“Нью-Йорк Таймс”: “Ўзбекистон қадим-қадимдан бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозониб келади”
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон ўзининг толерантлик анъаналари билан машҳур, мамлакатда антисемитизм кўринишлари рўй бемаган, республика турли миллатлар вакиллари тинч-аҳил яшашининг намунаси ҳисобланади. “The New York Times” ўз мухбири Эндрю Хиггинс қаламига мансуб мақолада ана шундай фикрларни ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган.
Жаҳонга таниқли нашрда босилиб чиққан мазкур мақола муаллифининг қайд этишича, Бухорода иккита синагога, иврит тилидан сабоқ берадиган бошланғич мактаб, Яҳудийлар маданияти уюшмаси ҳамда 10 минг нафар яҳудий сўнгги макон топган қабристон мавжуд. Журналистнинг ёзишича, ўзининг дурдона исломий меъморий ёдгорликлари билан дунёга донг таратган ва жаҳоннинг энг кўҳна шаҳарларидан бири саналадиган Бухорода бу миллат вакиллари бугунги кунларгача маҳаллий халқ билан ўзаро тинч ва ҳамжиҳатликда яшаб келишмоқда.
Э.Хиггинснинг ёзишича, Бухородан “яҳудийларнинг кўчиши” 1990-йилларда кучайди. Шарҳловчининг фикрича, яҳудийлар, руслар ва бошқа миллат вакилларининг Ўзбекистонда мустақиллик қўлга киритилгани миллатчилик ва мусулмон экстремизмининг ўсишига олиб келишидан хавфсираши бунга сабаб бўлган. Бироқ бундай бўлмади. Ҳатто бугунги кунда республикадан кетишга ҳозирлик кўраётганлар, дея таъкидлайди муаллиф, Исроил ва Европанинг бошқа кўпгина давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда мусулмонлар ва яҳудийлар ҳеч қандай келишмовчиликларсиз, ёнма-ён яшашмоқда. Нашр Бухорода истиқомат қилувчи яҳудий аёл Л.Киматованинг “Мен бу ерда ҳеч қачон антисемитизмни ҳис этмаганман”, деб айтган сўзларини қаламга олган.
Яҳудий эмигрантлари ҳеч бўлмаса мамлакатнинг бугунги қиёфасини кўриш учун қайтиб келишсин, деган мақсадда исроилликлар учун визасиз режим жорий этилди, деб ёзади Америка нашри. Шу ўринда “Нью-Йорк Таймс” Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг “яҳудийлар ҳамиша ўзбек жамиятининг ажралмас қисми бўлган”, деган сўзларини келтиради.
Мақолада муаллиф ўзининг Бухоро яҳудийлари ҳамжамияти президенти А.Исҳоқов билан бўлиб ўтган суҳбати ҳақида ҳам ҳикоя қилган. Ҳамжамият раҳбарининг фарзандлари ва бошқа қариндошлари Австралия, Исроил ва Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилишар экан. Улар доимо А.Исҳоқовнинг хорижга кўчиб келишини сўрашар экан. “Бироқ бу даъватга унинг жавоби ўзгармасдан қолмоқда: “Мен бу ерда кўпроқ керакман. Бу ерда яшаш менга ҳар жиҳатдан қулай. Биз бир кўчада мусулмонлар билан ёнма-ён яшаймиз, биз ҳамиша мактабга, ишга бирга борганмиз”, дея А.Исҳоқов айтган фикрларни ёзади “The New York Times”.
“Жаҳон” АА