Йил охиригача Ўзбекистонда 50 минг киши дуал таълим тизими билан қамраб олинади
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилдан бошлаб, Германия таълим тизимида ўз самарасини бериб келаётган таълимнинг дуал шакли жорий қилиниб, ёшларни касб-ҳунарларга ўқитиш борасида таълим муассасасида олинган назарий билимларни бир вақтнинг ўзида амалиётда қўллаш имконини берадиган янги таълим шакли жорий қилинди.
Даст аввал ушбу таълим шаклини Ўзбекистонда жорий этиш ва уни такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий асос яратилди.
Яъни, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрдаги “Таълим тўғрисида”ги ЎРҚ-637-сон Қонунининг 15-моддасида дуал таълим алоҳида таълим шакли сифатида белгиланган бўлса, ушбу Қонуннинг 17-моддасида эса дуал таълим шаклига қуйидагича таъриф берилган:
“дуал таълим таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни олишга қаратилган бўлиб, уларнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади”.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳам Ўзбекистонда Германия тажрибаси асосида дуал таълим шаклини тизимли ривожлантириш масаласига эътибор берилиб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 ноябрдаги ПФ-6108-сон Фармонида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида профессионал таълим муассасаларида дуал таълим тизимини жорий этиш белгиланди.
Бу орқали Ўзбекистон меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжлар, корхона (ташкилот)лар, иқтисодиёт тармоқларидаги аниқ иш ўринлари бўйича меҳнат фаолияти билан таълимни уйғунлашган ҳолда ташкил этиш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг янги механизмлари жорий қилина бошланди.
Шу боис, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг экспертлари билан ҳамкорликда дуал таълимни ташкил этишнинг аниқ тартиб ва қоидалари ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида” 2021 йил 29 мартдаги 163-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан 4 та бобдан иборат бўлган Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиб, бугунги кунда ўқувчилар ушбу низом талаблари асосида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилинмоқда.
Дастлабки йилда дуал таълим шакли бўйича коллеж ва техникумларга мактабгача таълим, темир йўл ва қурилиш каби соҳаларга 2 мингдан ортиқ ўқувчилар ўқишга қабул қилинган бўлса, кейинчалик корхоналарнинг ушбу таълим шаклида ўзлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлашга эҳтиёжининг ошиб бориши натижаси дуал таълим шакли кенгайиб борди.
Бу таълим шаклида иш берувчиларга энг яхши мутахассисларни танлаб олиш ва ишга қабул қилиш имконияти яратилди десак хато бўлмайди.
2022/2023 ўқув йилида профессионал таълим муассасаларига 4,5 мингга яқин ёшлар дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинди ҳамда юқорида айтиб ўтилган соҳаларга қўшимча равишда ахборот технологиялари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ҳам ушбу таълим шаклида ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 234 та профессионал таълим муассасаларидаги 13 минг нафарга яқин ўқувчилар дуал таълим шаклида таълим олмоқда. Ўқувчиларга корхона (ташкилот)ларнинг 3144 нафар малакали ходимлари “устоз” сифатида бириктирилган бўлиб, улар томонидан ўқувчиларнинг амалий кўникмалари бевосита иш жойларида шакллантирилмоқда.
Шунингдек, айни вақтда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, мактабгача таълим, енгил саноат ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда дуал таълимнинг улуши бошқа соҳаларга қараганда кўплигини кўришимиз мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги 3600 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар дуал таълимда иштирок этмоқда.
Биргина мисол, Андижон вилоятидаги Асака агротехнологиялар техникуми ҳамда Ўзбекистондаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланган “UzAvto Motors” акциядорлик жамияти ўртасида дуал таълим шаклида ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.
Ушбу ҳамкорлик натижасида бугунги кунда “Пайвандлаш технологияси ва жиҳозлари”, “Автомобилларни йиғиш ва синаш”, “Машинасозлик технологияси” ва “Автомобил транспортига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш” мутахассисликлари бўйича 500 нафардан ортиқ ўқувчилар дуал таълим шаклида ўқитилмоқда.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда профессионал таълим тизимини ривожлантириш бўйича Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), ЮНЕСКО ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси каби хорижий ҳамкорлар билан салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги йўналишида кадрлар тайёрлайдиган 2 та техникумга умумий қиймати 700,0 минг долл. бўлган 4 та трактор, 42 та тегишли техник жиҳозлар ва 72 та компьютер техникалари ҳамда 2 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлатгичлар ҳарид қилинди.
Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан танланган 15 та пилот таълим муассасалари енгил саноат йўналиши бўйича тикув машиналари тўпламлари (21 та тикиш машинаси, 6 та оверлок, 6 та интерлок, 3 та зигзак, 3 та кашта тикиш), 9 та кесиш столи, дазмоллаш дастгоҳи ҳамда 3 та кўп функцияли рақамли «smartboard» билан таъминланди. Биргина, Олмазор енгил саноат коллежи “Компьютер ёрдамида лойиҳалаш” (САПР) йўналишида амалиёт хонаси замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди, 12 та конструкторлаш ва моделлаштиришга мўлжалланган махсус планшет, 12 та компьютер, 1 та тақдимот учун экран ва 1 та плоттер фойдаланишга топширилди.
Шу билан бирга, 109 нафар педагог кадрларнинг Германия ва Швейцария давлатларида малакаси оширилди.
Бундан ташқари Германиянинг хорижий донорлари билан ҳамкорликда 750 нафар ўқитувчилар Германия методикаси асосида тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитилди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш тармоқлари учун профессионал таълим (PECA V)” грант лойиҳаси доирасида Нон, нон маҳсулотлари, қандолат ва макарон ишлаб чиқариш мутахассислиги ҳамда Логистика йўналишларда ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш мақсадида 6 та пилот таълим муассасалари танлаб олинди.
Ушбу лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилган Янгийўл агротехнологиялар техникуми, Самарқанд туризм ва сервис техникуми ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва Бухоро муҳандислик-технология институтларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Лойиҳа томонидан Янгийўл агротехнологиялар ҳамда Самарқанд туризм ва сервис техникумларининг ҳар бирига 34 номда жиҳозлар етказиб берилди.
Германия давлати билан ўзаро ҳамкорлик доирасида дуал таълим шакли бўйича 70 та модулли таълим дастурлари ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда “Дуал таълимни жорий этиш ва янада ривожлантириш концепцияси” ҳамда “Дуал таълим учун профессионал стандартларга асосланган таълим стандартларини ишлаб чиқиш бўйича қўлланма” тайёрланди.
Профессионал таълим муассасалари битирувчиларини келгусида ўзини ўзи банд қилиш яъни ўзининг шахсий бизнесини йўлга қўйиши учун албатта уларни ўқитиш ва таълим жараёнига янги методикаларни жорий қилиш муҳим масала ҳисобланади. Бу борада Бизнес асослари фани янгича мазмунда Германининг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда профессионал таълим тизимининг жозибадорлигини ошириш ва ўқувчиларга хорижий тилларни чуқур ўргатишни ташкил этиш ҳамда тайёрланаётган ўрта бўғин кадрларнинг ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида хорижий тилларни чуқур ўргатиш устувор йўналишлардан бири сифатида ривожлантирилмоқда.
Хусусан, 33 та профессионал таълим муассасаларида бир йиллик махсус немис тили ўқув курслари ташкил этилди. Бугунги кунда тиббиёт йўналишидаги техникумларида 773 нафар ўқувчилар немис тили курсларида ўқитилмоқда.
Немис тилини ўқитишни ташкил этиш учун Германиянинг илғор тажрибаси ва методикалари асосида бир йиллик дастур ишлаб чиқилиб, мазкур ўқув курсларга жорий қилинди.
Немис тилини ўқитиш курсларига жалб этилган ўқувчиларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш мақсадида Гёте институти тавсияси асосида Германиядан 4 та номдаги А1, А2, Б1, Б2 даражаларини ўзлаштиришга мўлжалланган 6 минг нусхада замонавий ўқув адабиётлар харид қилинди ҳамда таълим муассасаларига етказилди.
Ўзбекистон меҳнат бозорини замонавий касбий-кўникмаларга эга ўрта бўғин кадрлар билан таъминлаш орқали иқтисодиётнинг давлат аҳамиятига эга тармоқлари ва саноат корхоналари учун профессионал ва малакали ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарорида корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида профессионал таълим муассасаларида дуал таълим шаклида йил давомида ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тизимини жорий этиш белгиланганлиги ушбу таълим шаклини ривожлантиришга катта туртки бўлди десак муболаға бўлмайди.
Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари асосида ташкил этилаётган иш ўринларида ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжнинг янада ошиши натижасида профессионал таълим муассасаларида ташкилотларнинг буюртмалари асосида йил давомида дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйиш зарурияти юзага келди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим муассасаларига йил давомида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2023 йил 7 декабрдаги 647-сон қарори билан профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни йил давомида ташкилотларнинг буюртмалари асосида дуал таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш имконияти яратилди.
Мазкур қарорнинг қабул қилинганлигига икки ой бўлишига қарамай бугунги кунда 20 дан ортиқ корхоналарнинг мавжуд эҳтиёжлари асосида 750 нафар ўқувчилар дуал таълим шаклига ўқишга қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу билан бирга, бундан буён ташкилотлардан бириктирилган устозларнинг педагогик маҳоратини ихтиёрий равишда ошириш учун ҳар йили дуал таълим шакли бўйича бепул қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилига қадар меҳнат бозорининг ўрта бўғин кадрларига бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжни аниқлашга мўлжалланган электрон платформа яратилиб, ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш истагида бўлган ташкилотлар ва профессионал таълим муассасалари билан тузиладиган шартномаларни электрон шаклда имзолаш тизимини жорий этилади.
Ўзбекистонда дуал таълим шаклини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йил якунига қадар дуал таълим шаклида қамров 50 минг нафарга етказилади.
Бундан ташқари, янги ўқув йили бошланишига қадар 100 та касб танлаб олиниб, Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида касб стандартларини ишлаб чиқилади. Бунда касбга талаб иш берувчи эҳтиёжига мослашади.
Уткиржон Алижонов,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи