Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Абдулазиз Комилов: Пандемия оқибатлари билан курашиш ва бошқа умумий муаммоларни ҳал қилиш ҳаракатларни мувофиқлаштириш, бирдамлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб этади

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Абдулазиз Комилов: Пандемия оқибатлари билан курашиш ва бошқа умумий муаммоларни ҳал қилиш ҳаракатларни мувофиқлаштириш, бирдамлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб этади

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари бош муҳаррири Салим Дониёровга интервью берди. Унда глобал коронаинқироз шароитида мамлакатимизнинг ташқи сиёсати ҳақида сўз боради.

«Дунё» АА қуйида "Янги шароитда ишлашни ўрганиш йўлида" сарлавҳаси остида "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталарида бугун чоп этилган интервьюнинг тўлиқ матнини келтиради:

— Бугунги кунда жаҳон миқёсидаги ва миллий даражадаги сиёсий мунозараларнинг асосий мавзуси глобал пандемия инқирозининг дунё давлатлари сиёсатига таъсири бўлиб қолмоқда. Кўплаб экспертлар мамлакатларнинг инқирозгача бўлган ривожланиш суръатлари ва давлатлараро муносабатларнинг аввалги даражасини қайта тиклаш ва уларни сақлаб қолиш учун ресурслари ва имкониятлари йўқлиги ҳақида фикр билдирмоқда. Сиз шундай нуқтаи назар ҳақида нима дея оласиз?

— Коронавирус инфекцияси пандемияси кенг миқёсли ва, кўриниб тургандек, узоқ муддатли таъсир кучига эга, бир кеча-кундузда тугамайдиган глобал ҳодиса сифатида аллақачон замонавий дунё жараёнларининг барча соҳалари - сиёсат, иқтисодиёт, маданият, экология, инсон тараққиётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш инқирози шу пайтгача мавжуд бўлган иқтисодий муаммолар, ижтимоий ва гендер тенгсизлигини янада кучайтирди, қатор минтақалар бугун дуч келаётган табиий офатларнинг салбий таъсирини оширди. Шунингдек, у давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқаро фаолиятнинг устувор йўналишларини ўзгартиришга ёки тузатишлар киритишга мажбур қилди. Бундай шароитда инсониятнинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда.

Шу сабабли, атрофимиздаги тез ўзгараётган дунё ҳақида гапирганда, унинг нафақат “пандемик ўлчови”, балки ўзаро боғлиқ бўлган янги ҳодисаларнинг бутун бир жамланмасини назарда тутиш керак. Улар турли мамлакатларнинг ички ҳаётини, халқаро сиёсат, дунё иқтисодиёти, жаҳон хўжалик муносабатларини, шунингдек глобал ахборот, технологик ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни қамраб олмоқда. Умуман олганда, сўз шаклланаётган сифат жиҳатидан янги халқаро муносабатлар тизими, эҳтимол тубдан ўзгарган янги дунё тартиби ҳақида кетмоқда.

Ушбу муносабатлар нафақат сиёсий, иқтисодий асосларни, балки, эътибор қаратмоқчиманки, замонавий дунё тартиби қадриятларини жиддий қайта кўриб чиқиш жараёнида шаклланмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, буни, масалан, айрим давлатларнинг миллий эгоцентризм, деб аталмиш хусусиятлари кучайишида, кўплаб ҳукуматларнинг, авваломбор, ўз мамлакатлари ёки ҳатто уларнинг алоҳида сиёсий доираларининг манфаатларини таъминлашга интилишида кўриш мумкин. Шундай ҳам ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ривожланиш босқичи жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қиладиган давлатларнинг тенгсизлиги тобора кучаймоқда. Айрим давлатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашиб, ахборот, технологик, санкциявий урушларнинг янада кескин босқичларига айланиб бормоқда. Биз дунёнинг турли минтақаларида зўравонлик ва ҳарбий инқирознинг авж олишига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Афсуски, буларнинг барчаси дунёнинг етакчи давлатлари муносабатларидаги тизимли кескинликлар муҳитида содир бўлмоқда. Бирон бир давлатни четлаб ўтмаган пандемия шароитида ушбу кескинлик умумжаҳон муаммоларига ечим топишга, жумладан камбағаллик, қашшоқлик ва очлик, хавфли касалликлар ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Covid-19нинг чегара ёпилиши, карантин зоналари белгиланиши, таъминотнинг узилиши ва бошқа кўринишдаги тўғридан-тўғри таъсири билан бир қаторда турли хил глобал “ўйинчи”лар ўртасидаги халқаро сиёсий номутаносибликлар дунё миқёсидаги ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш занжирларининг бузилиши, эркин савдога зарар етиши, инвестициялар оқими ва иқтисодий алоқаларнинг сусайишига олиб келмоқда.

Кўриниб турибдики, халқаро майдондаги “ўйин қоидалари” янада қатьийлашиши мумкин. Биз давлатлараро муносабатлардаги сиёсий эгоизм ортда қолиб, дунёнинг барча етакчилари томонидан пандемияга қарши курашиш ва бошқа умумий муаммоларни ҳал қилиш жараёни саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни талаб қилаётганини англанишига умид қиламиз.

Шу маънода Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи ва БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро шериклар олдидаги мажбуриятлари акс этиши керак.

Президентимиз сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг юзага келаётган масалаларини ўз вақтида ҳал қилиш ва пандемияни бартараф этишда тизимли алоқаларни амалга ошириш учун хорижий мамлакатлар, дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари билан мунтазам алоқаларни йўлга қўйганини таъкидлашни истардим.

Ушбу янги шароитларда Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари халқаро майдонда рўй бераётган ўзгаришларнинг моҳиятини чуқур англаши ва уларни ўз фаолиятида ҳисобга олиши керак, деб ҳисоблайман.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати фақат дунёдаги воқеаларга муносабат билдириш билан чегараланишдан ёки халқаро муносабатлар оқимида ҳаракатланишдан иборат бўлиши керак эмас. Ташқи сиёсат пухта ўйланган, амалий, фаол ва ташаббускор мазмун касб этиши зарур.

Шу муносабат билан, айниқса, ахборот-таҳлилий ва прогнозлаш ишларининг амалий аҳамияти ортиб бормоқда. Бу йўналишда зарур чоралар кўрилмоқда, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳасидаги инқирозли ҳодисаларга қарши курашишдаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда ва дунёдаги эпидемиологик вазият доимий равишда таҳлил қилинмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги бошқа идоралар билан биргаликда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг муҳим муаммоларини ўрганмоқда, замонавий шароитларда шериклар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, миллий экспортни қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасини тиклаш ва бошқа долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.

— Батафсил жавобингиз учун раҳмат. Айтингчи, пандемия ташқи сиёсат идораси фаолиятининг ташкилий жиҳатларига қандай таъсир ўтказди?

— Дарҳақиқат, пандемия мамлакатлар ҳаётининг барча жабҳаларига ўз таъсирини ўтказди, давлат органлари, шу жумладан ташқи ишлар маҳкамалари фаолиятини ташкил этишни жиддий равишда ўзгартирди. Табиийки, биз ҳам ўз ишимизни кўп жиҳатдан, авваламбор, сиёсий ва дипломатик алоқалар, давлатлараро ҳамкорлик ва сиёсий маслаҳатлашувларни амалга оширишнинг янги механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда қайта қуришимизга тўғри келди.

Айтиш мумкинки, пандемия бизга маълум бўлган салбий оқибатлари билан бир қаторда инсониятни алоқаларнинг янги шаклларини излаб топишга ундади, рақамлаштириш жараёнлари ва янги технологик асрга яқинлашишни тезлаштирди. Ҳеч бир давлат бу жараёндан четда қола олмайди. Ўзбекистон ҳам тўлақонли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи сиёсатдаги устувор вазифаларни бажаришда замонавий технологиялар имкониятларидан фаол фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев замонамизнинг янги талабларига риоя қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратмоқда: “Ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”.

Акс ҳолда иқтисодиётимизнинг узлуксиз ривожланишини, шу жумладан, жамиятнинг барқарор ҳаёти учун энг муҳим шартлардан бири бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ўз фаолиятини янги шароитларга мослаштириб, турли даражадаги халқаро учрашувлар ва музокаралар, иқтисодий тадбирларни ўтказишда, консуллик хизматлари кўрсатишда, шунингдек, халқ дипломатиясини кенгайтиришда электрон алоқа воситаларидан самарали фойдаланмоқда. Бошқача қилиб айтганда, халқаро сиёсатда рақамли дипломатияни ривожлантиришнинг глобал тенденцияларидан ортда қолмасликка ҳаракат қилаяпмиз.

— Бу аввалги йилларда бўлгани каби жорий йилда ҳам халқаро тадбирлар фаол ўтказилаётганини англатади. Бироқ, шунга қарамасдан, белгиланган баъзи режалар дунёдаги оғир эпидемиологик вазият туфайли бажарилмай қолаяпти, дейиш мумкинми?

— Мен яқинда оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон ташқи сиёсатининг долзарб масалалари ҳақида батафсил сўзлаб берган эдим. Фикрларимни такрорламаган ҳолда пандемия шароити билан боғлиқ баъзи масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман. Бевосита юзма-юз учрашувлар сони, албатта, камайди, баъзиларининг муддатини эса кейинроққа қолдиришга тўғри келди. Гап, эътибор беринг, бу тадбирларни бекор қилиш эмас, балки кейинги муддатларга кўчириш ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга шерикларимиз билан ташқи сиёсий мулоқот сусайгани йўқ, аксинча у жадал давом эттирилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида режалаштирилган кўплаб тадбирларни бекор қилмасдан, уларни эпидемиологик хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда бевосита ҳамда видеоконференция шаклида муваффақиятли ўтказдик. МДҲ доирасида ва Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан икки томонлама даражада 200 дан ортиқ тадбир ташкил этилди. Улар орасидан турли тузилмаларнинг қуйидаги йиғилишларини эслаш мумкин: МДҲ Иқтисодий кенгаши - улардан бири (13 март) Москвада бевосита шаклда, иккитаси (30 июнь ва 15 сентябрь) видеоалоқа воситасида; Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (12 май), Ҳукумат раҳбарлари кенгаши (29 май); Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича кенгаш (30 июль), Бизнес ташаббуслари ҳафталиги (9-15 сентябрь), МДҲ Иқтисодий форуми (9 сентябрь); Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши (10 сентябрь) ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 24 июнь куни Буюк ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали маросимда қатнашиш учун Москвага ташриф буюрди. 12 октябрь куни Бухорода Россия Федерацияси билан ҳукуматлараро комиссиянинг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, ишлаб чиқариш, энергетика ва соғлиқни сақлашнинг турли секторларида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, миграцияга оид ва мамлакатларимиз учун муҳим бўлган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари ва Давлат раҳбарлари кенгашларининг йиғилишлари, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари қўшма комиссиясининг иккинчи йиғилиши, Ҳамдўстлик давлатлари Президентларининг норасмий саммити ва бошқа муҳим тадбирлар кун тартибида турибди.

Яқинда Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Учинчи йиғилиши виртуал учрашув шаклида бўлиб ўтди.

Бошқа устувор йўналишларда ҳам ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқалар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йил 27 май куни ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “Ўзбекистон-АИР-АҚШ” уч томонлама учрашуви ҳамда қўшни Афғонистонда иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва барқарорликни тиклаш бўйича шу форматдаги қатор амалий учрашувлар ташкил этилди. 30 июнь куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ вазирлари учрашуви (C5+1), Америка делегациялари билан иқтисодий ташрифлар ва икки томонлама даражадаги музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон жорий йил бошқа кўп томонлама минтақавий форумларда фаол иштирок этди. Уларнинг бош мавзусини Covid-19га қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш масалалари ташкил қилди. Мен “Бир макон, бир йўл”, "Марказий Осиё-Хитой" видеоконференциялари, “Япония+Марказий Осиё” мулоқотини назарда тутаяпман.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги олий даражадаги алоқалар натижасида ташкил этилган Икки томонлама лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Покистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Товарларни транзит қилиш бўйича тўрт томонлама (Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Покистон) келишувга қўшилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Биз Европа мамлакатлари билан анъанавий шерикларимиз билан муносабатлардаги сингари ижобий динамикани сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Эпидемиологик инқироз Европа Иттифоқи билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш мақсадида юқори даражадаги мулоқотни изчил фаоллаштиришга тўсқинлик қилолмади. Ўтган йили бошланган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим тузиш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда. Бугун уларнинг 7-турига тайёргарлик кўрилмоқда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Европа Иттифоқининг “GSP+” - “Преференциялар бош тизими”нинг манфаатдор давлати мақомини олиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.

Covid-19нинг жаҳон, шу жумладан Европа иқтисодиётига салбий таъсири шароитида Европадаги шерикларимиз пандемия оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонга 30 миллион евродан ортиқ маблағ ажратди. Норвегия, Финляндия ва Европа Иттифоқи Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондига молиявий ёрдам кўрсатди.

Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари билан ўзаро муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсий ҳамкорлигининг изчил ривожланаётган йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Кўплаб долзарб халқаро масалалар, авваламбор, мусулмон дунёси давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, маърифий ислом ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш нуқтаи назаридан бизнинг ёндашувларимиз жуда яқин.

Яқин Шарқ давлатлари раҳбарияти билан олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқалар ўрнатилган, сиёсий маслаҳатлашувлар амалга оширилмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашишда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ифодаси сифатида ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари, кислород контцентраторлари, ПЗР-лабораториялар ва бошқа тиббий асбоб-ускуналардан иборат бўлган инсонпарварлик ёрдами кўрсатди.

Жорий йил 13 октябрь куни Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани узоқни кўзланган режаларимиз глобал инқирозга қарамасдан амалга оширилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси сайловда халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди ва Осиё минтақаси номзодлари орасида энг кўп овоз олди. Бу муваффақиятга эришишда мамлакатимиз раҳбариятининг демократик ва бозор ислоҳотларини давом эттириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳисса қўшишга содиқлиги асос бўлди.

— Маълумки, Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик идораларининг асосий вазифаларидан бири - бу Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий манфаатларини таъминлашга ёрдам беришдан иборат. Бугун ушбу йўналишдаги фаолият қандай аниқ мақсадларга қаратилган ва дунёдаги мавжуд қийин вазият унинг самарадорлигига қандай таъсир кўрсатди?

— Ўзбекистон иқтисодий дипломатияси изчил мустаҳкамланмоқда. Қизиғи шундаки, пандемия даври синовлари мазкур жараён самардорлигининг асосий сабабларидан бири бўлди. Covid-19 миллий компаниялар экспортини қўллаб-қувватлаш, инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга ундамоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, инқироздан тикланишга амалий ёрдам демакдир.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Маҳаллий корхоналар томонидан экспорт шартномалари тузиш, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича биргаликда ҳаракат қилинмоқда.

Карантин чекловлари сабабли чегаралар ёпилган ва транспорт алоқалари бузилган бир шароитда мамлакатимиз тадбиркорларига хорижга маҳсулот етказиш ёки чет элдан юк олиб келишда транспорт ва логистика масалаларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам берилмоқда. Янги транспорт коридорларини очиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида республикага замонавий ускуналар ва хорижлик мутахассисларни олиб келишга кўмак кўрсатилмоқда. Хусусан, бугунги кунгача иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган 3 минг 500 дан ортиқ чет эллик мутахассиснинг Ўзбекистонга олиб келиниши ташкил қилинди.

Мамлакатимизга сармоялар жалб қилиш, шу жумладан чет элда истиқомат қиладиган ватандошлар томонидан инвестициялар киритиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бугун 818 миллион долларлик 120 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Чет эл инвесторлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларда ишлаб, Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўша оладиган юртдошларимизнинг исмлари жамланган “Олтин дафтар” шакллантирилди.

Шу ўринда Ўзбекистон коронавирус эпидемияси халқаро кўламда тарқала бошланган дастлабки кунларданоқ барча асосий ташқи сиёсий шериклар билан ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бундай саъй-ҳаракатларсиз нафақат турли давлатлар ва шерик ташкилотлар билан кўп қиррали алоқалар, балки оддий инсонлар, фуқароларимиз тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал этиб бўлмаслигини қайд этмоқчиман. Хорижда бўлиб турган юртдошларимизнинг кўпчилиги эпидемия муносабати билан жорий қилинган чекловлар натижасида қийин шароитга тушиб қолди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, республиканинг бошқа вазирлик ва идоралари ҳамда хорижий шериклар томонидан 300 мингдан ортиқ юртдошимизни Ватанга қайтариш бўйича пухта мувофиқлаштирилган ишлар ташкил этилди. Ўзбекистоннинг чет мамлакатларда вақтинча бўлиб турган кўплаб фуқароларига элчихоналар ва консуллик идоралари орқали молиявий маблағлар тақдим қилиш, яшаш жойи ва озиқ-овқат билан таъминлаш шаклидаги беғараз ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, 15 мингдан ортиқ чет эл фуқаросига Ўзбекистондан ўз юртига қайтишига кўмак берилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши самарали курашиш ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Германия, Жанубий Корея, Туркия, Хитой ва Россиянинг етакчи тиббиёт мутахассислари жалб қилинди. Улар республикамизнинг турли минтақаларида фаолият юритди.

Пандемия оқибатларига қарши курашиш жараёнида АҚШ ҳукумати ва Америка инсонпарварлик ташкилотлари ва компанияларининг гуманитар ёрдами жалб қилинди. Бундан ташқари, америкалик шериклар Сирдарё вилоятида рўй берган фавқулодда ҳодисадан зарар кўрган аҳоли, “Соғлом авлод учун” жамғармасига ёрдам кўрсатди.

— Ўзбекистон олиб бораётган фаол минтақавий сиёсат дунё ҳамжамиятининг катта диққат-эътиборини жалб қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати яратилди ва иккита саммит бўлиб ўтди. Улардан бири 2019 йил Тошкентда ташкил этилди. Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувга тайёргарлик қандай кечмоқда?

— Ўзаро келишувга биноан, Марказий Осиё давлатларининг Маслаҳат учрашувлари минтақа давлатлари раҳбарларининг шахсий иштирокида ўтказилиши керак. Президентларнинг шахсий учрашувлари саммитлар самарадорлигининг муҳим омили ҳисобланади. Олий даражадаги мазкур учрашувлар давомида Марказий Осиё мамлакатларининг долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлигининг барча қирралари кўриб чиқилмоқда.

Афсуски, коронавирус билан боғлиқ вазият ва пандемияни бартараф этиш билан боғлиқ сананинг ноаниқлиги сабаб жорий йил охиригача учинчи Маслаҳат учрашувини ўтказиш учун имконият бўлмаслиги кўзга ташланиб қолди.

Лекин бу ҳолат қўшни давлатлар режалаштирилган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида “секинлашди” деганини англатмайди. Марказий Осиёнинг барча беш давлати учун кўп томонлама ҳамкорлик савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестиция оқимларини жалб қилиш, минтақа мамлакатларининг глобал таъминот занжирларига фаол қўшилиши учун янги имконият ва имтиёзларни шакллантириш омили сифатида устувор аҳамиятга эга. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари аввалги учрашувларида минтақавий савдони ривожлантириш, энергетика соҳасидаги салоҳиятни ошириш, истиқболли транспорт коридорларини шакллантириш ва ўзаро манфаатли бўлган бошқа масалаларни ҳал қилишда биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришган. Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш минтақамизнинг барқарор ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлашнинг калити бўлиб қолмоқда ва бунда қўшни давлатлар Президентларининг қарашлари бир-бирига тўлиқ мос келади, деб таъкидлаш мумкин.

Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарларининг Қирғиз Республикасидаги воқеалар юзасидан қўшма баёноти ушбу масалалардаги якдилликка ёрқин мисол бўлди. Унда “Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омили” экани яна бир бор таъкидланди. Минтақа давлатлари раҳбарлари, шунингдек, “Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, биз Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз”, деб қайд этдилар.

Шу муносабат билан, Туркманистон умумминтақавий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, келгуси йил минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини меҳмондўст туркман заминида ўтказишни таклиф қилмоқда. Саммит дастурига қатор муҳим иқтисодий ва маданий тадбирларни киритиш ҳам таклиф қилинди.

Биз, Маслаҳат кенгашининг ҳамраиси сифатида Туркманистоннинг ушбу таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва навбатдаги Марказий Осиё Маслаҳат учрашувини кенг ва сермазмун дастур асосида ўтказилишига умид қиламиз. Туркманистондаги саммитдан сўнг қирғиз дўстларимизнинг Маслаҳат учрашувини Бишкекда ташкил этиш бўйича таклифига яна қайтишимиз мумкин.

ТИВ ташқи сиёсий фаолиятни халқаро вазиятга мослаштирибгина қолмасдан, уни мунтазам такомиллаштираётганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Зеро ҳар қандай инқироз, жумладан инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган пандемия инқирози оддий шароитларда сезилмайдиган муаммоларни очиб беради. Ушбу таҳдидларга муносиб жавоб бериш учун ўз ишимизни доимий равишда такомиллаштириб боришимиз керак.

Шу муносабат билан иккита асосий хулоса чиқариш мумкин.

Биринчидан, ташқи сиёсат идораси фаолиятига танқидий баҳо бериш, янги захираларни излаб топиш учун барча кучларни сафарбар этиш зарур.

Иккинчидан, Covid-19 деб аталмиш ўта хавфли ҳодисага қарши муносиб курашиш учун қатъий сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик шароитда ишлашни ўрганиш керак.

Суҳбатимизни пессимистик руҳда якунлашга асос йўқ. Бугунги кунда технологик тараққиёт ва илмий, шу жумладан тиббиёт соҳасидаги билимлар жуда тез ва жадал ривожланмоқда. Айнан тиббиёт юқори интеллектуал тармоқлардан бири ҳисобланади. Пандемияга қарши курашишга энг илғор интеллектуал кучлар сафарбар қилинган, етакчи илмий-тадқиқот марказлари изчил фаолият юритмоқда ва дунёнинг турли минтақаларида салмоқли ресурслар ажратилган. Яқин келажакда ушбу муаммога муносиб жавоб топилиши ва инсониятни ана шундай қийин синовлардан ишончли ҳимоя қилиш мумкин бўлишига умид қиламиз.

— Ҳурматли Абдулазиз Ҳафизович, қизиқарли ва сермазмун суҳбатингиз учун катта раҳмат.

Салим Дониёров ёзиб олди.
/ «Дунё» ИА /.