"La Verita" газетаси: Ўзбекистондаги тизимли ислоҳотлар Италия компанияларини тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Италиянинг етакчи "La Verita" нашрида "Ўзбекистон – хорижий инвестицияларнинг ортиши фонида Осиёнинг янги чорраҳасига айланмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Муаллиф Игнацио Манграно ёзганидек, Ўзбекистондаги тизимли ислоҳотлар тобора кўпроқ хорижий компанияларини, шу жумладан Италия бизнесини ўзига жалб қиляпти. У, шунингдек, Италия ва Ўзбекистон ўз иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашда давом этаётганини ва стратегик секторларга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаган.
"Италиядан Ўзбекистонга йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2024 йилда ўтган йилга нисбатан 160 фоизга ўсди, бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг мустаҳкамланишидан далолат беради, – дея қайд этади муаллиф. – Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда 500 миллион долларга етди. Асосий товарлар орасида тўқимачилик, рух каби рангли металлар, чарм буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, механик ва электр жиҳозлар, фармацевтика препаратлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, бошқа маҳсулотлар мавжуд".
Нашрда таъкидланишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон бозорида 55 дан ортиқ Италия компанияси бор. Уларнинг 23 таси тўлиқ Италия сармояси асосида ташкил этилган.
"Президент Шавкат Мирзиёев "Олтин виза" дастури — хорижий капитал оқимини рағбатлантириш ва Ўзбекистонни минтақанинг иқтисодий марказига айлантириш ташаббусини жорий қилишини эълон қилди. Дастур мамлакатга камида 250 минг АҚШ доллар сармоя киритган хорижий фуқароларга 5 йиллик яшаш рухсатини таклиф этади", – деб ёзилган материалда.
Мақола хулосасида "Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди, деб ўйлайман. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз", – дея Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ялпи мажлисидаги нутқидан иқтибос келтирилган.
"La Verita" Италиянинг энг кўп ўқиладиган 10 та газетаси қаторига киради. Мазкур нашрнинг бир кунлик адади салкам 55 минг нусхани ташкил этади.