Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Парламент – жамият кўзгуси

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Парламент – жамият кўзгуси

Маълумки, 30 июнь ҳар йили бутун дунё миқёсида Халқаро парламентаризм куни сифатида кенг нишонланади. 1889 йили айнан шу куни Парижда парламентларнинг глобал ташкилоти - Парламентлараро Иттифоқ тузилган. 2018 йил 22 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида ушбу кунни Халқаро парламентаризм куни сифатида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ вице-президенти Акмал Саидов билан мазкур халқаро сананинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Авваламбор, бу сана бутун жаҳонда парламентлар тизимининг ўрнини ошириш, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир парламентнинг ўз мамлакати ҳудудида истиқомат қиладиган юз минглаб, миллионлаб фуқаролари ҳаётини яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан жуда муҳимдир, – дейди А.Саидов. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз миллий парламентимиз тимсолида, аввало, жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгусини, одамларни ўз ортидан эргаштириб, эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир бўлган катта бир кучни кўрамиз”.

Мазкур халқаро байрамнинг айнан 30 июнь кунига белгилангани ҳам бежиз эмас. Бу сана сайёрамиздаги энг кекса халқаро ташкилотлардан бири – Парламентлараро Иттифоқ тарихи билан чамбарчас боғлиқдир.

Маълумки, 1889 йилда таъсис этилган мазкур ташкилот ўтган даврда том маънода парламентлараро халқаро бирдамликнинг ёрқин ифодасига айланди. Бу нуфузли ташкилот дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида 179 мамлакатни ўз атрофида бирлаштирган. Минтақавий парламентлараро бирлашмаларнинг 13 таси ҳам Парламентлараро Иттифоқнинг уюшган аъзолари ҳисобланади. 1971 йилдан буён унинг бош қароргоҳи Женевада фаолият кўрсатиб келади.

Аъзо парламентлар ва уларнинг депутатлари ўртасида юксак қадриятларни илгари сурадиган ушбу ташкилот барча миллатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантириб келмоқда. Айни вақтда тинч ва ҳамжиҳат келажакни таъминлаш учун самарали қарорлар қабул қилиш йўлида хизмат қилмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони ҳисобланиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқнинг овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда. Мазкур ташкилот фаолияти мисолида ҳозирги замон халқаро муносабатлари мезонларининг самарадорлиги баралла кўринмоқда.

Ўтган йиллар давомида Парламентлараро Иттифоқ кўплаб халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар юзага келиши учун намуна бўлиб хизмат қилди. Бундай ташкилотларнинг сони айни вақтда 100 тадан ошади.

Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.

– Ўзбекистон билан Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари қандай ривожланмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси Парламентлараро Иттифоққа 1992 йили аъзо бўлган. Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан эътиборан мазкур ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламентлараро Иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

2019 йил 17 октябрда Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу юксак лавозимга сайланди. Кейинчалик у Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Шунингдек, ташкилотнинг Молия бўйича кичик қўмитасига аъзо бўлди.

2020 йилда Парламентлараро Иттифоқ Олий Мажлиснинг коронавирус пандемияси давридаги фаолиятини юқори баҳолади. Бу ҳақдаги баёнот ташкилотнинг расмий сайтига жойлаштирилди.

Парламентлараро Иттифоқнинг 2021 йили бўлиб ўтган 142-ассамблеясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Асланов Парламентлараро Иттифоқнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзолигига қабул қилинди.

Парламентлараро Иттифоқнинг 142-ассамблеясида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмита расининг ўринбосари Н.Тилаволдиев Парламентлараро Иттифоқнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитаси аъзолигига сайланди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Баратова Парламентлараро Иттифоқнинг Барқарор тараққиёт бўйича доимий қўмитасига аъзо бўлди.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг 2020 йил августида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида виртуал режимда иштирок этган. Яқинда жаноб Мартин Чунгонгнинг мамлакатимизга амалга оширган илк ташрифи ўзаро ҳамкорлик муносабатларини тубдан янги босқичга кўтарди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқ Бош котибини қабул қилди. Мўътабар меҳмон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди. У Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Парламентда ёшларни қўллаймиз” мавзусидаги ёшлар парламент форумида иштирок этди.

Шунингдек, Мартин Чунгонг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик" халқаро форумида иштирок этди. Ўз навбатида, 25 июнда Парламентлараро Иттифоқ Бош котибининг Самарқанд шаҳрида кенг жамоатчилик ва дин арбоблари иштирокида ташкил этилган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги парламент форумида қатнашди.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, парламентаризмни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳолатини яхшилаш борасидаги ўзгаришларни ижобий баҳолайди. Мартин Чунгонг Ўзбекистон Президенти илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилишга доир ташаббусини халқаро ташкилотлар раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган.

– Янги Ўзбекистонда янгиланаётган Парламентнинг аҳамияти нимада?

– Чиндан ҳам, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, бугунги Олий Мажлис янгича парламентдир. Чунки депутатларимиз ўз сайловчиларининг хоҳиш-иродасини ҳисобга олиб, бевосита халқ билан ишлай бошлади. Айни пайтда парламент ваколатлари изчил кенгайтирилиб, ҳатто Президент ваколатларининг айримлари ҳам Олий Мажлисга ўтказиб берилмоқда.

Миллий тараққиётнинг ҳозирги ўзига хос ўтиш босқичида буларнинг барчаси ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бинобарин, таниқли француз адиби ва файласуфи Жан Жак Руссо айтганидек, «қонунчилик ҳокимияти – давлатнинг юраги бўлса, ижроия ҳокимияти – унинг миясидир».

Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Электрон парламент» тизимини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Парламент назорати шаклларидан кўпроқ фойдалана бошладик, жойлардаги маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳам сезиларли даражада фаоллашмоқда.

Энг асосийси, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда янгича давлат ҳуқуқий амалиёти – давлат раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома тақдим этиш анъанаси жорий этилди. Президент Мурожаатномалари нафақат миллий парламент аъзоларига, балки бутун Ўзбекистон халқига бевосита мурожаат сифатида янада аҳамиятлидир.

Давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатномаси – дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Мурожаатномада, биринчидан, Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинди; иккинчидан, сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифлар илгари сурилди; учинчидан, у жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт сифатида намоён бўлди.

Кейинги йиллар тажрибаси шуни тасдиқламоқдаки, ўтаётган ҳар бир йилимиз улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, давлат ва жамиятни янада ривожлантириш борасидаги билиму тажрибамизни бойитиш борасида янги босқичларга юксалиш даври сифатида тарихга муҳрланмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу борада яна бир янги анъанани парламент амалиётига киритиш таклифи билан чиқди. Яъни, эндиликда Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси доирасида амалга оширилган ишлар бўйича Сенат ва Қонунчилик палатасида ҳар уч ойда ҳисобот бермоқда.

Ушбу жараёнлар оммавий ахборот воситаларида танқидий-таҳлилий асосда кенг ёритилмоқда. Натижада халқимиз Президент Мурожаатномаларида белгилаб берилган вазифалар ижроси қандай ҳолатда эканидан мунтазам хабардор бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи баҳо бериши учун қулай имконият яратади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини, вазирларни ҳам Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий қилинди. Айни пайтда маҳаллий Кенгашлар вилоят ва туман идоралари раҳбарларини тасдиқлаши масаласи ҳам ҳал бўлиши арафасида.

Бу каби янгиликлар давлат бошқарувини янада демократлаштириш, давлат идораларини халқимизга яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Натижада Президентимиз илгари сурган ҳаётий ғоя – халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги қонунлар даражасида мустаҳкамланмоқда.

– Парламентнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ўрни ва салоҳияти қандай?

– Кейинги беш йилда мамлакатимизда Бизнес-Омбудсман ва Болалар Омбудсмани ташкил этилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Гендер тенгликни ҳимоя қилиш бўйича комиссия каби янги тузилмалар иш бошлади.

Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини, имижини кўтаришга хизмат қилади. Инсон ҳуқуқларининг аҳволи мамлакатга хорижий сармоялар ва илғор технологиялар жалб этиш учун зарур шароит, мақбул муҳит яратади.

Инсон ҳуқуқлари мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик таъминланишига, барқарор иқтисодиёт ривожига ёрдам беради. Инсон ҳуқуқлари амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга содиқликни кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳаси парламент фаолиятининг энг муҳим ва устувор йўналишига айланган. Бу реал воқеликни қуйидаги иккита далил ҳам яққол исботлайди.

Биринчидан, кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари масаласида жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга муносабати тубдан ўзгарди. Илгари, мустақилликнинг 25 йили давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида бошимиз танқиддан сира чиқмаган. Шу чорак асрлик муддат Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқлари масаласида сурункали танқид ва маломатлар даври бўлди.

Энди вазият бутунлай ўзгарди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тарихий ишлар дунё ҳамжамияти томонидан мунтазам эътироф этилмоқда ва қўллаб-қуватланмоқда. 2016 йилдан эътиборан Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари масаласида эътироф этиш ва намуна қилиб кўрсатиш даври бошланди.

Иккинчидан, мамлакат ичкарисида ҳам бу борадаги муносабат бутунлай ўзгараётгани кузатилмоқда. Юртдошларимизнинг давлат ҳокимиятига ишончи оша бошлади. Бу, ўз навбатида, бугунги кундан розилик ва шукроналик ҳамда эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда. Натижада фуқароларимизда Ватан, халқ тақдири ва келажагига ҳақиқий дахлдорлик ҳисси кучайди.

Шундай қилиб, миллий парламентимиз халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини ҳам миллий, ҳам халқаро даражада мустаҳкамлаш борасида муҳим роль ўйнамоқда.

Ўзбекистон парламенти қонунчилик ишлари билан бир қаторда, ҳаётий муҳим масалаларни амалга ошириш бўйича мониторинг функцияларини ҳам кучайтирди. Хусусан, Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия, шунингдек парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларининг ҳисоботлари эшитилиши тизими йўлга қўйилган.

– Парламентимизнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳолати ҳақида нима дея оласиз?

– Ўзбекистон истиқлол туфайли мустақил халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамияти сафидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ўтган даврда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Парламентлараро Иттифоқ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан фаол халқаро ҳамкорликни йўлга қўйди.

Бугунги кунда Олий Мажлис мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятнинг ҳам фаол иштирокчисига айланди. Сўнгги йилларда Олий Мажлис Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламент Aссамблеяси, ЕХҲТ Парламентлараро Aссамблеяси каби қатор нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлиб кирди.

Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартибида баён этилган Барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 мақсад (БРМ) 2016 йилда расман кучга кирди. Ҳаракатлар стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг “йўл харитаси” бўлди ва у беш босқичда амалга оширилмоқда.

Бу босқичларнинг ҳар бири алоҳида ҳар йилги Давлат дастурини тасдиқлашни ва уни йил эълон қилинган номланишга мувофиқ амалга оширишни кўзда тутади. Ушбу дастурилмал ҳужжат асосида қуйидагилар амалга оширилди:

биринчидан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилди;

иккинчидан, қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолиятинипнг сифати тубдан оширилди;

учинчидан, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари қатъий эътиборда турибди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун” деган ғояни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, давлатимиз томонидан бу борада қатор ишлар амалга оширилиб, улар мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини юксалтиришга катта туртки бермоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган даврга қадар Ўзбекистоннинг парламентлараро муносабатлари, хусусан, халқаро ташкилотлар билан ўзаро мулоқотлари музлатиб қўйилган эди. Айнан шунинг учун ҳам замон шиддат билан ўзгараётган бир пайтда, биз бу “музни” эритиб, тараққий этган давлатлар билан тенглик асосида сиёсий ва иқтисодий муносабатларга киришиб, биринчи навбатда хорижий парламентлар билан парламент дипломатияси доирасида яқин муносабатларни ўрнатишга киришдик.

Ўзбекистон парламенти халқаро парламент жамоатчилигининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Парламентлараро Иттифоқ ҳамда бошқа халқаро парламентлар форумларида фаол иштирок этаяпти. Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг “Парламент ва инсон ҳуқуқлари принциплари”ни қабул қилиш, БМТнинг 75 йиллиги бўйича Декларацияга бугунги халқаро муносабатларда миллий парламентлар ва Парламентлараро Иттифоқнинг роли тўғрисидаги қоидаларни киритиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТ даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизга БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича махсус маърузачисининг амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди. Бу ташрифлар якунлари бўйича миллий парламент томонидан “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий парламентлар ўз мамлакатининг ривожланиш жараёнларида катта роль ўйнайди. Қолаверса, Парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим воситасидир.

Шу маънода, миллий парламентимиз демократик бошқарувнинг юраги сифатида ҳамиша фуқароларнинг, сайловчиларнинг, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида мустаҳкам туриши шарт.

«Дунё» АА