Лолва бинт Рашид Ал Хатер: Самарқанд асрлар давомида жаҳон халқлари маданияти учрашган, билим ва тажриба алмашилган марказ бўлиб келган
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган ЮНEСКОнинг 43-Бош конференциясида Қатарнинг Таълим ва олий таълим вазири Лолва бинт Рашид Ал Хатер бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ал-Хатер хоним конференциядаги иштироки ҳақида сўзлар экан, аввало, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд шаҳрининг 2025 йил Ислом дунёси маданият пойтахти сифатида танланганини олқишлади.
Вазирнинг таъкидлашича, таълим, фан ва маданият орқали тинчликни мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни сақлашда ЮНЕСКОнинг ўрни беқиёс. Шу маънода бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг жаҳон меросини сақлаш ва тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси тобора ортиб бораётганидан далолат эканини эътироф этган.
Лолва бинт Рашид Ал Хатер фикр-мулоҳазаларида нафақат ЮНEСКО конференцияси ҳақида, балки Самарқанд шаҳрининг тарихий масканларига ташрифи ва саёҳати давомида олган таассуротлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида қуйидагича фикр билдирган:
"Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига ташрифим чоғида мен гўё муайян бир давр эмас, балки тарих билан чамбарчас боғланган, цивилизацияларни туташтирувчи масканга тушиб қолгандек ҳис этдим ўзимни. Милоддан аввалги даврларда қадимий Афросиёб номи билан асос солинган Самарқанд асрлар давомида жаҳон халқлари маданияти учрашган, билим ва тажриба алмашилган марказ бўлиб келган.
Темурийлар даврида Самарқанд ўз тараққиётининг энг юксак чўққисига етди. Шу даврда Регистон мадрасалари, Бибихоним масжиди ва Улуғбек расадхонаси каби ислом оламининг энг йирик илм-фан ва астрономия марказлари бунёд этилди.
Ўзбекистон ҳақида сўз юритар эканман, унинг буюк илмий ва диний меросини эсламасликнинг иложи йўқ. Бу замин – Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Ибн Сино ва ал-Хоразмий каби буюк алломалар юрти бўлиб, улар ўз илм ва заковати билан инсоният цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган, тафаккур ва маърифат тарихида ўчмас из қолдирган зотлардир", – дея ўз таассуротларини баён этган Ал Хатер хоним.
Ташриф давомида қатарлик меҳмонларнинг Ўзбекистон замини ҳақида тасвирга олган ранг-баранг видеороликлари кўплаб кузатувчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Қатар вазирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасида дўстона алоқалар, ўзаро ҳурмат ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу ташриф, Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий, маърифий ҳамда маданий соҳаларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.