Болалар омбудсмани вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишларида прокуратурага протест билдириши мумкин
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Сўнгги пайтларда болалар ва вояга етмаганларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир бўлаётгани ҳақида кўп эшитиб қоляпмиз. Бу эса болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида дастлаб бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Ушбу қонун лойиҳаси билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари кўзда тутилмоқда, — деди қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев. — Болалар омбудсманини сайлаш тартиби жорий этиляпти. Яъни, Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан депутат ва сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан 5 йил муддатга сайланади. Ушбу лавозимга номзод Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.
Бундан ташқари, Болалар омбудсмани маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши, боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиши, вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиши, ҳукм билан танишиб, вояга етмаган шахс манфаатларини кўзлаб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг иштирокини кенгайтиради. Унинг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги кучаяди. Боланинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини миллий қонунчиликка имплементация қилишга кўмаклашади, — деди маърузачи.
Муҳокамалар давомида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг аҳамияти борасида фикр-мулоҳазаларини билдириб, айрим таклифларни ўртага ташлади.
— Қонунчилик палатамизда вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда Болалар омбудсманидан ҳам хулоса олиш вақти келмадими? — дея савол берди депутат Мухтабар Ҳусанова.
— Одатда инсон ҳуқуқларига оид қонун лойиҳалари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг хулосаси олинади. Ушбу лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ушбу таклифни ҳам ўйлаб кўрамиз. — деди Ш.Бафаев.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси бўйича ўринли савол ва таклифларни ўртага ташлаб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида янада такомиллаштиришга келишиб олдилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.
ЎзА