ШҲТ бош қароргоҳида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекиндаги бош қароргоҳида “Янги Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, Ўзбекистон «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда ШҲТ Котибияти раҳбарияти, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари, ШҲТга аъзо давлатлар элчилари ва дипломатлари, Хитой эксперт-таҳлил доиралари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Асосий маърузачилар сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов ва «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков онлайн тарзда сўзга чиқди.
Форум очилишида ШҲТ Бош котиби Чжан Мин мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни, «Янги Ўзбекистон» барпо этиш йўлидаги изчил қадамларни юксак баҳолади.
«Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг муҳим босқичини амалга оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикада кенг кўламли ислоҳотлар дастури давом этмоқда. Ўзбекистонга ташрифларим чоғида мамлакатдаги улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим».
ШҲТ Бош котиби Ўзбекистонда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳитни таъминлашга эътибор кучайтирилаётганини таъкидлади. «Бу ижтимоий давлат тамойилларига айнан мосдир».
– Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон халқаро жараёнларнинг муҳим иштирокчиси бўлиб, минтақавий ҳамкорликка жадал суръат бағишламоқда, ШҲТ маконида тинчлик ва барқарор ривожланишга муҳим ҳисса қўшмоқда”.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари академик Акмал Саидов конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистонни барқарор ривожланиши, халқ фаровонлигини бардавом юксалтириш, миллий тараққиётимизнинг кенг қамровли вазифаларини амалга ошириш учун ҳуқуқий пойдеворни янада мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
Конституциявий ислоҳотларнинг асосий ташаббускори Ўзбекистон халқи экани, бу жараёнда тараққиётимизнинг бирламчи тамойили сифатида «Инсон-жамият-давлат» тамойили қарор топаётгани айтилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан конституциявий ислоҳотлар умумхалқ референдуми орқали амалга оширилиши алоҳида қайд этилди. Маърузачи давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларидан иқтибос келтирди: «Бу том маънода халқимизнинг хоҳиш-иродаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади. Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир. Шунда ҳар бир юртдошимиз «Ўзбекистоннинг янги Конституцияси – бу менинг Конституциямдир», деб ғурур билан айта олади».
Шунингдек, Акмал Саидов иштирокчиларга мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичларини кенг тушунтириб берди. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ташкил этилгани, унинг таркиби ва вазифалари ҳақида айтилди.
Комиссия таркибига барча вилоятлардан депутатлар, сенаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа экспертлар киргани, умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фуқаролардан 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани таъкидланди.
Ўзбекистон «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида назарда тутилган энг асосий нормалар ҳақида гапирди.
Тақдимотлар давра суҳбати иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Улар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол ўртоқлашди.
Ли Юнцюань, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиёни ижтимоий ривожлантириш институти директори:
— Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мамлакатнинг миллий устувор йўналишларига мос бўлиб, республикани барқарор ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди.
Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, янги тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш жараёнининг мантиқий давомидир. Шу билан бирга, бу жараён халқаро стандартларга тўлиқ мосдир. Шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва изчил ўзгаришлар мамлакат миллий тараққиётига оид комплекс вазифаларни амалга оширишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ли Цзиго, Хитой Халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти директори:
— Ўзбекистон ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тараққиётни жадаллаштириш ва миллий фаровонликни ошириш йўлида илгари одимламоқда. Бу жараён Ўзбекистоннинг халқаро фаоллигига ҳам динамизм бағишлаяпти. Айни шароитда мамлакат Асосий қонунини ўзбек жамиятининг замонавий воқеликлари билан уйғунлаштириш жуда муҳим ва долзарбдир.
Конституциявий қонун лойиҳаси умуммиллий тарзда муҳокама қилингани жуда муҳим. Бу конституциявий ислоҳотлар халқ манфаатларидан келиб чиқаётгани, жамиятнинг кенг қатламларидан таклифлар олинаётганининг далолатидир. Демак, мамлакатнинг янги конституцияси чинакам халқ конституциясига айланади.
Сюй Тао, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти бош илмий ходими:
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар табиий равишда мамлакат тараққиёти динамикасига ҳамоҳангдир. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди ва бу жараённи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш керак. Муҳокамаларда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини кенг ифодалашга устувор аҳамият қаратилаётгани эътиборга молик. Ошкоралик, очиқлик ва инклюзивлик – Ўзбекистондаги конституция ислоҳоти жараёнини шу омиллар билан тавсифлашни истардим».
Су Чан, Хитой Ижтимоий фанлар академияси қошидаги Хитой ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик кенгаши директори ўринбосари:
— «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйилиши давлатнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришда муҳимдир. Ўзбекистон тараққиётининг «Инсон – жамият – давлат» тамойилига асосланган янги парадигмаси «инсон омили»га алоҳида урғу беради.
Ли Янь, Хитой Халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти илмий ходими:
— Ўзбекистон Конституциясига хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида гапирмоқчиман. Конституциявий ислоҳотлар фуқароларнинг иқтисодий фаолияти учун ҳуқуқий майдонни кенгайтирмоқда ва бу барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида муҳокама қилинган мавзу юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Элчиларнинг чиқишларида республикамиздаги ислоҳотлар жараёни, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол саъй-ҳаракатлари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги муваффақиятли раислиги юқори баҳоланди.
Мухтасар қилиб айтганда, давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёни мамлакатни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ изчил давом этаётгани, асосий мақсади республиканинг кўп миллатли халқининг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдан иборат бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этиш асослари тобора мустаҳкамланиб бораётгани тўғрисида якдил фикр билдирди.
“Дунё” ахборот агентлиги