Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

СИЁСИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВ: “ПАРЛАМЕНТДА СИЁСИЙ КУЧЛАР ПАЛИТРАСИ: ЧЕГАРАЛАР ҚАЕРДАН ЎТАДИ?”

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
СИЁСИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВ: “ПАРЛАМЕНТДА СИЁСИЙ КУЧЛАР ПАЛИТРАСИ: ЧЕГАРАЛАР ҚАЕРДАН ЎТАДИ?”

Давлат ва жамият қурилиши борасидаги жаҳон тажрибасидан маълумки, жамиятни демократлаштириш фақат аҳолининг кенг қатламларини турли вакиллик органлари орқали ҳокимиятни амалга оширишга самарали жалб этиш воситасида бажарилади. Шу боисдан, ҳозирги даврда парламентаризм тобора тараққий этиб бораётган ижтимоий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамиятни бошқаришнинг ўзига хос прогрессив ва демократик тизими сифатида тавсифланади.

Парламент жамиятнинг турли-туман қатламларини, ижтимоий гуруҳларини яхлит тарзда бирлаштирадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида муҳим фаолиятни амалга оширувчи институтдир. Парламентнинг энг асосий вазифаси, шубҳасиз, жамиятдаги турли манфаатларни мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги йўлида бирлаштиришдан иборат.
Парламент давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини бажаради, парламентаризмнинг нечоғлик равнақ топганлигига қараб, демократик тараққиёт, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилиш, халқ манфаатининг қонуний таъминланиши, том маънода, фуқаролик жамиятининг тараққиёти даражасини белгилаш мумкин бўлади.
Таъкидлаш жоизки, замон талаблари асосида тараққий этишни устувор мақсад сифатида қўяётган янги Ўзбекистон парламенти бугун мутлақо янгича шароитларда фаолият олиб бормоқда. Йилдан-йилга фуқаролар томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ишлаб чиқилган аниқ дастурлар ва “йўл хариталари”да тасдиқланган чора-тадбирларни мутасадди идоралар томонидан тўлиқ амалга ошириш борасидаги ишларнинг бажарилиши юзасидан парламент назорати ўрнатилиб, бу борада сифат ва масъулиятга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти органлари, жумладан, иқтисодиёт, банк-молия соҳаси идоралари, коммунал хизмат, ички ишлар, ташқи ишлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизимининг парламент ва маҳаллий кенгашларда ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, халқ назорати амалда жорий этилмоқда. Ушбу муҳим жараёнларда, сиёсий партиялар вакилларининг, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва масъулияти беқиёс бўлиб, парламент жамиятнинг турли қатламларини умумий яхлитликда ўз ортидан эргаштириш, халқни эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир бўлган катта кучдир.
Ўзининг тадрижий тараққиёти давомида миллий парламентга янгидан-янги ваколатларнинг бериб борилиши, халқимиз ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ўсиши, сиёсий партияларнинг демократик қадриятлар негизида ривожланиб бориши натижасида қонун чиқарувчи ҳокимият дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги парламентларга хос сифат ва белгиларни ўзида мужассамлаштириб бормоқда.
Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини кучайтириш орқали қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижроси, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги амалий ифодаси кутилган натижани беради. Бу, ўз навбатида, давлат ривожи, юрт равнақи, халқ фаровонлигига мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
Маълумки, сиёсий партиялар ижтимоий тараққиётнинг турли йўллари ва стратегияларини ишлаб чиқиш орқали муайян социумнинг интеграциялашувини таъминлаб беради. Давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ўзига хос “ижтимоий амортизатор” вазифасини бажаради. Муаммоларни халқ ичидан тортиб олиб, уларни ғоявий-дастурий кўринишда шакллантирган ҳолда давлат даражасига олиб чиқишга кўмаклашади. Ижтимоий амортизаторларнинг асосий вазифаси эса, албатта, давлат ва жамиятни қийнаётган долзарб муаммоларни аниқлаш, юмшатиш ҳамда бугунги кун тартибига кўчиришдан иборатдир.
Давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий тизимининг шаффофлиги, барқарорлиги ва легитимлигини таъминлаш, энг аввало, хилма-хиллик муҳитини яратиш ҳамда сиёсий плюрализмга боғлиқ. Кўппартиявийлик тизими, партиялараро соғлом рақобат бу йўлдаги муҳим мезонлардандир.
Кўппартиявийлик тизими асосидаги соғлом рақобат, парламент минбаридаги конструктив баҳс-мунозаралар, принципиал тортишувлар ҳар бир сиёсий партия, парламентда фаолият юритувчи ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва сиёсий позициясини аниқ намоён қилади.
Мамлакатда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис фаолиятини, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш борасида қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси доирасида тизимли фаолият олиб борилмоқда.
Энди бевосита, ҳозирги кунда миллий парламентимиздаги сиёсий кучлар, уларнинг умумий кесимдаги ўрни ва мавқеи, улар томонидан илгари сурилаётган ранг-баранг ғоялар, давлат тараққиёти учун таклиф этилаётган умумлаштирилган дастурлар плюрализми, турли ижтимоий-сиёсий позицияларга тўхталиб ўтсак.
Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги янада тизимлаштирилиб, яхлит Сайлов кодексининг қабул қилингани, сиёсий кураш ва дебатлар майдонининг тўлиқлигича сиёсий партияларга берилиши, партиялар вакиллари ваколатларининг кенгайиши, сиёсий партияларнинг сайловолди жараёнларида асосий мақсад ва йўналишларида аниқ фарқланишлар кузатилганлиги сўнгги парламент сайловларида иштирок этган хорижий экспертлар томонидан алоҳида эътироф қилинди.
Ўзбекистонда 2019 йил декабрда ўтказилган парламент сайловларининг умумий якунларига биноан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 36, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 24, Ўзбекистон Халқ демократик партияси 22, Ўзбекистон Экологик партияси 15 депутатлик ўрнини эгаллади.
Ўз-ўзидан, парламентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси етакчи мавқега эга сиёсий кучга айланди. Партиянинг асосий мақсадларига қуйидагилар киради:
- сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлаш;
- партиянинг давлат бошқаруви, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш. Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини оширишда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш. Ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, дея ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлимиз, қадриятларимиз, миллий ва диний анъаналаримиз, урф-одатларимизни қадрлаш, шу билан бирга, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши изчил кураш олиб бориш.
Қонунчилик палатасида вакиллари кўп бўлган иккинчи партия – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англашнинг ўсиши, миллий ғурур, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғусини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш;
- ўз сафида юртнинг ватанпарварларини бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини Ўзбекистон манфаатлари ҳамда унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида сафарбар этиш;
- ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш ва у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақилликни, халқнинг қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, унинг маънавий эҳтиёжлари ва қизиқишларини чеклашга бўлган уринишларга қарши курашишга таъсирчан ҳисса қўшиш.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мақсадлари:
- Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш;
- Республикада кечаётган ислоҳотларнинг жадаллашуви эришиш, ҳуқуқий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш;
- жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш;
- аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатламлари учун зарур ижтимоий муҳофазани таьминлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлагани унинг мамлакат сиёсий кучлари сўл қаноти бўлишлигини белгилайди. Партия Ўзбекистоннинг мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш, мамлакатда фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади. Халқимизнинг мустақиллик ва озодлик, тенглик ва адолат, тинчлик ва тотувликка азалий интилишлари партия мафкурасининг табиий сарчашмаларидир. У халқимизга ҳамиша хос бўлган ва бугун ҳам унинг менталитетини белгилайдиган ҳамжиҳатлик, жамоавийлик принципларига таянади.
Қонунчилик палатасида энг кам депутатлик ўрнига эга бўлган Ўзбекистон экологик партияси фуқароларнинг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф-муҳит шароитида яшаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, барча табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини ҳамда уларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга интилади. Партия “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги” ғоясини ўзининг асосий шиори ҳисоблайди ва уни амалий бажарилишини таъминлаш мақсадида ўз олдига қуйидаги дастурий вазифаларни қўяди:
- атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш;
- атроф табиий муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган қонунлар ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда бу соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича тизимли ишларни юритиш;
- атроф табиий муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларни ижро этишда марказ ва жойларда давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа тузилмалар масъулиятини ошириш;
- аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш;
- атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
- атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш;
- атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги жами 12 та қўмитанинг 7 тасига ЎзЛиДеП, 2 тадан қўмитага МТДП ҳамда АСДП, 1 та қўмитага ХДП вакиллари раҳбарликни амалга оширмоқда.
Парламентдаги сиёсий кучларнинг ўзига хос палитрасидаги муҳим омиллардан бири бу турли хил сиёсий мақсадларни кўзлайдиган, сайловлардан сўнг шакллантирилган ҳукуматнинг тутадиган йўли (курси) ва дастурига ўз муносабатини белгилаб оладиган сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқий мақомини белгиланишидир. Бунда, Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади. Шу билан бирга, парламентдаги кўпчиликни ўзларининг дастурий вазифалари яқинлиги ёки ўзаро мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузаётган бир неча сиёсий партия фракциялари ташкил этиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси бошқа сиёсий партияларнинг фракциялари билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаган айрим масалалар бўйича ҳамкорликда иш кўришлари ҳамда блок тузишлари, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига ўзини мухолифат деб эълон қилиши мумкин. Партия Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракат қилувчи бошқа сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (жамоат бирлашмалари, ҳаракатлар, жамғармалар ва ҳоказолар) билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши мумкин. У бошқа сиёсий партиялар билан иттифоқ (блок) тузиши ёки бошқа шартномавий муносабатлар ўрнатиши мумкин.
Бошқа сиёсий партиялар, ҳаракатлар билан иттифоқ (блок) тузиш тўғрисидаги қарор партия Қурултойи ёки Сиёсий Кенгаши Пленумида қабул қилиниши лозим. Сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бошқа турдаги муносабатлар тўғрисида тузилган шартнома ва битимлар ҳақида Сиёсий Кенгаш Пленумига ахборот берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг бошқа сиёсий партиялар билан блоклар тузиш, умумий нуқтаи назар бўйича келишувлари ёки уларга нисбатан мухолифатда бўлишлари тўғрисидаги қарорлари Сиёсий Кенгаш Пленумида ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси мажлисида кўриб чиқилади.
Демократик кучлар блоки – парламентдаги кўпчиликни ташкил этиш мақсадида ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолдабир нечта сиёсий партиялар фракциялари ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришидир.
Ушбу амалиёт миллий парламентимизда 2010 йилдан буён фаол қўлланилиб келинмоқда. 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари ўртасида “Демократик кучлар блоки”га бирлашиш тўғрисида Битим имзоланди.
Сайловлардан сўнг, 2015 йилда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма мажлиси асосида парламентнинг қуйи палатасида “Демократик кучлар блоки” тузилган эди.
Бундай самарали амалиёт ривожланган демократик мамлакатларнинг парламентларида кенг татбиқ этилмоқда. Демократик блок фаолиятида кўпчилик овозга эга бўлган ҳолда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари фаолияти самарадорлигини кучайтиришга, шунингдек, уларнинг Сайловолди платформасида белгиланган устувор дастурий вазифаларини амалга оширишга имкон яратади.
Яна бир ижобий жиҳати, блокка бирлашган партия фракциялари масалаларни олдиндан муҳокама этиш ва улар бўйича якдил нуқтаи назарни ишлаб чиқиш билан бир қаторда, ўз дастурий мақсад-вазифаларига мувофиқ фаолият кўрсатиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қоладилар.
Ўз навбатида, 2015 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси, шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” демократик партияси фракциялари ўзларини парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолифат деб эълон қилдилар.
Маълумки, сайловлар якунлангач, янги парламент шаклланиши арафасида партиялар фракциялари ўзаро бирикиб, парламентда кўпчилик бўлиш учун интилади. 2019 йилги сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия сифатида ЎзЛиДеПда бундай имконият нисбатан кўпроқ. Бу шароитда, ХДП фракцияси парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолиф позициясида бўлмоқда.
Мамлакат парламентидаги сиёсий кучлар, яъни сиёсий партияларнинг ғоявий платформаларида намоён бўлган принципиал фарқлар жорий фаолиятда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биргина мисол, агар ЎзЛиДеП либерал ғояларга содиқ қолган ҳолда, иқтисодиётни тўлиқ бозор тизимига ўтказишни, ижтимоий соҳага ҳам бозор муносабатлари татбиқ этилишини таклиф этаётган бўлса, ХДП эса жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик ва натижада юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий тарангликнинг олдини олишни таклиф қилмоқда. Бунинг учун, албатта, ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат қоидаларига риоя этилиши зарур. Бу эса, яратилган тенг имкониятлар ва соғлом рақобат асосида сиёсий кучларнинг ижтимоий-сиёсий интеграциялашувини вужудга келтиради.
Замон билан ҳамнафас тарзда ривожланиб бораётган ҳозирги босқичда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар майдонига, сиёсий партияларнинг соғлом рақобат муҳитида турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиб бормоқда.
Қайд этиш жоизки, сўнгги беш йил давомида Қонунчилик палатаси фаолияти сезиларли даражада жонланди, ва бугунги кунда тобора янги сифат босқичига кўтарилиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, парламентда кўпчиликни ташкил этадиган партия ва унга мухолифатда бўлган партиялар ўртасидаги соғлом рақобатга замин ҳозирлайди. Рақобат эса тараққиётга етаклайди.
Мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошган, оммавий ахборот воситалари фаолияти янада эркинлашган, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан алоқалари ҳар томонлама изчил уйғунлашаётган шароитда, турли ижтимоий қатламлар манфаатини умуммиллий манфаатлар билан чамбарчас боғлаётган сиёсий партияларнинг аниқ йўналтирилган соғлом рақобати муҳим ўрин тутади.
ИА " Дунё "