Таълимдаги ислоҳотлар натижаси мактаблардаги ўзгаришларда яққол ифодасини топмоқда
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Президент ташрифидан сўнг...
Хайрли амалнинг катта-кичиги бўлмайди. Набирасининг дафтар олиши учун пул берган онахон, боласини тўлов-шартнома асосида университетда ўқитаётган ота-она, маҳалла ёшлари учун мактаб қуриб берган тадбиркор...
Бу рўйхатни ҳали кўп давом эттирсак бўлади. Йўналишлар, шакл-шамойил бошқа-бошқа бўлиши мумкин, лекин мақсад бир нуқтада туташади. Бу – таълим, фарзандлар келажагига сармоя киритиш.
Ўзбекистонда катта-кичик лойиҳа ва ташаббусларга сарф этилаётган маблағнинг кўп қисми ёш авлод тарбиясига дахлдор масалаларга йўналтирилмоқда.
Оддий мисол, кейинги етти йилда таълимни ривожлантиришга жами 216 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун бюджетдан 19,5 триллион сўм сарфланган. Натижада 6 мингта давлат мактаби ва 3 минг 500 та боғча реконструкция қилинди ҳамда янгидан қурилди.
Бу ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда хусусий таълим тизимига ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Буни кейинги етти-саккиз йилда хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тага етганида ҳам кўриш мумкин.
Мавзуни умумийликдан чекиниб, бир таълим даргоҳи мисолида давом эттирамиз.
Барча қулайликларга эга аҳоли яшаш манзилларига замонавий зиё масканлари ярашади.
Навоий шаҳридаги Фаровон маҳалласи янги ташкил этилди. Бу манзилда кейинги тўрт-беш йилда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Бугун бу ердаги 50 дан ортиқ кўп қаватли уйларда 15 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, ижтимоий соҳа объектлари, театр биноси ва меҳмонхоналар фойдаланишга топширилди.
Бу янги объектлар орасида 22-умумтаълим мактабининг беш қаватли биноси алоҳида ажралиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида 31 октябрь куни ушбу таълим даргоҳида ҳам бўлди.
Бир минг саккиз юз нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган бу муассаса ўтган йили янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилди.
Кутубхонада олти мингтага яқин бадиий адабиёт жамланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона электрон тизимга уланган.
Президент ташрифидан сўнг ўқувчилар ва мактаб педагогик жамоаси билан суҳбатлашдик.
– Мамлакатимиздаги янгиланишлар, таълим тизимига эътибор натижаси шу даргоҳда ҳам ўз ифодасини топган, – дейди мактаб директори Феруза Файзиева. – Давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифатини Президент ва Ихтисослаштирилган мактабларга яқинлаштирган тарзда амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Бизда шу жиҳат инобатга олинган. Мактабимизга 104 нафар ўқитувчи билими ва педагогик маҳорати инобатга олинган ҳолда саралаб ишга қабул қилинган. Дарслар ҳам ихтисослаштирилган мактаблар таълим дастури асосида олиб борилмоқда. Шунингдек, мактабимиз ўқитувчилар узлуксиз касбий ривожланиши учун таянч мактаблардан бири саналади. Юртимизда ўғил-қизларимизни камида иккита чет тили ва битта замонавий касб-ҳунарга ўргатиш мактаб таълимидаги муҳим йўналишга айланди. Мактабимизда бунга алоҳида шароит яратилган. Президентимиз бу қулайликлар билан танишди, ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашди. Ўйлайманки, бу мулоқот уларнинг ҳаёт йўлида катта марраларга етишида алоҳида мотивация бўлади.
Одатда катта биноларнинг ертўласи сув тошган қоронғи жой бўлади. Мактабнинг шу қисми мукаммал таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. Бу ерда амалий безак санъати, меҳмонхона хизмати, рассомчилик, сураткашлик, IT йўналиши, робототехника каби ўндан ортиқ касб-ҳунарларни ўргатишга мослаштирилди.
Ёшларга буюк саркарда ва жаҳонгир боболарнинг ватанпарварлиги, жасорати катта ибрат саналади. Шу жиҳат инобатга олинган ҳолда мактабда Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ватан таянчи” ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилди. Унда машғулотлар алоҳида дастур бўйича ўқитилади. Гуруҳда ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари тез-тез ўтказилади.
Ўқувчилар “Иқтидор” клубида эса мусиқа, театр ва санъат йўналишида турли машғулотларда иштирок этади.
Таълим даргоҳида “хавфсиз мактаб” тизими ишлайди. Бунинг учун муассасага кириш-чиқишда “Face ID” дастури ўрнатилган. У давоматни умумий, синфлар ҳамда ҳар бир ўқувчи кесимида олиб боради.
Мактабнинг инфратузилма тармоқлари марказий тизимга уланган, қўшимча 5,5 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.
Дарвоқе, ташриф доирасида Президент вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Унда Навоий вилоятининг чекка ҳудудларидаги 18 та эски мактабни ва ичимлик суви тармоқларини янгилаш, боғча ва мактаблар қуриш вазифалари белгиланди. Ислоҳотлар изчиллиги кўнгилларни шод қилади.