Осиё тараққиёт банки 2020-2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши бўйича ҳисоботни эълон қилди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
ТОШКЕНТ, 3 апрель. /«Дунё» АА/. Осиё тараққиёт банки янги ҳисоботни эълон қилди, унда Ўзбекистонда коронавирус пандемияси таъсирида табиий газ ва миснинг нархи пасайиши, аммо нархлар 2021 йилда ўсиши кутилаётгани келтирилади, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Осиё тараққиёт банки «Осиё – 2020 ривожланиш шарҳи» иқтисодий нашрида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсишини 2020 йилда ўтган йилдаги 5,6 фоизга нисбатан 4,7 фоиз даражани ташкил қилади, деган тахминни билдирди.
Бироқ, ОТБ 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини 5,8 фоизгача бўлиши бўйича ўз қарашларини келтирган. Буни қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш кузатилаётгани билан изоҳлаган. Шу билан бирга, инвестицияларнинг жалб этилиши саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бир қаторда, 2021 йилда иқтисодий тикланишга ёрдам бериши қайд этилади.
“Биз пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини аниқ билмасак-да, Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва пасайишдан қутилиш учун зарур бўлган муҳим чораларни кўрмоқда”, дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги директори Синди Малвичини.
Маълумотларига кўра, инвестициялар 2020-2021 йилларда шаҳарлар инфратузилмаси ва ишлаб чиқариш қувватини янада яхшилашнинг асосий омил бўлиб қолади.
Ҳисоботда келтирилишича, 2020 йилда инфляция 13 фоизга, 2021 йилда эса 10 фоизгача пасайиши мумкин. Чунки Марказий банк секинлик билан бўлса-да, инфляцияни жиловлашга ўтяпти. Шунингдек, мамлакатда ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга, солиқ-бюджет сиёсати қатъий олиб борилмоқда. Электр энергияси ва табиий газ нархларининг режалаштирилган кўтарилиши, қишлоқ хўжалигида нархларнинг қайта тартибга солиниши инфляцияни ушлаб туришга имкон беради.
Ўзбекистонда 2020 йилда табиий газ ва мис экспортининг камайиши сотиладиган олтин ҳисобидан қопланиши кутилмоқда. Экспорт ҳажми 2021 йилда қишлоқ хўжалигидаги таркибий ислоҳотлар, хизматлар ва саноат учун инфратузилманинг яхшиланиши, табиий газга ташқи талабнинг ортиши эвазига ортиши керак. Ушбу тенденция жорий ҳисоб-китоблар дефицитининг қисқаришига сабаб бўлади.
Ҳисоботда инфляцияни пасайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланади. Чунки Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш учун кенг қамровли ислоҳотлар жараёнини ўз бошидан ўтказмоқда.
Шунингдек, ОТБ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш мақсадида кредит бозорини янада соддалаштириш ҳамда электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар нархларини мақсадли компенсация билан тақсимлашни таклиф қилмоқда.
Ҳисоботда инфляциянинг олдини олиш учун ҳукумат транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий секторнинг иштирокини рағбатлантиришни давом эттириши кераклиги қайд этилган.
Импорт нархлари кўтарилишининг олдини олиш учун эса божхона расмийлаштирувини янада соддалаштириш керак, деган таклиф ўртага ташланади.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон ОТБга аъзо бўлганидан буён банк томонидан умумий қиймати 8,6 миллиард долларга тенг 78 лойиҳа учун кредит берилди. Бундан ташқари, 225 миллион доллар миқдорида хусусий секторга иккита транш ажратилди. ОТБ мамлакатимизга 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги капитал қўйилмалар, 218 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кафолатлар ва 105,2 миллион долларлик техник ёрдам грантлари тақдим этди.