"Марказий Осиё – Хитой": минтақавий ҳамкорликнинг самарали модели
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Хитой" иккинчи саммитида иштирок этади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур платформанинг асосий мақсади минтақа давлатлари ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришдан иборат.
Формат кун тартиби доирасида глобал ва минтақавий, сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт, ҳудудлараро алоқалар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, "яшил" энергетика, божхона иши, маданий-гуманитар каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий тараққиёт стратегияларини "Бир макон, бир йўл" ташаббуси билан уйғунлаштириш бўйича фикр алмашинилади.
Тизимли тус олаётган "Марказий Осиё – Хитой" мулоқоти, биринчи навбатда, ўзаро иқтисодий манфаатларга қаратилган. Хитой сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларининг савдо ҳамкорлари орасида доимий равишда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Хитой капитали иштирокида минтақанинг барча мамлакатларида саноат, энергетика, транспорт, логистика ва савдо соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга ошириляпти.
Марказий Осиё ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари томонидан ташкил этилган қўшма корхоналар сони бугунги кунда 6 мингга яқин. Минтақанинг Хитой билан умумий савдо айланмаси 2024 йилда 94,8 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 100 миллиард долларга этади.
Марказий Осиё "Бир макон, бир йўл" стратегиясининг асосий элементи бўлиб, унинг доирасида Европага янги транспорт йўлакларини яратиш учун йўллар, савдо марказлари ва логистика инфратузилмасини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Биринчи "Марказий Осиё – Хитой" саммити 2023 йил 18-19 май кунлари Сиань шаҳрида бўлиб ўтган эди. Мазкур саммит Сиань декларациясининг имзоланиши, давлат раҳбарларининг ҳар икки йилда бир марта навбатма-навбат Хитой ва минтақа давлатларидан бирида учрашувлар ўтказиш механизмини йўлга қўйиш, шунингдек, идоралараро даражада ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш билан якунланди. Натижада 9 та кўп томонлама ҳужжат имзоланди ва 19 та ҳамкорлик платформаси яратилди.
Хусусан, формат доирасида қишлоқ хўжалиги вазирлари, ички ишлар, ташқи ишлар вазирлари, таълим вазирлари, транспорт вазирлари, божхона хизматлари раҳбарлари, иқтисодиёт ва савдо вазирларининг учрашувлари, таҳлилий марказлар, ахборот агентликлари форумлари ва бошқа кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари ишга туширилди.
"Марказий Осиё-Хитой" иккинчи саммитига тайёргарлик 2025 йил апрель ойида Олмаотада бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг VI учрашувидан бошланди. Унда Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги саммит кун тартиби муҳокама қилинди ва имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар келишиб олинди.
Таҳлилчиларнинг айтишича, бу формат минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли тизимига айланишни ваъда қилмоқда.
"Марказий Осиё – Хитой" форматининг фаол иштирокчиси сифатида Ўзбекистон Хитой билан икки томонлама асосда шерикликни муваффақиятли давом эттирмоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасида яқин, ишончли сиёсий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, бу икки томонлама ҳамкорликка барқарорлик ва динамик хусусият тақдим этмоқда.
2022 йилда Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама муносабатларни мавсумий стратегик шериклик даражасига кўтарди. Бу мақом юқори даражадаги ўзаро ишонч, барқарорлик ва халқаро вазиятдан қатъий назар, ҳар икки томоннинг яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини акс эттиради. Мазкур жиҳат, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитойнинг кўп қиррали муносабатларини узоқ муддатли асосда мустаҳкамлаш ниятини тасдиқлайди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар бундай тараққиётнинг муҳим омилларидандир.
Улар мамлакатга йирик хорижий инвесторларни, жумладан, Хитой корпорацияларини жалб қилиш учун шароит яратди. Хусусан, Хитой компаниялари юртимизда энергетика, қурилиш, машинасозлик, кимё, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ҳамкорига айланган. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 миллиард доллардан ошди. 2011 йилдан бери ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси фаолият юритиб келяпти. Унинг 7-мажлиси 2024 йил 13 май куни Тошкентда бўлиб ўтди. Хитой Ўзбекистоннинг инвестициявий шериклари орасида ҳам етакчи бўлиб қолмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 64 та лойиҳа ишга туширилди, 2017-2024 йилларда Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 23,1 миллиард долларни ташкил этди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда Хитой инвестицияси иштирокидаги 3,5 мингдан ортиқ корхона бор. Улардан 220 таси 2025 йилда ташкил этилган. Парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам фаол ривожланиб, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Бу ўзаро ишонч ва ҳар томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга интилишнинг юксак даражасини ифодалайди. Бунинг учун икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий ришталар мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиляпти.
Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг конструктив хусусияти бутун минтақавий кун тартиби учун ижобий тенденциясини белгилаб беради, шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, шунингдек, "Марказий Осиё – Хитой" форматидаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Хитой" саммити минтақанинг энг долзарб ва муҳим масалалар бўйича консолидациясига янги туртки бериши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур саммитда иштирок этиши эса Ўзбекистон ишонч, яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ва долзарб минтақавий ҳамда халқаро муаммоларни ҳал этишда ўзаро мақбул ёндашувларни конструктив излашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.