Чет элдаги фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ва маиший муаммолар бўйича ёрдам кўрсатилмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

ТОШКЕНТ, 7 аперль. /«Дунё» АА/. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметов иштирокида брифинг бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан берилган савол ва мурожаатлар юзасидан атрофлича жавоб қайтарилди.
— Нега ҳалигача чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаяпти. Уларнинг ҳолидан кимдир хабар оляптими?
— Хорижда бўлиб турган фуқароларимиз, жумладан талаба-ёшларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш, ҳозирги халқаро эпидемиологик шароитда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун чет элдаги барча элчихоналаримиз ва консуллик муассасаларимиз ҳузурида тезкор штаблар ташкил этилган.
Мазкур штабларга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишланмоқда, уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда, улар дуч келган масалалар, жумладан маиший муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
Ватанга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабаримизнинг рўйхатлари шакллантирилиб, чартер рейсларини ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишлари учун Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилди.
— Россияда ҳам карантин жорий қилингани учун ишимиз вақтинча тўхтаб қолди. Лекин патент учун тўлов қилишимиз шарт. Бу борада бирор енгиллик қилишнинг иложи борми?
— Хорижда, хусусан Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимизни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича доимий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Россия ҳудудида вақтинча бўлиш муддати узайтирилди, янги патент расмийлаштириш тартиби енгиллаштирилди.
Россияда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида 30 апрелгача барча ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилди. Натижада Россиядаги юртдошларимиз вақтинча ишсиз қолмоқда ва бу ҳолат уларнинг даромадларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктириш, шу вақт мобайнида меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортмасликни сўраб расмий нота юборди.
Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
— Россиянинг Новосибирск шаҳридаги «Толмачево» аэропортида Ўзбекистонга чартер рейслар орқали қайтишни кутаётган фуқароларимиз аэропортдан ҳайдаб чиқарилди ҳамда кўчада қийин аҳволда қолиб кетди. Уларга ҳам кимдир ёрдам берадими?
— Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ёрдами билан 2020 йил 22 март куни «Толмачево» аэропортида бўлган 253 нафар Ўзбекистон фуқаросининг барчаси чартер рейс билан Ватанга қайтарилган эди. Республика махсус комиссиясининг 30 мартдан 20 апрелга қадар мамлакатимиздаги барча аэропортларни вақтинча ёпиш ва авиарейсларни тўхтатиш тўғрисидаги қарори қабул қилганига қарамай, Ўзбекистон фуқароларининг Новосибирск аэропортига келиши давом этмоқда.
2020 йил 2 апрелда «Толмачево» аэропорти раҳбарияти томонидан ички рейслар учун электрон чиптага эга бўлган йўловчилардан бошқа шахсларнинг аэропортга киришини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу куннинг ўзида Бош консулхона вакиллари аэропортга келиб, барча 87 нафар Ўзбекистон фуқаросини ҳостелларга жойлаштирди.
Вазият назоратга олинган, дипломатларимиз уларнинг ҳолидан хабар олиб турибди. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бу каби хабарлар асоссиздир.