Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга интилмоқда
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов кеча Марказий Осиё давлатлари вазирларининг минтақавий интеграция масалалари бўйича «C5+1» минтақавий дипломатик платформаси йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, тадбирда, шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID маъмури Саманта Пауэр, Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Чингиз Мекешов, Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари Ахлиддин Нуриддинзода, Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Керимберди Қурбонов ҳамда USAID, Марказий Осиё давлатлари вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Лазиз Қудратов йиғилиш иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат қилар экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар етказиб бериш занжири барқарорлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида минтақа давлат раҳбарларининг «C5+1» платформаси доирасидаги тарихий учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Кейинги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамлангани, бунинг натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги кўрсаткичларнинг кескин ўсишига эришилганлиги таъкидланди.
Хусусан, 2022 йилда минтақа давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўпайиб, 220 миллиард долларни ташкил этди, ўзаро инвестициялар ҳажми эса 5,6 баробар ошди. Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти сўнгги беш йилда 40 фоизга ўсди ва 2022 йил охирига келиб 406 миллиард доллардан ошди.
Эришилган натижалар минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш йўлидаги оралиқ босқич экани қайд этилди.
Учрашув доирасида рақамли ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, бизнес юритиш учун инвестиция ва қулай муҳитни яхшилаш, меҳнат ресурсларини ривожлантириш, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш бўйича ягона позицияларни ишлаб чиқишга бағишланган панель сессиялари ўтказилди.
Ҳудудлараро савдони кенгайтириш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, энергетика интеграциясини такомиллаштириш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
USAID Администратори Саманта Пауэр томонидан матбуот анжумани ўтказилди, унда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ташкилотнинг савдо, энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида қўшма ташаббусларни жадал амалга оширишни таъминлашга қаратилган лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда минтақа давлатлари ва USAID ўртасида декарбонизация ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича ўзаро англашув Меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
«Дунё» АА