Бунёдкорликдан тафаккур ўзгариши сари
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Тошкентни яхши биладиган одамлар, албатта, «Ўқчи», «Эгарчи», «Олмазор» маҳаллалари ҳақида яхши тасаввурга эга.
Ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида – «қайта қуриш» даврлари ва мустақилликнинг бошларида замон шарофати билан юзага чиққан кооператив ширкатлар ва майда савдогарларга «ошкоралик туҳфаси» сифатида берилган имконият ўлароқ шаклланган ўзига хос чайқов бозори айнан шу маҳаллалар ҳудудига туташ катта жарликнинг бир биқини – Навоий кўчаси ва Хадра майдонига яқин жойда қўним топганди.
Аввалига Тошкентдаги олий ўқув юртларида таҳсил оладиган хорижлик талабалар ва четдан маиший моллар олиб келиб, икки бараварига пуллайдиган ўзимизнинг «учар»лар танда қурган айни бозор, очиғи, ўзимизга ҳам жуда файзли ва ҳароратли кўринарди. Чунки бу ер узоқ йиллар ёпиқ бўлган жамият учун глобал дунё, айниқса, Ғарб маданияти ва саноати имкониятлари ҳамда ютуқларини намойиш этарди гўё.
Озодликка эришганимиздан кейин ҳам ўн йиллар бу ер «тижорат қатори» нисбати билан тилларда айланиб юрди. Сўнгра пойтахт марказидаги айни «чандиқ» кимларнидир безовта қилди шекилли, бу ерда турнақатор қилиб тураржой бинолари қад ростлади. Аммо худди «инкубатор»дан чиққандай бир хил тусдаги бу иншоотлар орти қандай бўлса, шундай ташландиқ жарлик «мақоми»да қолаверди. (Очиғи, ўша қурилган уйлардан мақсад аслида хунук манзарани кўздан пана қилиш бўлганини бугун кўпчилик яхши билади). Энг ёмони, бу жой шаҳардаги бузиш-қуриш ва бошқа саноат қўқимлари, маиший чиқиндилар ташланадиган улкан ҳандаққа айланиб қолди. Тасаввур қилинг, мамлакат пойтахтининг қоқ марказида улкан чиқиндихона...
Тўғриси, Бошкентнинг юраги, Янги Ўзбекистонимизнинг том маънода замонавий рамзига айланиб бораётган Tashkent City ўрни бундан атиги 6-7 йил илгари шундай, кўрганда кўзингга чўпдай қадаладиган, дилингни қоронғи қиладиган, халқона айтганда, гадой юрмас харобазор бўлганини ўз кўзи билан кўрмаган, билмаган одамга айтсанг, ишонмайди.
Мен бу гапларни бекорга айтаётганим йўқ. Кеча давлатимиз раҳбари пойтахтимизда амалга оширилаётган қурилишлар, жумладан, минтақамизда муқобили йўқ бўлган Tashkent City Mall савдо-кўнгилочар марказини кўздан кечирди.
У биз юқорида мухтасар ҳикоя қилган ҳудудда жойлашган.
Очиқ айтаман, мен Шавкат Мирзиёев билан жуда кўп сафарларда, учрашувларда бирга бўлганман. Аммо шу мажмуага келгандагидек кайфияти чоғ бўлганини, кўзлари қувончдан порлаганини кам кўрганман.
Менинг назаримда, иншоотнинг маҳобатию чиройидан эмас, кўпроқ бу ерга дам олиш, томоша қилиш ёки сайру саёҳат учун келган одамларнинг кайфиятидан, руҳиятидан Президентнинг қалби қувнаб кетди.
Одамларки, илгаригилардан юриш-туриши, кайфияти, айниқса, юз-кўзларидаги қувончу самимият билан хийла фарқланади. Болалар ва ёшларнинг қадам олиши ўта шахдам, атрофга, ҳаётга дадил боқади.
Бу кўтаринки умумкайфият Миллатимиз Лидери кўнглига ҳам кўчди. Шавкат Миромонович атрофдаги расмий кишиларнинг имо-ишорасига қарамай, халқ ичига кириб кетди. Оддий одамлар, ёшлар, айниқса, болалар билан дилдан суҳбат қилди, ҳамсуҳбатларининг кайфияти, дунёқараши билан қизиқди.
Манзара шундай эдики, Миллат Лидери ўз халқи орасида эди. Президентни фуқароларимиздаги дунёқараш, тафаккур тарзи ўзгараётгани хурсанд қилаётгандай эди, назаримда. Бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз. Ҳозир эса одамга мана шундай ширин туйғулар улашган воқеага асос бўлган савдо маркази ҳақида кўрган-билганимизни қисқача баён қиламиз. Зотан, давлат раҳбари ташриф буюрган экан, албатта, бунинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бирор қиймати бўлади.
Мажмуа кўп функцияли. У «Вақтаро саёҳат» номли 3 та ноёб атриумни ўзаро бирлаштирган бўлиб, ҳар қандай ташриф буюрувчининг кўнглида беихтиёр Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва анъаналари ҳақида ёрқин таассурот қолдиради. Ҳудуддаги яшил муҳит эса комплекснинг интерьерига уйқашиб, Tashkent City Park билан узвий боғланиб кетади.
Tashkent City Mall марказининг умумий майдони 250 минг квадрат метрдан иборат. Бу ерда замонавий тижорат ва хизмат турларини қамраб олган савдо дўконлари, ресторан ва кафелар, йирик кинотеатр ва спорт майдонлари жойлашган. Унинг ер остида эса 2500 та сиғимли 2 қаватли автотураргоҳ ҳам бор.
Айни вақтда бу ерда дунёнинг энг машҳур брендлари — «Zara», «Zara home», «Massimo Dutti», «Oysho», «Bershka», «Stradivarius», «Pull&Bear» ҳамда «Union Space» ретейлерининг «Adidas», «Reebok» ва «Nike» шохобчалари очилган. Шунингдек, мажмуада моно ва маҳаллий бренд дўконлари ҳам мавжуд.
Комплекснинг кўнгилочар қисмида эса экстремал аттракционлар, виртуал муҳит зонаси, тренажёр зали, функционал (комплекс равишдаги) машқлар учун ихтисослаштирилган зона, аквазоналар, гуруҳ машқлари ва пилатес учун студиялар, скалодром (қояга чиқиш машқлари учун махсус девор), фин саунаси ва криосауна, падел тенниси учун кортлар ҳамда болалар учун ўйин майдонлари ташкил этилган.
Айтиш жоизки, мажмуа бир кунда 60 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Қувонарлиси, унинг ишга туширилиши натижасида қарийб 3 минг киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу шунча оиланинг рўзғорига барака кирди, дегани. Хуллас, бу ерда халқимиз ва пойтахт меҳмонлари вақтини қизиқарли ўтказиши ҳамда мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган.
Яна бир маълумот: мажмуага ёндош ҳудудда Tashkent City Mallнинг бир қисми ҳисобланган беш юлдузли меҳмонхона ҳам бор.
31 қаватдан иборат ушбу меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 500 кишига хизмат кўрсатиш имконига эга. Унда юқори мартабали меҳмонлар учун барча шароитлар муҳайё қилиниб, 273 та стандарт хона ташкил этилиши режалаштирилган.
Меҳмонхонада, шунингдек, катта ва кичик конференция заллари, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, ресторан ва кафетерий хизмат кўрсатади. Бинода замон талабига мос «Ақлли уй» тизими ҳамда тезюрар лифтлар ўрнатилган.
Меҳмонхона май ойида ишга туширилади. Пировардида яна 500 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Кимдир ёзган эди: Мустафо Камол Отатурк халққа шляпа кийишни мажбурий қилганда, кийимни эмас, руҳиятни ўзгартиришни мақсад қилган эди. Ҳа, шахснинг шаклланишида психология муҳим роль ўйнайди. Буни фан исботлаган.
Отатурк Усмонли империясининг консерватив қадриятларини ўзига мерос қилиб олган замонавий Турк жамиятини шакллантиришда бу йўлдан моҳирлик билан фойдаланган. Аммо ҳозир гап Туркия ҳақида ҳам, унинг атоқли йўлбошчиси ҳақида ҳам эмас, гап ўзимиз ҳақимизда. Яъни миллатни илҳомлантирадиган, қалбини завқ-шавққа тўлдирадиган, совет ва ундан кейинги замонларнинг хира хотираларидан чароғон манзиллар сари етакловчи, келажакка илҳомлантирувчи амаллар ҳақида.
Ўз моҳият-эътибори билан айни бунёдкорлик ишлари худди Турк лидери Мустафо Камол тажрибасидек одамлар тафаккурини ўзгартиришга қаратилгани билан аҳамиятли, десам, тўғри гапни айтган бўламан.
Илгари ҳам ёзганман. Бизда мустабидликдан кейинги замонларда ҳам дунёқараш, айниқса, сиёсий зеҳният ўзгариши анча қийин кечди: давлат структуралари ва жамиятни ислоҳ қилишда евроцентрик ғоялар, ҳис-туйғулар устунлик қилди. Глобал дунё, айниқса, тараққийпарвар маданиятлардан қўрқув, замонавий тамаддунларга интеграция бўлишдан шубҳали хавотир бордек эди.
Бунданам тўғрироғи, Ғарб қадриятлари, айниқса, либерализми турли лаш-лушларга ўралашиб ва ўрнашиб олгач, палак ёйиб кетса, нима бўлади, деган жавоби мураккаб бўлган савол ҳам йўқ эмас эди. Эҳтимол, шу ҳадик боис Ғарб сари «юриш» ими-жимида тўхтади. Бу нафақат тизим ва жамиятдаги ислоҳотлар, ҳатто ижтимоий таъсирлардан хийла холи бўлган соҳалар, масалан, оддийгина меъморчилик ва шаҳарсозлик соҳасида ҳам кўзга ташланди.
Тошкентда чорак аср мобайнида, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида қурилган «Миллий банк» ва «Интерконтиненталь» меҳмонхонасини ўз ичига олган ансамбль ва унинг биқинидаги «Дисней Ленд» болалар кўнгилочар ўйингоҳидан бўлак, Ғарб анъаналари ва архитектурасини ўзида жамлаган, «озодлик илҳоми» (модернизм) қудратини ўзида акс эттирадиган бирор иншоот барпо этилмади. Ва айни омиллар маданият ва санъат, жумладан, миллий зеҳниятимиз, тафаккуримизнинг темир қобиқ ичида қолиб кетишида, академик тилда айтганда, колониал характер касб этишида асосий роль ўйнади.
Мен юқорида Отатурк билан боғлиқ воқеани бекорга келтирмадим. Чунки кучли лидерлар ҳар қандай «ўтиш даври»да асосий эътиборни халқнинг, миллатнинг, жамиятнинг тафаккурини ўзгартиришга, ўзи орзу қилган улкан мақсадларга уйғунлаштиришга ҳаракат қилади, буни ислоҳотларининг пойдевори сифатида талқин этади.
Шу маънода, бугун Ўзбекистонда кенг қулоч ёйган улкан бунёдкорлик совет даврида бўлганидек, қўшнилар билан «кимўзар»га чираниш эмас, балки миллатимизнинг руҳиятини кўтариш, тафаккурини янгилаш, бир сўз билан айтганда, биз дунёдаги ҳеч бир давлат ёки халқдан кам эмасмиз, деган туйғуни одамларимиз қалбида алангалатишни мақсад қилган, десам, янглишмаган бўламан. Зотан, бунёд этилаётган бу иншоотлар – халқ учун, келажак авлод учун.
Эътибор қилинг, 2023 йилда мамлакатимизда жами 149 864,1 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган ва бу 2022 йилга нисбатан 6,4 фоизга ўсган. Албатта, мен қурилиш соҳаси таҳлилчиси эмасман, аммо оддий одам ҳам тушунадиган бу рақамлар юртимизда бунёдкорлик учун қандай кўламда иш кетаётганини аниқ кўрсата олади.
Мени қувонтираётган жиҳат эса айни яратувчилик одамларимиз турмуши билан бирга, уларнинг тафаккурини ҳам янгилаётганида. Ҳа, бугун одамлар ўзгарди. Ҳаётга, Ватанга муҳаббати ошди. Буни ҳикоя қилаётганимиз савдо марказига Президентимизнинг ташрифи давомида ҳам аниқ сездим. Халқимизнинг бўлаётган ўзгаришларга, янгиланишларга меҳри ўзгача. Айниқса, ёшлар кўзидаги ишонч ва қатъият одамни тўлқинлантиради.
Кечаги ташриф давомида фуқароларимиз ва Президентимизнинг фавқулодда мулоқотини кўриб, бир нарсани чуқур англадим. Халқ ўз Лидерига ишонади, унга камарбаста бўлишга ўзини масъул, деб билади. Бу жуда катта ютуқ! Президентнинг, халқнинг, ўтмиши шонли бўлган Ватанимизнинг тарихий ғалабаси, агар англаётган бўлсангиз.
Давлатимиз раҳбарининг халққа жуда яқинлигини ва одамларимизнинг унга қатъий ишончини бугун дунёдаги кўп экспертлар, сиёсатчилар ҳақли равишда эътироф этишмоқда. Хусусан, британиялик журналист Жоанна Лиллис ўтган йили 10 июлда BBCга берган интервьюсида Ўзбекистон ҳақида гапираркан, «Мен яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтдим. Одамлар билан суҳбатлашар экансиз, у (Шавкат Мирзиёев) машҳур эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин» деган эди.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам борки, буниям айтиб ўтмасак, адолатсизлик бўлади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган шунча ишлар устига парда тортиб, фақат иллат ва камчилик қидирадиган бир қавм ҳам кейинги йилларда бизда шаклланди.
Фақат ёмон дейиш, инкор қилиш, нолиш бундай одамларнинг асосий вазифасига айланиб қолгандай гўё. Майли, тўфонни қоғоз тўсиқ билан тўсиб бўлмаганидек, Янги Ўзбекистонимизни Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб бораётган йўлдан ҳеч нарса ортга қайтара олмайди. Муҳими, халқимиз ўз Лидерига ишонади, уни қўллаб-қувватлайди. Энг асосийси, давлат ҳам, жамият ҳам улкан ўзгаришлар жараёнига кирди.