Шодлигим тошиб кeлаётир, Наврўз!
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Қишнинг баданни игнадек тешиб юборадиган изғиринлари ортда қолди. Қорнинг муздек совуғидан зада бўлган Қаттақум адирликлари март ойининг ўрталарига келиб Жануб қуёшининг тафтида яшил тусга кирди. Кечагина афғон шамоли изғиринидан тўзғиган қумлоқ ўрнида ҳосил бўлган ям-яшил ўтлоқлар кишини ўз бағрига чорлаётгандек туюлаверади. Бундан анча йиллар аввал, истиқлолгача бирор байрам келди, дегунча ҳатто ёшларнинг ҳам юраги зирқираб турарди. Албатта, партия ҳақидаги мадҳияларни ёдлаш шарт қилиб қўйилар, урра, урра дейишавериб ўқувчию талабалар ҳам безор бўлиб кетишар эди. Энди эса…Одамлар бутунлай бошқа оламда яшаётгандек ҳис этишади ўзини. Хоҳласанг юрт ҳақида қўшиқ айтасан, истасанг отга миниб олиб кўпкари чопасан, истасанг…
Бандихон, Бойсун, Қизириқда ҳам бу галги Наврўз ҳар қачонгидан кўра бошқачароқ бўлди. Минглаб одамлар тўпланган поёнсиз адирлик гўё улкан сайил майдонига айланиб кетди. Ҳамма ёқда яшиллик, яшариш ҳукм сурган. Яйловда байрам қилиш қанчалик гаштли эканлигини кишиларнинг юз-кўзида қувонч порлаб турганлигидан ҳам илғаш қийин эмас. Ҳу, анави Истаралик Ойнахол момо Худойқулованинг қўлидаги чанқовузми? Инсон қўли шунчалик сеҳрли эканлигига ҳайратингиз янада ортади. Наҳотки одам боласи оддий темирга бунчалик жон ато этиб, юракни эзғилайдиган даражада сайратиб юборадия…
Чолғу асбобидан чиққан сеҳрли оҳанг киши кўнглида фироқнинг сирли суратини чизгандек, не-не тошюракларни муз каби эритиб юборгудек. Унинг ноласи қулоқларим остида жаранглаганда Бойчибори туёғига мих қоқилган Алпомиш дилидан ўтган туғёнли ўйлар, етти йиллик зиндон азобидан зада бўлган кўнгиллари ғамга тўлиб, алп баҳодирнинг дашту-биёбонда кетаётган ҳолати хотирада жонлангандек бўлди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бунчалик қудратли, сеҳрли оҳанг яна қайси мусиқа асбобидан таралади?
Гиламбоплик Майрам, Оқжарлик Малика, Истаралик Ойнахол момо кийган зарли, кашталанган кўйлаклар, тикилган ҳапаматлар, қулоғидаги катта-катта сирғалар бизга қадим Бақтрия аёлининг бундан минг йиллар аввалги турмуш тарзидан огоҳ этмайдими? Унинг турмуш ўртоқлари, дугоналари ҳам ҳар галги Наврўз байрамини интиқиб кутар эди.
– Холажон, ўтмишда байрамларни қандай ўтказар эдингиз?
Майрам момонинг қувонч балқиб турган юзида маҳзунлик зоҳир бўлди. У нималарнидир эслашга ҳаракат қилгандай, бироз ўйланиб қолди.
– Ўҳ, нимасини айтасан, сира айтқилиғи йўқ. Биз тенгилар, айниқса келинчаклар Наврўз кунларида ўз куёвларини еру-кўкка ишонмай, таърифини келтириб мақташар, ҳалинчаклар учишарди, хиргойи қилишарди дугоналарим. Ҳозир ҳам ўнлаб халқ қўшиқларини биладиганлар бор. Мана кўряпсан, «Қўнғирот» ансамблида қатнашаётган момоларнинг кўпчилиги бир бошидан куйлашаяпти. Иккинчидан, бизнинг либосларимиз, тақинчоқларимизга ўхшаганларини бошқа вилоятлардан топа олмайсан.
– Қизиқ, яна қандай фарқи бор Қашқадарёлигу Сурхондарёликларнинг?
– Айланиб ўргилайин сенгинадан, воҳа тарафларда Наврўз таомлари ҳам ўзига хос-сумалак, атала, талқон, ғилминди. Санайверсам адо бўлмас. Мана кўряпсан, ҳамма ёқ, ўт-улан. Агар исмалоқ, шўра, яна бир талай ўтларни майдалаб, ун солиб, сув қўшиб қорисанг кўк патир ҳосил бўлади-қўяди. Наврўз кунлари айниқса, Сурхондарёнинг хушбўй талқонини еганлар дармонда, емаганлар армонда. Гапнинг очиғи, байрам яхши ўтишида Фаррух Раҳмонов, Раҳматулла Тоғаев, Зафар Эшқулов, Абдулфаттоҳ Ҳусанов, Абдуқодир Абдусатторов, Фарҳод Расулов, Умид Ҳожиев каби фидойи инсонларнинг хизмати ва ташкилотчилиги самарали бўлаётир.
Қадимий байрам арафасида Термизнинг Афғонистонга туташ адирларида минглаб кишиларнинг айримлари қувончдан ўзларича хиргойи қила бошладилар. Севинмай бўладими, бир неча минг чақирим, олисларда-айрим ўзга юртларда совуқ қуролнинг даҳшатли овози юракни тилка-пора қилгудек эшитилсаю, Сурхон воҳасидаги инсонлар деярли ҳар куни байрамнинг ширин таъмини татиб турсалар! Севинмай бўладими ахир, шундоққина ёнгинангиздаги баъзи давлатларда минглаб одамлар кўзи бир ушоқ нон топиш илинжида жавдираб турсаю бизнинг воҳада тўкин дастурхон атрофида ўтирган минглаб кишилар тўрт фаслда етиштирилган турфа ноз-неъматлардан баҳра олсалар! Бундан ортиқ бахтни яна топиш мумкинми?
– Оллоҳга беадад шукур, одамларимизнинг кўзи тўқ, – дейди ташкилотчи инсонлардан бири Абдумуталлиб Арабов қувончини изҳор этиб. – Бизнинг вилоятимизга, Ватанимизга ҳавас қилишса арзийди. Айрим жойларда эса… Эшитишимча, ҳатто қадимий байрам ҳам кўпларга татимай қолган, дейишади. Худо шундай кўргиликлардан асрасин. Ўзбекистонда тинч ва осойишта ҳаёт кечиришимиз учун фидойилик қилаётган Юртбошимизнинг умри узоқ бўлсин! Мана кўриб турибсиз, гўзал Ватанимизда ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда катта ишлар қилинаётир. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ривожланаётир, одамлар турмуши анча яхшиланиб қолди.
Ҳозиргидек эсимда, илгари Наврўз тантаналари Термизнинг тор кўчаларида, унчалик катта бўлмаган боғлари ва хиёбонларида ўтказилар, бундан туманлардан келган томошабинлар сира қаноатланмай кетишар эди.
Мана кўриб турибсиз… Наврўз байрами туманларда ҳар йили Сурхон халқининг бағридай кенг, мўл адирликларда, дилни яйратадиган баҳаво жойларда, қайта таъмирланган Отчопарда бўлаётгани қувонарлидир.
Гўзал ва сўлим жойлар ҳақиқий сайил майдонига айланиб кетади. Қадимий осори-атиқаларни бағрига олган ўнлаб ўтовлар қурила бошланади. Уларда Сурхон воҳасининг фақат ўзига хос урф-одатлари, удумлари ўз муҳрини қолдирган расм-русумлар амалга оширилади. Алпомиш юртининг танти одамлари тайёрлаган ноз-неъматлар, турли ҳунармандчилик буюмлари ва хориждан келган меҳмонларнинг кўзларини ўйнатувчи турфа кашталар, турли зардўзлик кийимлари намойиш қилинади.
…14 март куни Бандихонда ўтказилган байрам ҳар қачонгидан кўра завқли бўлди. Томоша қиламан, десангиз бу ерда бир қатор янгиликларга дуч келасиз. Турли корхона ва фирмаларнинг маҳсулотлари намойиш қилинмоқда. Моҳир қўллар бунёд этган гўзал ва ўта сифатли буюмлар кўпларни лол қолдирди. Миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳам оз эмас.
– Сурхоннинг кураги ерга тегмайдиган алп баҳодирлари Муҳаммадкарим Хуррамов, Самижон, Зоҳид Ҳисомиддиновлар, Музаффар, Ўткир, Шермуҳаммад, Норқувват полвонлар билан фахрланмай бўладими!? Кўпчилиги ҳатто халқаро мусобақалардаги хорижлик тенгдошларини армонда қолдириб келишаётир. Уларнинг курашини томоша қилганларга мазза, – дейди тадбиркор Ислом Худойбердиев қувончини изҳор этиб.
Вилоятнинг турли туманларида Алпомиш авлодлари-моҳир чавандозлар беллашувлари қизиқарли ўтказилаяпти. Ҳар хил халқ ўйинлари-чиллик, Сурхон воҳаси халқигагина хос бўлган томошалар, аскиялар, ичак узди ҳангомалар туманлардаги байрамларга файз, жон киритиб юбораяпти.
Энг асосийси, юракларни сел қиладиган эстрада қўшиқларини айтмайсизми? Эл севган санъаткорлар-Маҳмуд Намозов билан Ҳосила Раҳимова куйлаганда томошабинларнинг олқишлари узоқ давом этди. Сурхон воҳасининг мард, танти ва жайдари инсонлари феъл-атворига хос ўйноқи куй ва қўшиқлар одамлар кўнглини умрбод хушнуд этса не ажаб?
…Кўҳитанг тоғ этакларига чиққан минглаб одамлар шаҳарнинг сершовқин ҳаётига бутунлай кўникиб қолиб, кўп йиллар давомида узатсангиз қўл етгудек яқиндаги салобатли тоғлар ўнгирларида дам олишни ҳам бутунлай унутиб юборганликларини ачиниш билан хаёлдан ўтказдилар. Қаранг, инсон боласи техника асрида нуқул шаҳарнинг тор кўчалари, кенг бўлмаган хоналарида яшашга ўрганиб қолиб, табиатнинг сирли ва сеҳрли жозибасидан баҳра олишни деярли эсдан чиқариб қўйишганлигини кўпинча кеч англар экан. Мана бугун Наврўз, яйрагинг келади. Яшил тус ола бошлаган адирликларда югуришга шайланасан.
…Ал Ҳаким Термизий, Шерободда Абу Исо Термизий мақбаралари олдидан ҳам зиёратчилар аримай қолишди. Ўнлаб машиналарда олис вилоятлардан келган юзлаб ёшу кексалар байрам кунларида бу обидаларни зиёрат қилишни инсоний бурч деб билдилар.
– Жарқўрғон, Бойсун, Бандихонда кеча ўтказилган Наврўз сайиллари кишилар хотирасида яна кўп йиллар сақланиб қолишига шубҳа йўқ. Ахир, меҳнат аҳли байрам томошаларини қанчалик мазмунли ўтказса, шунчалик ярашади – дейди фидойи кишилардан бири, Истаралик Абдурашид Ортиқов.
…Гапнинг очиғи, хонанданинг қўшиғи авжига минган паллада соч-соқоллари ўсиқ бир бобо билан гурунглашиб, кўнглим сал бузилгандек бўлди. У унчалик узоқда жойлашмаган хорижий давлатдан тантаналарни кўриш учун келган экан. Тўғриси, унинг гаплари юрагимни анорни сиққандек эзғилаб юборди. «Эҳ, укажоним, нимасини айтасиз, бундай рақсларни кўрмаганимга, қўшиқларни эшитиб, кўнглимни яйратмаганимга анча йиллар бўлиб қолди. Бунинг ўрнига бирор ғаламис пақ эткизиб отиб кетмасмикин, деган ҳадик одамни безовта қилаверади. Ҳавасим келади. Фақат...Орзу қиламан... Бошқалар ҳам орзу қилса арзийди. Ахир кўнглига қўшиқ айтиш ва тинглаш сиққан халққа ҳавас қилаётганлар оз эмас.
Сурхондарёда бодом гуллаганига анча бўлди. Демак, бу йилги мевалар янада мўл бўлаверади. Демак, фақат табиатгина эмас, ҳаётимиз гуллаб-яшнайверишига шубҳа йўқ!
Ҳали қуёш чиқмасиданоқ адирларга дарёдек оқиб келаётган одамлар жуда қизиқ томошаларнинг қай бирини танлашини билолмайди.
– У-в, анови ўтовларни қаранга,
– Юринглар, халқ амалий санъати кўргазмасини мақташаяпти!
– Тошкентдан зўр артистлар келишган, дейишади!
Кенг адирликни эгаллаган юзлаб одамлар харидорини чорлаб, жануб қуёши тафтида пишган сон-саноқсиз ноз-неъматларни кўз-кўз қилаверади.
– Бойсуннинг тандир кабобини емабсиз…дунёга кемабсиз!
– Талқондан татиб кўринг, оғзингизда эриб кетади!
– Минг дардга даво Шерободнинг аноридан олинг!
– Вахшиворнинг майизига келиб қолинг, бундайини дунёнинг нариги четидан ҳам тополмайсиз.
– Истаранинг қовунидан енг, ширинлиги тилингизни ёрмаса ҳисоб эмас!
Кураш майдонида баковулнинг ҳайқириғи Кўхитанг тоғларидан акс-садо беради.
– Ол жоғосини жуп қип ушла. Чил берда, жерга чикка қип ташла! Жоврини тийсин! Дустамани ғирром!
Бепоён адирдаги шамолдай учқур бедовларга қамчи босганча ҳай-ҳайлаб кетаётган мўйловли чавандозлардаги жасурлик ва ботирлик хислатлари дунё миқёсида олиб қаралганда камёб эканлигини биласизми?
Бу тарафда эса доиранинг гумбур-гумбури юракни орзиқтириб, сел қилиб юборадиган қўшиқ, куй садолари қулоқни қоматга келтирадиёв. Бахшиларнинг Алпомиш тақдиридан сўйловчи достонини эшитаётган одамлар юзидаги қувонч тақдирдан шукроналик ифодасидек туюлди менга.
…Яқиндагина қадим Сурхон замини ҳам анча вақт қалин қор кўрпаси тагида жунжикиб ётар, доимо ҳароратли қуёш тафтига кўниккан жанубликларнинг кўнгиллари унчалик ёришмаётгандек эди. Ҳатто Наврўздан бир неча кун аввал бехосдан қуйган ёмғир кўчаларни тўлдирди, дарё каби оқа бошлади. Баҳор ҳавосидан сипқорган миллионлаб одамлар ҳаёт гаштидан завқлана олиш туйғусини янада яхшироқ ҳис этгандек бўлдилар. Бобо-момолар бўлса, қувончларини ичига сиғдиролмай қўлларини фотиҳага очиб: «Эй, улларим Яратганга минг қатла шукур, биз бандаларига мўл ризқ-рўз бераяпти, барака ёғдираяпти, дея шоду хуррам бўлишди. Бир неча кун аввал ўзларини ёмғирдан асраш учун соябон кўтарган, қийқириб сон-саноқсиз ўтовларга биқиниб олган қиз-йигитлар қадимгидек яна чарақлаб чиққан жануб қуёшидан тўкилаётган беҳисоб нурлардан қувонишаётганлиги учун аввалгиданда шодонроқ, янада жўшқинроқ кўринди менга.