Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Брест қалъасидан мактуб​

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Брест қалъасидан мактуб​

Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан

Урушнинг биринчи тонги Брест қалъасида отди. Беларуснинг жанубий-ғарбида жойлашган шаҳарга фашистлар ҳарбийларнинг марш кийимида кириб борамиз, Парижни, Варшавани сўзсиз тиз чўктирган енгилмас армиямиз учун Брест нима бўлибди, шаҳардан ўтиб Минск, Браянск, сўнггра саноқли кунда Москвага дабдаба билан кириб борамиз, деб ўйлашувди.

Йўқ, ундай бўлмади. Брест қалъаси остонасида фашистлар қаттиқ зарбага учради. Бир соат, икки соат, нари борса, 1-2 кунда босиб олиб ўтиб кетишни ўйлаган хом хаёл Гитлер уруш тарихида мисли кўрилмаган қаршиликка учради. Брест қалъасини ўттиздан ортиқ миллат вакиллари ҳимоя қилишди. Уларнинг аксарияти 18-21 ёшдаги ўғлонлар эди. Ёш эди бари. Турли ўлкалардан ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар кутилмаган ҳамладан, азон пайти эсанкираб қолишади. Аксарияти тонгги уйқуда бўлган жангчилар қўлига илинган нарса –кимдир белкурак, кимдир ғишт парчаси, кимдир қуролини олиб, кийиниб улгурмай ташқарига жангга отилишади. Қалъадаги барча казармалар саросимага тушиб қолишганди. Уруш бошланганини англаган жангчилар қатъий ҳимояга ўтишади.

Урушнинг биринчи куни фашистлар 30 дақиқа ичида 500 та бомба ташлайди. Шу билан тугади, таслим бўлишади, деб ўйлашади. Қаршилик давом этади. Сўнгра улар ўша пайтда ХХ асрнинг энг даҳшатли қуроли “Карл”ни ишга солишади. Ҳар бир снаряди 2 тонна келадиган бу ракета қурилмаси Брест қалъаси ҳудудини остун-устун қилиб ташлайди. Снаряд келиб тушган ерда энига 4-5 метр, бўйига 12-15 метр чуқурликдаги ҳовузлар пайдо бўлади. Бироқ қаршилик давом этади. Шундан сўнг қутурган фашистлар 22 июндан 30 июнга қадар саккиз кун ичида Брест қалъаси устидан 1150 тонна бомба ташлашади. Бу икки ярим эшалон ажал уруғи эди.

Беларусь чегара нуқталари ва айнан Брест қалъаси ҳимоясида жуда кўп ўзбеклар қурбон бўлган. Уларнинг кўпчилиги “бедарак йўқолган”. Ўша пайтда немис-фашистларининг "Карл" ракета қурилмаси снарядларидан ҳосил бўлган ўраларга ҳалок бўлганлар ёппасига кўмиб юборилган. Тирик қолган ёхуд маҳаллий аҳоли ичида шу воқеаларга гувоҳ кишиларнинг хотираларига асослансак, кўмилган аскарларнинг деярли барчасининг бўйнида махсус темир медальон бўм-бўш бўлган. Бу медальонга исм-фамилияси, қисми, яшаш жойи ва ҳоказо маълумотлар ёзиб қўйилиши шарт бўлган. Чунки аскар ҳалок бўлса, ёниб кетса ёки портлаш ичида йўқ бўлиб кетса шу медальон орқали билиб олишган. Бироқ Брест қалъасидаги аскарлар ҳарбий қатъият нуқтаи назаридан топшириқ берилган бўлса-да, медальонга ўз исм-фамилияси, миллати, туғилган ери ва ҳоказоларни ёзишмаган. Очиғи, ирим қилишган. Яхши ният – ярим давлат деган ақида билан яшаган ўзбек эса, табиийки, бундай медальонни тақиб юрмаган. Бундан ташқари, уруш бошланиб қолишини ҳеч ким билмаган, ишонмаган. (Камина ҳам Афғонистонда ўша медальонни кўксимга осмас эдим. Доимо казармага ташлаб келардим. Ўлимни чақиради, деб ўйлардим). Хуллас, кейинчалик, урушдан сўнг ўша ўралар очиб кўрилганда, 70-100 нафарлаб жангчилар суяклари топилса-да, улардан 10-12 тагина медальон борлиги аниқланган, ўша медальонларнинг аксарияти бўм-бўш бўлган, ҳеч нарса ёзилмаган.

Ўзбек жангчилари, қаҳрамон боболаримиз ҳақида ҳам айрим хотиралар борки, эшитиб кўзингизга тирқираб ёш келади. Мана шулардан бири, бу қалъа ҳимоячиси қурол-яроғ таъминоти взводи старшинаси Александр Иванович Дурасов (1913-1980 йил)нинг хотираси:

“Ярим кечаси ёнимда кимнингдир секин хириллаган овозини эшитдим, қарасам, ҳарбий фельдшер. У санитарга гапираётган экан. Уларнинг суҳбати сув ҳақида эди. Ярадорлар, оғир аҳволда иситмаси ошиб ётган, ҳаётининг оғир ва сўнгги лаҳзаларини бошидан кечираётган жангчилар учун сув керак эди. Сувга борганлар қайтиб келишмасди, бари душман ўқига учраётганди. Ҳозиргина сувга жўнаган икки аскарни ярим йўлда отиб ўлдиришди. Санитар сувга боришга рози бўлди. Индамасдан идишларни олиб сувга жўнади. Бу баланд бўйли, озғин жангчи ўзбек эди. Биз уни умид кўзларимиз билан кузатиб қолдик. Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, у иккала идишни ҳам сувга тўлдириб, қайтиб келди. Сувни ҳаммамизга оз-оздан тарқатиб берди. Бу дунёдаги энг бахтли ва омадли одам эди. Ўша тунда 6 маротаба сувга борди ва тирик қолди…”.

Старшина Дурасовнинг бу ёзганлари, бу маълумот Брест қалъаси музейи фидойи изланувчилари томонидан яқинда топилди. Архивга олинди. Албатта, шу қисқагина хотира матни замирида ўша пайтда, яъни тўрт томондан жипс қуршовда турган қалъа ичида сувсизликдан эсанкираб, ақлдан озаётган инсонларни қутқариш, бир кунгина бўлса ҳам ҳаётдан умидларини узмасликка рағбат уйғотиш учун кўра-била туриб фашист қуролига кўксини тутиб сувга чиққан қаҳрамон, бутун инсоният ҳавас қилса арзийдиган қаҳрамон менинг ўзбегим, баланд бўй, озғин, қора кўз, қора қош ўзбегим эканлигини эшитиб, кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетади. Менга ҳамроҳлик қилган Беларусдаги элчихонамиз маслаҳатчиси Дониёр ака Обидовнинг ҳам нигоҳида ёш ғилтиллайди. Қарасам, Қаҳрамон Брест қалъаси комплекс музейи директори Григорий Григорьевич Бисюк, шу хотирани ўқиб берган музей илмий ходимаси Елена Владимировна Харичкованинг ҳам кўзлари қизарган.

– Афсус, санитар ўзбекнинг исм-фамилиясини Дурасов ёзиб қолдирмаган, – дейди Елена Владимировна.

– Энг муҳими, у ўзбек, Сизнинг бобонгиз, – дейди музей раҳбари Григорий Григорьевич.

Шугина хабар. Шу эътироф кўнглимни тоғ каби кўтаради. Мен бу ерга беҳуда келмаган эканман. Кўпгина боболарим жасорати ҳақида ҳали ошкор этилмаган маълумотларни эшитдим. Энг муҳими, Григорий Григорьевич айтганидай, улар бизнинг боболаримиз, сизнинг, менинг, ҳаммамизнинг бобомиз, ўзбек бобомиз! Шундай эмасми?! Уларни исм-шарифи, Ўзбекистоннинг қаерида туғилганидан қатъий назар, менинг бобом, ўзимнинг ўзбек бобом, деб биламан ва ишонаман, Сиз ҳам, барча ўзбеклар шундай ўйлайсиз, менинг ўрнимда бўлганингизда, Сизнинг ҳам қалбингизда шундай ҳислар тўлқин урарди.

UzA