришишини кутиш мумкин, чунки имкониятлар кенгаяяпти. Аммо ҳаммаси қадамма-қадам бўлиши лозим.

– Вашингтон Ўзбекистонга етарлича эътибор бераяпти, деб ўйлайсизми? Биламан, сиз Тошкентдасиз...

– Ҳа, десак тўғри бўлади. Шуни эсда тутайликки, Қўшма Штатлар глобал давлат, бир пайтнинг ўзида бир қанча масалалар унинг эътиборида. Америкаликлар қаерда бўлмасин уларнинг хавфсизлиги, дунёнинг қайноқ нуқталаридаги вазият ҳамиша ҳукуматнинг диққат марказида бўлади.

Президент Мирзиёев Мудофаа вазири Маттис билан учрашганида хавфсизлик юзасидан ҳамкорлик бобида Ўзбекистондан айнан нималар кутилаётгани муҳокама қилинди. Давлат котиби Помпео билан ҳам шу мавзуда гаплашди. Шундай экан, Вашингтоннинг Ўзбекистонга эътибори етарли деб ўйлайман. Албатта, Ўзбекистон билан ҳар куни шуғулланувчи одамларимиз ҳам бор – Тижорат, Энергетика вазирликларида ва албатта, Давлат департаментида. Уларнинг ҳар кунги иши Ўзбекистон билан боғлиқ, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси билан алоқада. Қолаверса, мен Тошкентда эканман, алоқалар ривожланиб бориши учун ҳаракатдан тўхтамайман.

– Президентлар учрашганида инсон ҳуқуқлари очиқчасига тилга олинмагани танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, «Нью-Йорк Таймс» газетасининг ёзишича, Президент Трамп Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни четлаб ўтган. Дипломатик нуқтаи назардан бу хато бўлмадими?

– Инсон ҳуқуқлари, албатта, ҳар қандай соҳада муҳим масала. Ўзбекистон билан алоқаларимизда ҳам бу доимий мавзу бўлиб келган. Эътиборингизни қўшма баёнотга қаратмоқчиман, президентлар нимага келишиб олгани унда ўз аксини топган. Бугун Давлат департаментида ўтган мажлисда юқорида лавозимдаги расмийларимиздан бири ҳам шу ҳақда сўзлади.

– Баёнот турли мавзуларга бой.

– Шундай.

– Ҳазм қилиш осон эмас.

– Осон эмас, Навбаҳор, лекин инсон ҳуқуқлари соҳасида прогрессга эришиш ҳам ундан жой олган. Бу жиддий масала. Ўтган йилнинг сентябрида Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб ваъда берган. Чиқишларида Ўзбекистонда энди қийноқлар бўлмаслиги, қийноқ остида олинган иқрорномалар қабул қилинмаслигини айтган. Қўшма баёнотда ҳам шу ҳақда гап боради. Ўзбекистон ҳукумати берган зиёфатда сиз ҳам бор эдингиз. Президент Трамп Президент Мирзиёевга йўллаган мактубида нима дейилган? Инсон ҳуқуқлари тилга олинган.

Президент Мирзиёев ва юқори лавозимдаги расмийларимиз ўртасидаги учрашувда қатнашдим, инсон ҳуқуқлари мавзуси кўтарилди. Мирзиёев бу борада кўп ишлар қилганини ва қилишда давом этишини айтди. Шунга жиддий бел боғлаган. Жиддий ваъда бу. Учрашувларда қайта-қайта янграган ва Ўзбекистон расмийлари такрорлаган гап шуки, ўзгариш ва ислоҳотлардан ортга қайтиш йўқ. Бу инсон ҳуқуқларига ҳам тегишли. Биз, албатта, вазиятни кузатиб борамиз, ваъдалар берилди.

– Ҳарбий ёрдам ҳақида кўп эшитдик. Президент Трамп ҳарбий ёрдам ҳақида гапирганда ўша ерда эдим, унга 10 талаб савол бергим келди. Биласиз, инсон ҳуқуқлари ва ҳарбий мадад чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбий соҳада ҳамкорликни оширар экан, инсон ҳуқуқларини устун, деб белгилаш керак, деган баёнотлардан ҳеч ким ҳайрон эмас. Қийин жиҳати шу эмасми? Америка ҳарбий ёрдам беришни истайди, Ўзбекистон эса олишга тайёр. Шундай экан, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ стратегия нимадан иборат?

– Бу мавзу, сиз саволингизда тилга олган таранглик, азалдан мавжуд. Ўзбекистон ҳукуматига ҳатто арзимаган миқдорда асбоб-анжомларни узатиш ҳам жуда қийин эди. Нима ўзгарди? Биринчидан, Афғонистондаги вазият, биласиз у ерда аҳвол жиддий. Шу билан бирга, ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларига бўлган ёндашуви ўзгарди. Ўтган икки йилда нималарга гувоҳ бўлдик? Болалар меҳнатига систематик равишда чек қўйилмоқда. Мажбурий меҳнат, катталарнинг нафақат пахта теримида, балки бошқа жойларда ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилиниши фармонлар билан тақиқланди.

Ренди Берри (АҚШ Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича муовини) апрелда Ўзбекистонга борганида ноҳукумат ташкилотлар, фуқаро жамияти тараққиёти муҳим мавзу бўлган. Кейин қандай қадамлар ташланди? Маҳаллий ва халқаро нотижорий ташкилотларни рўйхатга олишни осонлаштирувчи қонун қабул қилинди. Диний эркинлик бобида нималарни кўряпмиз? Ўзбекистон диний тотувлик билан фахрланади, аммо айрим диний гуруҳлар мамлакатда фаолият олиб бориши учун нима қилиш кераклиги бўйича ўтмишда самарасиз мулоқотлар бўлган.

Олдин бундай шароит ва мулоқот йўқ эди. Ҳозир, масалан, ахборот воситаларидаги ўзгаришларга қарасак ҳам янги давр бошланганини сезасиз. Мана, сизнинг фаолиятингиз, бир мисол. Улар сиз билан ишлаяпти, ўзгаришни хоҳлаётгани аён. Ислоҳотлар бошланган, асталик билан. Олдин бундай бўлмаган. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам шундай кечиши аниқ. Таъсири кучли бўлади ва бошқа кўплаб соҳаларга таъсир кўрсатади, ўзгаришларга туртки беради.

Конгресс аъзолари ҳам буни тушуна бошлаган. Ўзбекистонда ўзгаришлар реал ва чуқур. Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ ҳаракат қилаётганига ишонтира олаяпти. Бу ҳамкорликни кенгайтириш учун замин. Ўзгаришларни одамлар янада ҳис қила бошлагани сари янги имкониятлар ҳам очилаверади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам янги даврдамиз, деган тушунча кенг қанот ёзаверади.

– Олдинда иш кўп.

– Ниҳоятда кўп ва осон эмас.

– Тошкентдаги вақтингиз эса тугаб бормоқда.

– Афсуски, шундай.

– Тарихга гувоҳсиз... Муҳим дамларда ўша ерда бўлдингиз.

– Шундай, омадим бор экан.

– Элчи қачон янгиланади?

– Биласиз, буни айта олмайман. Оқ уйда ҳал этилади бу.

– Жараён секин.

– Ҳа, секин, лекин тушунса бўлади. Уни Оқ уйда президент ва унинг таркиби бошқаради. Элчи ахир давлат раҳбари ишонган шахс, унинг вакили. Мен Тошкентда иш бошлаганимга уч ярим йил бўлди. Бу дегани шу ёз ёки кузда ўрнимга кимдир келиши керак. Бу менга боғлиқ эмас. Номзод танланади, уни Конгресс кўриб чиқади. Ҳар қандай давлатга элчи шундай тайинланади. Сабр қиласиз. Янги элчи келганида одамлар, албатта, хурсанд бўлади. Унгача эса, самолётга чиқиб ватанимга қайтгунимга қадар, АҚШ –Ўзбекистон алоқалари ва халқларимиз равнақи учун хизмат қиламан.

– Сиз билан ундан кейин ҳам гаплашамиз, билим ва тажрибангизга таянамиз.

– Бажонидил.

– Сиз аёл дипломатсиз, улар кам. Афро-Америкалик элчисиз, улар жуда кам, айниқса, Ўзбекистондек жамиятларда ишлаётган. Сизни унутиш қийин бўлади, жуда кўп сабабларга кўра. Сизни қандай эслашларини хоҳлар эдингиз? Сиздан нима мерос қолади, деб ўйлайсиз?

– Ҳа. Аввало, Навбаҳор, Ўзбекистон аҳлига айтадиган гапларим бор. Сиздан миннатдорман. Мени кенг қучоқ очиб кутиб олдингиз. Биринчи дақиқаларданоқ олқишладингиз. Давлатга киришим билан 48 соат ичида ташқи ишлар вазири ишонч ёрлиғимни қабул қилди. Орадан 10 кун ўтмай ишонч ёрлиғимни раҳматли Президент Ислом Каримов қабул қилди. Қаерга бормай одамлар мени жуда илиқ қаршилайди. Ўзбекистоннинг таниқли жойлари Самарқанд, Бухоро ва Хива ёки Фарғона водийсидаги Мингтепа деган жой бўлсин, Термизми, қаерга қадам ранжида қилмай, Ўзбекистон халқи мени очиқ чеҳра ва табассум билан кутиб олади. Элчи сифатида бу эҳтиром ва имконият мен учун бебаҳо.

Менинг элчилик давримда янгича ҳамкорлик йўлини очдик. Шундай шериклик имконияти яратилди. Мевасини кўраверамиз. Ёшлар билан мароқ билан ишладим. Уларнинг орзулари, келажак ҳақидаги ўйларидан илҳом олдим. Бу билан фахрланаман.

Барча ҳамкасбларимдан жуда миннатдорман. Улар менга ишонди, таянди. Ришталаримиз муваффақияти, ҳамкорликдаги ҳар қандай ютуқ кўплаб одамларнинг қаттиқ меҳнати маҳсули, фақат меники эмас.

АҚШдек давлатнинг дипломати бўлиш бир бахт, чунки меникидек касбий фаолиятга эга бўлиш мумкин. Умидим шуки, шундай карера қилиш имконияти Ўзбекистон ёшларида ҳам бўлсин. Меникидек мароқ билан ишлаш, мана сизникидек профессионал фаолият, Навбаҳор, Ўзбекистонда ҳам мумкин бўлсин. Сиз ўз соҳасининг лидерисиз, бошқалар ўрнак оладиган, илҳомланадиган мутахассиссиз. Йўл очаяпсиз бошқалар учун. Севган соҳасида маза қилиб ишлайдиганлар кўпайсин.

Нафақат аёл ва Афро-Америкалик дипломат, балки замонавий дунёда яшаётган инсон сифатида бир нарсага ишончим комил: одамлар ҳамиша ўрнак оладиган одамларни қидиради. Биламан, одамлар иккимизга ҳам ҳавас билан қарашади. Биламан, журналистларнинг янги авлоди сизга қараб ўрганишни хоҳлайди, Навбаҳор.

– Улкан масъулият зиммамизда.

– Ўзбекистондек ажойиб мамлакат тарихининг шу даврида ўзига хос роль ўйнай олганимиз учун беҳад шодман. Албатта, Америка учун ҳам муҳим бир давр бу. Ҳамкорликнинг асоси барпо этилди, энди уни кўтариш керак. Ўрнимга келган одамнинг иши шу бўлади. Сиз эса, Навбаҳор, ўз соҳангизда Ўзбекистонда туриб ҳам ишлаш имкониятини очаяпсиз. Ўзгача шароит ва муҳитда. Журналистика нима эканини намойиш этиш, ахборот бериш, ахборот воситаси нима эканини кўрсатиш имконияти бу. Бу – Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга иш. Шундай ўринга эга эканимизга шукур қиламан.

– Олдимизда синовлар...

– Жуда кўп синовлар. Ҳаётнинг ҳар бир куни синов. Ёмғир ёғаяпти ҳозир. Бу ҳам кимлар учундир синов, чунки юриш осон эмас. Кўча тирбанд. Бу ҳам бир синов. Хоҳлаган ишимизни қилиш учун ҳеч қачон етарлича маблағ ёки ресурс бўлмайди. Лекин нимани эплай оламиз, нима қила оламиз? Гап мана шунда. Олдимиздаги имкониятларни ишга солиб, олдинга қадам ташлай оламизми? Қунт, эътибор ва меҳнат билан эплаймиз.

Қўл силтаб, умидсизлансак, ўтираверамиз. Ҳар ердан тўсиқ кўрамиз. Лекин биз ундай қилмаймиз. Биз ҳаракат қилаверамиз, умидни бой бермаймиз. Сабр ва матонат билан олға ва олға... Бор имкониятлардан фойдаланиб, янгиларини яратамиз.

Менинг назаримда, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари дунёга янгича кўз билан қараётгани айни муддао. 2016 йилда буни ҳеч ким тасаввур қилмаган эди. Тошкент, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа қисмларидан жаҳонга янгича нигоҳ билан қарашяпти. Чунки давлат раҳбари шу томонга етаклаяпти. Унинг олдида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловдек оптимист одамлар бор. Бу инсон Америка билан ришталар яхшанишига ҳамиша ишонган ва узоқни кўзлаб ҳаракат қилган. Шу жумладан, Сенатор Сафоев ва Акмал Саидов ҳам. Умидга тўла инсонлар кўп. Етакчилар. Қийин даврларда ҳам, яхши даврларда ҳам олдинга интилаверган. Ҳамма мамнун ҳозир.

– Янги авлод кириб келмоқда. Янги чеҳралар, янги арбоблар.

– Шундай. Мен уларга муваффақият тилайман. Янгича ғайрат ва иштиёқни кўриб жуда хурсандман. Уларни кўриб кексалар келажакни топшириш мумкинлигини англайди. Уларга таянади. Қийинчиликларга қарамай йўлимизни топиб кетамиз, дейди. Вашингтонга келган делегацияда шуни кўрдим. Катта тажрибага эгалар ҳам бор, янги келганлар ҳам бор. Бир бирлари билан яқиндан ишлашмоқда, бир бирларидан ўрганмоқда. Президентларимиз эришган келишувни шу инсонлар амалга оширади.

– Мароқли суҳбат бўлди.

– Омад сизга, Навбаҳор. Сиз юксак иқтидор эгасисиз. Ғайратингизга балли. Сизнинг қилаётган ишингиз – Ўзбекистонни бизга, Ўзбекистонга эса бизни тушунтириб бераётганингиз - таҳсинга сазовор ва беҳад миннатдормиз. Олдингиздаги янги имкониятларни кўриб янада мамнунман. Умидим, сизнинг етакчилигингизда команда кенгаяди, нафақат сизнинг ташкилотингизники, балки бошқа журналистлар ҳам, бошқа ахборот воситалари ҳам келади, хусусий ва мустақил. Бу жамият тараққиёти учун ниҳоятда муҳим. Одамлар информацияни янгича услубда олади. Янги Ўзбекистон бундан манфаатдор. Президент Трамп ва Президент Мирзиёев эълон қилган қўшма баёнотнинг ҳам мақсади шу – тараққиёт ва ўзгариш. Шундай экан, раҳмат!

– Суҳбатдошимиз АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен. Жуда бўлмаганда ёз охиригача Ўзбекистонда.

– Шундай десак бўлади. Аниғини айта олмайман, бу менга боғлиқ эмас. Лекин ўша ерда эканман, алоқани кучайтириш, ҳамкорлик учун қаттиқ меҳнат қилишда давом этаман. Ўрнимга келган одамга шу энг буюк мерос бўлади.

– Катта раҳмат.

www.uza.uz