Брюсселда "Ўзбекистон – 2030" тараққиёт стратегияси тақдим этилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон "Тараққиёт стратегияси" маркази делегациясининг Бельгияга ташрифи доирасида бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Европа Осиё тадқиқотлари институтида "Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси – 2030 ва Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий алоқалар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик масалалари билан шуғулланувчи эксперт-таҳлил доиралари, Европа парламенти ва Европа комиссияси вакиллари иштирок этди.
давра суҳбати давомида европалик ҳамкорларга "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда сўзга чиққан "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва марказ бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов тадбир иштирокчиларини мамлакатимизни келгуси йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясининг асосий жиҳатлари, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари билан таништирди.
Стратегия йиғилган ва халқаро тажрибалари, жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бешта устувор йўналиш бўйича 100 дан ортиқ муҳим мақсадларни ўз ичига олгани таъкидланди. Унда Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиш орқали ўртача даромаддан юқори бўлган давлатлар қаторига кириши, халқ эҳтиёжлари ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларини яратиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни шакллантириш, адолатли ва замонавий давлат барпо этиш, мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш каби миллий тараққиётнинг асосий ғоялари ўз ифодасини топган.
Маърузаларда Ўзбекистон томонидан Европа бозорларига чиқиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, янги транспорт ва транзит йўналишларини кенгайтириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, минтақада иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва йирик инфратузилма лойиҳалари, жумладан, янги транспорт йўлаклари – Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон темир йўли, Транскаспий йўлаги лойиҳасини амалга оширишда қатнашиш каби ташаббусларга катта қизиқиш билдиришди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, ушбу соҳада фаол тажриба ва мутахассислар алмашиш учун янги имкониятлар очаётган фан ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар европалик экспертларнинг алоҳида эътиборини тортди.
Тадбир якунида Европа комиссияси вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўғрисидаги ахборотни ЕИга аъзо давлатларнинг илмий, таҳлилий ва сиёсий доиралари орасида кенгроқ тарқатиш зарурлигини таъкидладилар.
БРЮССЕЛЬ, 26 сентябрь. /«Дунё» АА/.