Покистонлик экспертлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати Конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Жорий йил 10 август куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан покистонлик ҳамкорлар иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган янги конституциявий ислоҳотлар таҳлили” мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Тараққиёт стратегияси” марказининг Ахборот хизматидан маълум қилинишича, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот марказининг экспертлари, Исломобод Олий суди вакиллари, ҳуқуқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда илмий-академик доиралар вакиллари қатнашди.
Давра суҳбатида бугунги кунда Ўзбекистонда кечаётган ижобий ўзгаришлар атрофлича муҳокама қилинар экан, ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Шунингдек, тадбирда маҳаллий маърузачилар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирни модератор сифатида бошқарган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз нутқида Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган энг асосий меъёрларга тўхталди.
Жумладан, Э.Туляков Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, “Инсон – жамият – давлат” асосий тамойили ва “Инсон қадри учун” ғоясини илгари суришни назарда тутувчи мамлакатнинг асосий қонунига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини, конституциявий кафолатлар ва қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ислоҳотларнинг шартлари тўғрисида фикр юритди.
Шу билан бирга, давра суҳбатида Конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, хусусий мулкчилик, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги ҳамда ушбу ўзгартиришлар халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси Жаҳонгир Ширинов конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичлари ҳамда ушбу жараёнда кенг жамоатчиликнинг иштироки ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.
Тадбирда иштирок этган Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбой Шариповлар Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги аҳамияти қанчалик муҳим эканлигини эътироф этдилар.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёни бўйича покистонлик мутахассислар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Хусусан, Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази ижрочи директори Холид Таймур Акрам ўз нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг сўнгги йиллардаги динамикаси, мамлакатдаги конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширилишида муҳим босқич эканлигини эътироф этди.
– Ўтган 5 йилда Ўзбекистоннинг ривожланишида сезиларли силжиш кўзга ташланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистонни минтақадаги муҳим давлатга айлантириш, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонга қаратиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан нафақат Марказий Осиё, балки Евроосиё минтақасидаги жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланди. Бу эса, ташқи сиёсатда ўзаро минтақавий боғлиқликни ривожлантириш, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё мисолида, шунингдек, ички сиёсатда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаш жараёнларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Экспертнинг фикрича, мазкур ислоҳотларни изчил давом эттириш учун, албатта, мамлакатда Конституциявий ислоҳотларнинг ўтказилиши табиий заруратдир. Шунингдек, эксперт томонидан Конституциявий ўзгартиришларда, энг аввало, миллий қадриятлардан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, хусусан, мамлакат аҳолисининг асосий қисми бўлган ёшларга ҳам алоҳида урғу берилганлиги эътироф этилди.
Марьям Раза, Покистон “Умумий келажак жамияти” тадқиқот маркази ижрочи директори ўринбосари:
– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон муҳим ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юз тутмоқда. Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилаётгани юксак эътирофга лойиқ. Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Муҳаммад Усама Рауф, Исломобод Олий судининг адвокати ва халқаро ҳуқуқ бўйича эксперт:
– Конституциявий ислоҳотларда давлат бошқаруви соҳасида илгари сурилаётган ўзгартиришларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур жараёнларда, айниқса жамоатчилик иштирокини кучайтириш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлайман.
Айниқса, Парламент назоратини амалга оширишга оид Олий Мажлис палаталари ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича киритилаётган таклифлар алоҳида аҳамиятга эга. Табиийки, Парламент фаолиятининг такомиллашуви давлатнинг бошқа институтлари самарадорлигининг ортишига хизмат қилади.
Шунингдек, Исломобод Олий судининг собиқ бош адвокати Миан Абдул Рауф Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар замонавий воқеликлардан келиб чиққан ҳолда зарур эканлигини, бу ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида икки мамлакат тадқиқот марказлари томонидан келгусида ҳам Ўзбекистон ва Покистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини биргаликда таҳлил этиш ва истиқболда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олинди.
“Дунё” АА