Акс-садо: Боболар жасорати, матонат мадҳияси абадий
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Халқимиз бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ўзгача нишонлади. Эл бошига иш тушган бугунги кунлар фонида айтиш мумкинки, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар юртдошларимизни тарихга янгича нигоҳ билан қарашга ундади. Аввало, давлатимиз раҳбарининг ушбу тадбирдаги чиқишида икки муҳим жиҳат эътиборимизни тортди.
Биринчиси, ўзбекистонликларнинг бу маъшум урушда иштироки билан боғлиқ рақамларга аниқликлар киритилди. Яъни, шу пайтгача урушда Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб қайд этиларди. Президентимиз топшириғига кўра олиб борилган ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, аслида Иккинчи жаҳон урушида 1 миллион 951 мингга яқин ватандошимиз қатнашган экан. Ваҳоланки, ўша пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган. Демак ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси урушда қатнашган ва бу рақамлар фашизм устидан устидан қозонилган ғалабада ота-боболаримизнинг ҳиссаси катта эканини кўрсатади.
Рақамларга мурожаат этишда давом этамиз, ўша даврда “қулоқ” сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳам ҳаракатдаги армияга сафарбар этилган, илгари 396 минг Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтилган, ўрганишларда эса 538 мингдан зиёд юртдошимиз даҳшатли қирғинбаротлардан омон чиқмагани, 158 мингдан кўпроқ ватандошимиз бедарак кетгани аниқланди. 120 минг ҳамюртимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган, деб келинарди, аслида 200 мингдан зиёд юртдошимиз жасорати муносиб тақдирланган экан. Шу пайтгача қайд этилганидек, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари 280 эмас, 301 нафар бўлиб чиқди. Бу рақамлар таҳлили одамни ўйлантириб қўяди: совет тузуми тарғиботчилари урушда қозонилган ғалабада бошқа миллат вакилларининг ҳиссасини атайин кам кўрсатишганмикан?..
Иккинчи эътиборимизни тортган жиҳат шуки, бугунга қадар юртимизда Иккинчи жаҳон урушига атаб ягона мажмуа яратилмаган. Жорий йил 9 май куни пойтахтимизда ўзига хос мажмуа очилди. Энди юртдошларимиз Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументларини томоша қилиши мумкин. Ҳаммамизга яхши маълумки, мамлакатимизда оналарга атаб Мотамсаро она ва Бахтиёр она ҳайкаллари бунёд этилган. Бу ҳайкаллар ўзида ўзбек оналарининг умумий қиёфасини акс эттирган бўлса-да, тарихий шахс тимсолига эга эмас эди. Ғалаба боғида ўрнатилган “Матонат мадҳияси” монументида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаб ўтган Зулфия Зокирова ва унинг муҳаббатда вафоли, садоқатли келинлари тимсоли маҳорат билан акс эттирилди. Зулфия ая ва унинг урушга кетиб қайтмаган беш ўғли ҳамда тўрт келини ҳаётига атаб ишланган қаҳрамонлик қасидаси – “Илҳақ” бадиий фильмининг байрам куни намойиш этилиши ҳам юртдошларимиз учун ажойиб совға бўлди.
Президентимиз ўз нутқида уруш қатнашчиларининг қаҳрамонликлари ҳали тўлиқ очилмаганини, бу борадаги изланишлар давом эттирилишини, янги маълумотлар билан Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” музейи доимий равишда бойитиб борилишини, янги тарихий маълумотлар асосида ҳар йили 9 май байрами арафасида алоҳида китоб тайёрлаб, нашр этиш зарурлигини тарихчи олимларимиз, тадқиқотчилар олдига вазифа қилиб қўйди. Энди гап тарихчи олимларимиз, тарихий ҳақиқатни тиклашга интилувчи изланувчиларда қолди.
Албатта, тарих холис, бор бўй-басти билан ёзилиши керак. Шундагина тарихий адолат барқарор бўлади.
Абдуғани АБДУРАҲМОНОВ,
“Хабар” газетаси бош муҳаррири.
ЎзА