Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Элчи Алишер Аъзамхўжаев: Ўзбекистон ва Туркия ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдор

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Элчи Алишер Аъзамхўжаев: Ўзбекистон ва Туркия ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдор

Туркия ва Ўзбекистонни умумий тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик ва биродарлик ришталари бирлаштириб туради.

Туркия 1991 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини тан олган биринчи мамлакатдир. Бугун давлат раҳбарлари раислигидаги Стратегик шериклик Олий кенгаши, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари каби янги механизмларга асос солиниб, ўзаро муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев «Дунё» ААга берган интервьюда мамлакатимизнинг 1993 йил май ойида Анқарада очилган дипломатик ваколатхонаси фаолияти ва ҳар жиҳатдан синовли бўлган 2020 йилда Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги қандай ривож топгани хусусида сўзлаб берди.

— Бутун дунё, шу жумладан, мамлакатимиз учун кўп жиҳатдан машаққатли бўлган 2020 йил якунланди. Ушбу даврдаги қийинчиликлар сиз раҳбарлик қилаётган дипломатик ваколатхона фаолиятига қандай таъсир ўтказди? Жорий қийин шароитларда халқаро миқёсда Ўзбекистон манфаатларини илгари суришга қандай эришилмоқда?

— Дарҳақиқат, ўтган 2020 йил бутун инсоният, шу жумладан, биз, дипломатлар, Ўзбекистоннинг хориждаги вакиллари учун ҳам синовли давр бўлди. Турмуш тарзи ва касб фаолиятидаги мисли кўрилмаган ва тезкор ўзгаришлар зиммамизга юклатилган асосий мақсад - мамлакатимиз манфаатларига хизмат қилишда янги устувор вазифаларни қўйди.

Янги шароитда ижтимоий-сиёсий тадбирлар уларнинг иштирокчилари, оила аъзолари ва яқинлари саломатлигига бевосита хавф туғдира бошлади. Кўпинча ходимларимиз ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида карантинда туришга мажбур бўлди, кимдир вирус юқтириб олди ва касалланди, кимдир коронавирус касаллиги туфайли оила аъзолари ва яқинларидан ажралиб қолди.

Дипломатлар бир-бирлари билан қўл бермасдан, балки тирсак уриб саломлашишни, музокараларни очиқ юз билан эмас, балки ҳимоя маскаларида олиб боришни ўзлаштириб олди. Йирик дипломатик тадбирлар биринчи марта юзма-юз эмас, балки виртуал форматда ўтказила бошланди.

Ходимларимиз анъанавий дипломатик функцияларни бажариш билан бир қаторда консуллик идоралари, аэропортлар, чегара пунктлари, университет ётоқхоналарида туну кун навбатчилик қилди. Туркияда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларга зарур дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун гуманитар миссиялар доирасида минтақаларга сафарлар қилди.

Замона талаби билан элчихона ва дипломатларнинг одатий иш тартиби қайта кўриб чиқилди. Дипломатик ваколатхонанинг иш жадвали, йўналишлари, дастури ва фаолият жуғрофиясига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Элчихона ва Бош консулхона фаолияти кучайтирилган режимга ўтказилди. Ходимларнинг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси кўрилди. Анқара ва Истанбулда Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш бўйича кечаю-кундуз ишлайдиган тезкор штаблар фаолияти ташкил этилди.

Бир вақтнинг ўзида аккредитациядан ўтилган мезбон мамлакатлар билан сиёсий-дипломатик ҳамкорликни таъминлаш бўйича анъанавий вазифалар бажарилди ҳамда юртдошларимизни Ватанга оммавий равишда қайтаришга оид фавқулодда чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, вирусга қарши курашиш учун зарур ноу-хау ва технологиялар олиш, мақсадли гуманитар ёрдам жалб қилишни ташкил этиш, мамлакатимиз аҳолисининг заиф қатламлари, миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соғлиқни сақлаш тизими учун манзилли гуманитар ёрдам ва техник кўмак жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар бажарилди.

Барча қийинчиликларга қарамасдан, бундай синовли шароитда чет давлатда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистон дипломатлари ўзбек халқига хос бўлган энг яхши фазилатларни намойиш қилди. Ҳамма қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга интилди, ватанпарварлик, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам ҳиссини кўрсатди.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу қийин шароитларда маънавий, жисмоний ва психологик барқарорликни намойиш этган ватандошларимиз ва касбдошларимизга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Шунингдек, қардош Туркия халқи ва раҳбариятига глобал пандемия шароитида самимий қўллаб-қувватлагани ва бирдамлик кўрсатгани учун ўз ташаккуримни изҳор қиламан.

Ўзбекистон раҳбариятининг доимий кўмаги ва эътибори, шунингдек, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш самарасида 2020 йил 6 мингдан ортиқ ватандошимиз Туркиядан Ватанга олиб келинди, 13 мингдан зиёд юртдошимизга психологик, моддий ва консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Мамлакатимизга бир неча марта гуманитар ёрдам жўнатилди. Ўзбекистонга ташкилий тарзда олиб келинган туркиялик мутахассислар ҳамкасбларига пойтахтимиз ва минтақаларда Covid-19нинг тарқалишига қарши курашишда ёрдам берди, бу борада тажриба алмашди.

Пандемия даврида 1000 дан зиёд туркиялик муҳандис-технолог мамлакатимизга олиб келинди. Улар коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига қарши курашиш доирасида жорий этилган чеклов чоралари шароитида инвестициявий лойиҳаларнинг тўхтаб қолишига йўл қўймаслик жараёнида фаол қатнашди.

Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар ва мақсадли чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистондан Туркияга қарийб 1 миллиард доллар миқдорда маҳсулот ва хизмат экспорт қилинди. Мамлакатимизга 20 минг нафардан ортиқ туркиялик сайёҳ келди. Буларнинг барчаси мунтазам ҳаво қатновига жиддий чекловлар қўйилган, мамлакатларимиз ва транзит давлатлар ўртасидаги чегаралар ёпилган шароитда амалга оширилди.

- Сиз фаолият олиб бораётган давлатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ҳозирги босқичда икки томонлама муносабатлар қандай ривожланмоқда?

— Туркия Республикаси дунёда биринчи бўлиб мамлакатимизнинг давлат мустақиллигини тан олган. Суверен Ўзбекистонда очилган хорижий давлатнинг биринчи элчихонаси ҳам Туркия дипломатик ваколатхонаси ҳисобланади. Давлатларимиз ўртасида абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар бугунги кунда жадал ривожланмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самарасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилди. Қисқа вақт ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошди, имзоланган ҳужжатлар натижасида фуқароларимизнинг ўзаро саёҳатлари осонлашди. Олий даражадаги сиёсий мулоқот мунтазамлик ва изчиллик касб этди.

Ўтган йил Анқарада давлат раҳбарлари раислигида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу мулоқотнинг мутлақо янги формати, ўзаро муносабатларнинг янги механизмидир. Тадбир доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро алоқаларга оид барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Туркия ва Ўзбекистон буюк тарихга эга, урф-одатлари ва анъаналари ўхшаш мамлакатлардир. Ҳозир улар бир-бирини икки томонлама ва халқаро миқёсда, жумладан БМТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа кўплаб тузилмалар доирасида қўллаб-қувватламоқда.

Ишончим комилки, келажакда муносабатларимиз қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида самарали ривожланиб, мустаҳкамланиб бораверади.

Икки томон ҳам ҳамкорликдан манфаатдор. Иқтисодиётнинг тобора либераллашаётгани, қулай сармоявий муҳит ва мамлакатимизнинг ривож топаётган бозори Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик салоҳияти Ўзбекистон учун ҳам фойдалидир.

— Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида республикани янада ривожлантириш соҳасида, шу жумладан ташқи сиёсатда амалга оширилиши керак бўлган устувор йўналишларни белгилаб берди. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича янги йилдаги ишларни қандай режалаштиряпсиз?

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномасини тақдим этиш маросимида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида айтилган ҳар бир ғоя, ҳар бир ташаббус бизнинг ғайратимизга ғайрат қўшди, ҳаяжонга солди, Ватан равнақи ва халқимизга хизмат қилиш йўлида самарали фаолият юритиш учун янги устувор йўналишлар ва янги кенгликлар очди.

Мурожаатнома янги кун тартиби, аниқ вазифалар ва мақсадларга эга янги уфқларни белгилаб берди. Ўзининг концептуал ва прагматик мазмуни билан мазкур ҳужжат биз учун ўзига хос «Йўл харитаси», бугунги кун ва истиқбол учун Ҳаракатлар режасига айланди.

Мурожаатномада долзарб вазифалар белгиланиши билан бир қаторда, уларни бажариш йўллари, олдга қўйилган мақсадларга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган таклифлар ҳам ўз ифодасини топган.

Биз жорий йил буларнинг барчасига асосланган ҳолда Туркия билан серқирра ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш, мамлакатимизга жалб этилаётган инвестициялар, сайёҳлар оқими ва илғор ноу-хаулар ҳажмини сезиларли ошириш ниятидамиз. 2021 йил — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури доирасидаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. Туркияда фуқароларимиз, айниқса, нуфузли университетларда таҳсил олаётган ёшларимиз учун янада қулай шароитлар яратиб беришга қаратилган саъй- ҳаракатлар янада кучай тирилади.

/«Дунё» АА/.