Буюк Британиядан муносабат: Ўзбекистон Афғонистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги салоҳиятини очиши мумкин
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари саммитидаги нутқида Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширган ва амалга ошираётган муҳим қадамларини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, 2021 йил апрель ойида Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Конференцияда, хусусан, Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Буюк Британиянинг «Chatham House» таҳлил маркази тадқиқотчиси Ҳамид Ҳакимий «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда ШҲТ саммити якунларига эътибор қаратди.
— Мен Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий алоқалар Афғонистон бу борада кўприк бўлиб хизмат қилган тақдирда янада самарали бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрга мутлақо қўшиламан.
Икки минтақа ўртасидаги алоқаларни янда кучайтиришга тўла иқтисодий асос бор: табиий ресурсларга бой Марказий Осиё ва аҳоли зич жойлашган, табиий ресурслари кам Жанубий Осиё бир-бирини иқтисодий жиҳатдан тўлдириши кўзга ташланиб турибди. Хусусан, Ҳиндистон ва Покистоннинг ўзида 1,5 миллиарддан ортиқ аҳоли яшайди. Аммо сиёсий ирода етишмовчилиги, геосиёсат ва бошқа турли сабаблар ушбу мақсадга эришиш истиқболларига тўсқинлик қилмоқда.
Афғонистон раҳбарияти сўнгги ўн йил давомида ушбу мамлакатнинг географик жойлашувини тўсиқ ёки қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид маъносида эмас, балки минтақавий иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик учун янги имконият кўринишида қабул қилиниши учун уринмоқда.
Афғонистон денгизга бевосита чиқиш имконияти йўқ мамлакат сифатида ўзини ўзи таъминлаши ва ташқи ёрдамга боғлиқлигини бартараф этиши учун изчил минтақавий алоқаларга муҳтожлик сезмоқда.
Ўзбекистоннинг иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган ички ислоҳотлари самарасида минтақадаги мавқеи ошиб бораётгани афғонистонлик фуқаролар ва сиёсатчиларнинг ишонч ва оптимизм руҳини кучайтирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида БМТнинг Афғонистондаги тинчлик саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва мамлакатда барқарор сиёсий муҳитни таъминлаш учун доимий қўмитасини ташкил этишга чақирди. Мазкур таклиф қўшни давлат томонидан Афғонистонда тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича илгари сурилган мисли кўрилмаган ташаббус бўлди. Ўзбекистон томонидан толиблар иштирокидаги афғонлараро мулоқот фаол қўллаб-қувватланаётгани мамлакатнинг можаро иштирокчиларига нисбатан мувозанатли позиция эгаллаш қобилиятини намойиш этмоқда.
Муаммолар мавжудлигига қарамасдан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчликни рағбатлантириш ва бунинг натижасида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш орзусини амалга ошириш учун кўплаб имкониятга эга. Афғонистонликлар орасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати ва Ўзбекистон томонидан қилинаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватловчилар сезиларли даражада кўп.
Минтақалараро мулоқотни амалга оширишда энг катта тўсиқ, эҳтимол, Афғонистон минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши мумкинлигига ишонч йўқлиги бўлган бўлиши мумкин. Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий жараёнларга қўшилиши учун муҳим қадамлар ташлаб, бу тўсиқни аллақачон енгиб ўтган.
Ўзбекистон олдинга ҳаракат қилар экан, унинг Афғонистонга очилиши афғонларнинг янги авлоди вакилларида шимолдаги қўшни билан ижобий муносабатда бўлиш истаги янада ошишига тайёр бўлиши керак. Афғонистон фуқаролик жамияти, қарама-қаршиликлар давом этаётганига қарамасдан, сўнгги йигирма йил давомида катта ўзгаришларни бошдан кечирди. Глобаллашув ва урбанизация шароитида кўплаб афғонлар қўшни мамлакатлар ва ташқи дунё билан алоқалар ўрнатишга интилмоқда. Тошкент ва Кобул ўртасидаги муносабатларда ўзаро салоҳиятни ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Афғонистоннинг таълим, соғлиқни сақлаш, технологиялар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига сармоя киритиши мумкин. Афғонистонликлар эса ўз ишбилармонлик қобилияти ва қатъиятини намойиш этмоқда. Ўзбекистон Афғонистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун мавжуд трансчегаравий инфратузилмасидан самарали фойдаланиши керак. Бунда “Термиз” эркин иқтисодий зонаси намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитидаги нутқида рақамли саводхонликни ошириш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Бу Афғонистон, шунингдек, Покистон ва Ҳиндистон билан ҳамкорликнинг яна бир йўналишидир. Иккала минтақадаги технологик тараққиёт келажаги ёш авлодга тақдим этиладиган имкониятларга боғлиқ. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун янги уфқлар излаётган бир пайтда Афғонистон ва Жанубий Осиё ёшлари порлоқ келажакнинг хабарчилари бўлиши мумкин. Аммо чегаралар ёпиқ бўлса, уларнинг салоҳияти ишга солинмай қолиниши мумкин.
/ «Дунё» АА/.