Олмаота шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Олмаота шаҳрида Қозоғистон Парлементи Мажилиси раиси Ерлан Қошанов ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувларни амалга оширишнинг боришини муҳокама қилдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Казинформ" халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, Мажилис раиси сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қатор олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилгани, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ва Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома, шунингдек, 2024-2034 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик дастури каби тарихий ҳужжатлар имзоланганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов парламентлараро мулоқот мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, давлат раҳбарларининг стратегик келишувларини амалга оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Кенгашнинг иккинчи йиғилишининг асосий мавзуси иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги лойиҳаларга бағишланди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида шерикликни кенгайтириш, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликнинг юқори суръатини сақлаб қолиш, экология, энергетика ва сув ресурслари масалаларини биргаликда ҳал этиш бўйича икки давлат раҳбарлари ўртасида келишувларни амалга оширишда муваффақиятлар борлигини таъкидладилар.
Йиғилишда 2030 йилгача Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасига эътибор қаратилди. Депутатлар ушбу мақсадга имкон қадар тезроқ эришиш учун зарур бўлган қонунчилик чораларини муҳокама қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Парламенти Мажилиси ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Остона шаҳрига амалга оширган давлат ташрифи доирасида қабул қилинган эди. Унинг биринчи йиғилиши 2023 йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган. Кенгаш - икки мамлакат давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш ва қонунчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган қўшма ишчи орган ҳисобланади.