Париж шаҳридаги Гюстав Моро музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Париж шаҳридаги “Гюстав Моро” музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган “Темурийлар даврида маданият ва яшаш тарзи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда Франциянинг илмий ва академик доиралари вакиллари, темурийлар даврини тадқиқ этаётган етакчи олимлар ва экспертлар, мамлакатимиз элчихонаси вакиллари қатнашди.
“Гюстав Моро” музейи директори Жан-Жак Эннер ушбу тадбир ўзбек халқининг бой тарихи ва маданияти ҳозирги кунда француз олимлари томонидан чуқур ўрганилаётганининг ёрқин мисоли эканини таъкидлади. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўчмас из қолдирган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир”, деди у.
Франция Шарқ дўстлари уюшмаси ижрочи директори Арнод Бертранд икки мамлакатнинг турли соҳалардаги муносабатлари кенгайиб бораётгани ҳамда француз жамоатчилигининг ўзбек халқининг буюк дурдоналари тарихига қизиқиши ортаётганини юқори баҳолади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида давлатчилик, илм-фан, шеърият, шунингдек, ҳарбий соҳалар кенг ўрганилгани ҳамда инсоният тараққиётига ўз таъсирини ўтказганини қайд этди.
Осиё санъати музейи бош директори, “Les Belles Lettres” қадимий матнларни нашр этишга ихтисослашган француз нашриётида нашр этилган “Бобурнома”нинг янги таҳрири иконографияси директори Амина Таха-Ҳусайн Окада Бобурнинг кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олганини урғулади.
“Бобурнома” ўзбек мумтоз адабиётидаги насрий асарларнинг етук намунаси, XV—XVI асрлар адабий тилининг нодир ёдгорлигидир. Ушбу ёдгорлик Ўрта Осиё тарихи бўйича қимматбаҳо маълумотлар манбаи сифатида салкам беш асрдан буён тарихчилар, шарқшунослар, этнографлар, тилшунос, адабиётшуносларни баҳраманд қилиб келмоқда”, деб фикр билдирди Амина Окада.
У, шунингдек, “Бобурнома”даги миниатюралар ўша даврда санъатга алоҳида эътибор қаратилгани, илм-фан ва маърифат юксак чўққиларга чиққанини тасдиқлашини таъкидлади.
Никола Филичич, “Les Belles Lettres” нашриётининг раҳбари, шарқшунос олим:
2022 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг турк-чиғатой тилида ёзилган “Бобурнома” асарини француз тилида нашр қилдик. Aвваллари ҳам бу китобнинг атриум қисмлари француз тилига таржима қилинган эди. Ушбу китоб эса француз жамиятига Бобур даврида Марказий Осиё, Aфғонистон ва Ҳиндистонни кашф қилишга имкон беради.
Шунингдек, Бобур шахсини англашга ҳам ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Китобнинг эътиборли тарафи шуки, унда Бобур таржимаи ҳоли ва минтақаларнинг жуғрофияси ёритиб берилган. Китобхон тарихий жойларнинг номи, маданиятлар, бошқа брй маълумотлар билан танишади. Бугун Ўзбекистон тарихи ва маданияти Франция бўйлаб жуда кенг оммалаштирилмоқда. Бугунги тадбиримиз, Лувр ва Aраб дунёси институтидаги кўргазмалар бунга яққол далилдир.
“Дунё” АА