ШҲТга аъзо давлатларнинг сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастурига доир
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Маълумки, ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раисликни қабул қилган бўлса, ўтган йил давомида жуда кўп ишлар амалга оширилди, кўплаб тадбирлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Булар, биринчи навбатда, ташкилотнинг обрўси ва салоҳиятини оширишга, ШҲТ мамлакатлари ўртасида қашшоқликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар, конференциялар, форумлар, семинарлар ва симпозиумлар, шунингдек, давлат раҳхбари томонларидан устувор деб белгиланган бошқа соҳаларга, яъни минтақавий савдо, саноат кооперацияси, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт соҳасида ШҲТ стратегиясини қабул қилиш дастурини ишлаб чиқиш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиётга таллуқли. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ахборот хавфсизлиги соҳасида ШҲТнинг экспертлар форумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Ҳозирги замон – бу ўзгаришлар, тўртинчи саноат инқилоби даври. Сунъий интеллект (СИ) бу жараённинг ажралмас қисми, ҳатто етакчи технологияси ҳисобланади. СИ банк, чакана савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, саноат, логистика ва қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг деярли барчасида кенг қўлланилади. СИ ривожланиш учун тасаввур қилиб бўлмайдиган салоҳият ва имкониятларга эга, аммо айни пайтда янги муаммолар ва таҳдидларга ҳам эга.
Жаҳонда бўлаётган рақамлаштириш жараёнлари ҳар сонияда мисли кўрилмаган миқдордаги маълумотларни ҳосил қилади. Илгари СИ улардан фойдаланиши учун маълумотлар тўпланиши, тозаланиши, ажратилиши, тузилиши ва стандартлаштирилиши керак эди. Бугунги кунда СИ бу ишларни ўзи бажариди ва турли хил боғлиқ бўлмаган манбалардан тартибсиз, сараланмаган маълумотлар билан ишлаб, таҳлил қилиб, фойдали маълумотларни чиқариб олиши, улардан фойдаланиш ва бошқаришни соддалаштириш учун уларни саралаши, шунингдек, керакли жойга ўз вақтида етказиши мумкин.
Маълумотларнинг ҳажми ва хилма-хиллиги, шунингдек, СИнинг уларни таҳлил қилиш ва тартибга солиш қобилияти, маълумотларни анонимлаштириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш муаммосини келтириб чиқаради.
Шунингдек, СИдан кенг фойдаланиш концептуал равишда меҳнат бозори, таълим ва ўқитишга таъсир қилади. СИ тизимлари аллақачон одамлар ўрнини ижодий фаолият соҳасида ҳам эгаллай бошлаган, аммо тиббиёт, таълим, маданият, ҳуқуқ ва бошқа шулар каби ахлоқ билан боғлиқ соҳаларда СИдан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак.
Бугунги куннинг яна бир тенденцияси – метакоинотлар (метавселенные). Бу ҳам янги имкониятлар ва хавф-хатарлардир. Симуляцияларда СИ энг тўғри ёки фойдали ечимни ҳисоблаш учун сон-саноқсиз сценарийларни тузишга имкон бериши мумкин. СИ тизимлар ҳамда жисмоний шахсларнинг рақамли аналогларини яратиши, истеъмолчилар гуруҳларининг ҳатти- ҳаракатларини башорат қилиши, уларнинг ўзаро таъсирини симуляция қилиши, бозорларнинг ҳатти-ҳаракатларини ёки мумкин бўлган муваффақиясизликларини, масалан, таъминот занжирларида башорат қилиши мумкин. Виртуал дунё одамларга, шу жумладан, имконияти чекланган одамларга чексиз имкониятлар бериши мумкин. Технологияларнинг инклюзивлигини ошириш, СИ имкониятларидан бутун инсоният манфаати учун самарали фойдаланиш муҳимдир.
Катта маълумотлар, суперкомпьютерлар ва машина асосида ўқитиш алгоритмлари соҳасидаги технологик муваффақиятлар туфайли СИ илғор ечимини тасаввур қилиб бўлмайдиган муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлиб бормоқда. СИ интеллектуал ўйинларда жаҳон чемпионларини мағлуб этади, дастур ёзади, математик теоремаларни исботлайди, мақолалар, мусиқа ёзади ва расмлар чизади. Чат-ботлар аллақачон Turing синовидан ўтди. Буларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида қувонтиради ва қўрқитади. СИнинг тўлиқ иқтисодий қийматини, шунингдек, хатарларини баҳолаш ва башорат қилиш жуда қийин.
Жаҳондаги сунъий интеллект бозори кескин ўсиб бормоқда. Масалан, пандемия туфайли тижоратда онлайн харидларни жорий қилиш ривожланмоқда, бундан ташқари, СИдан мижозлар билан ишлаш, омборхоналарни ва таъминот занжирини бошқариш, ақлли тавсиялар ва чат-ботлар учун фойдаланилмоқда.
Ўз навбатида, ШҲТга аъзо давлатлар ҳам сунъий интеллектни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Улардан баъзилари аллақачон сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича миллий стратегияларини қабул қилишган.
Масалан, сунъий интеллект технологияларининг ривожланиш даражаси бўйича Хитой ҳозирги пайтда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди. Ўн йил ичида мамлакат бу соҳада дунё етакчисига айланмоқчи. Хитой Халқ Республикаси 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича стратегик давлат дастурини қабул қилди. Унда СИ технологиялари келгуси ўн йил ичида миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий мезони бўлиши ва Хитой учун глобал меҳнат тақсимотида янги бозорларни забт этишда афзалликларни яратиши кўзда тутилган.
Ушбу технология Россияда ҳам жуда тез ривожланмоқда, жумладан, мамлакатда Yandex, Сбер, Mail.ru Group каби СИ соҳасидаги дастурлар ва тизимларни ишлаб чиқадиган йирик компаниялар мавжуд.
Ҳиндистон ҳам АКТ соҳасидаги етакчи давлатлардан бири сифатида СИ дан нафақат иқтисодий ўсиш, балки ижтимоий интеграция учун ҳам фойдаланишга эътибор қаратмоқда, миллий СИ стратегияси доирасида ўзига хос ёндошувни амалга оширмоқда. Уларнинг стратегияси ривожлантиришга қаратилган ва ҳинд аҳолисига сифатли иш топиш имконини берувчи, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий таъсирни максимал даражада ошириши мумкин бўлган СИ бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва соҳага сармоя киритишга қаратилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда ШҲТга аъзо бошқа давлатлар ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш сари қадам ташламоқда.
Сунъий интеллектни ривожлантиришнинг глобал тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизда СИни жорий этиш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Ушбу соҳани тартибга солувчи бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Масалан, мамлакатнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган инновацияларни ривожлантириш стратегияси тасдиқланган ҳамда Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси ҳам ишлаб чиқилган. Давлат даражасидаги қарорлардан ташқари, бу соҳада халқаро ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлиб, дунё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этувчи ШҲТ умумий манфаат, тинчлик ва фаровонлик йўлида СИдан фойдаланиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга имкон беради.
“Дунё” АА