Ташки сиёсатда “юмшок куч”ни кўллаш масалалари мухокама килинди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
ТОШКЕНТ, 15 июль. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида “Ташқи сиёсатда “юмшоқ куч”нинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби Тизимли тадқиқотлар маркази раҳбари Шуҳрат Тожиев сўзга чиқди борди.
Вазирлик ходимлари, дипломатлар, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тадқиқотчилари ва талабалари қатнашган анжуманда сўнгги йилларда замонавий дунё ҳар томонлама чуқур ва сифатли ўзгаришларни бошдан кечираётгани таъкидланди. Инсоният кўплаб умумий ва янги – иқлим ўзгаришидан хавфли вируслар пандемиясигача, ўсиб бораётган геосиёсий қарама-қаршиликдан тортиб глобал иқтисодиётдаги мураккаб муаммоларгача бўлган глобал хатарларга дуч келаётгани барчага аён бўлмоқда. Аксарият давлатлар олдида ижтимоий барқарорликни сақлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш, ўз қадриятлари, анъаналари ва асосларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифалар турибди.
Бундай шароитда кўплаб давлатлар халқаро майдонда ўз манфаатларини рўёбга чиқариш учун янги шакл ва усуллардан фойдаланишга интилмоқда. Замонавий дунёда «юмшоқ куч»дан фойдаланиш ташқи сиёсатнинг энг самарали воситаларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Юмшоқ куч» – бу давлатнинг ўз манфаатлари йўлида халқаро муносабатларнинг бошқа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига таъсир қилиш, қулай амалий натижаларга эришиш, нуфуз ва таъсирни мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий ўзига хослигини тасдиқлаш мақсадида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда давлатнинг ижобий имижи ва жозибадорлигини ташқи соҳада шакллантириш ва амалга ошириш қобилиятидир.
Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва прагматик хусусиятга эга ташқи сиёсатининг сезиларли фаоллашуви шароитида ўзига хос «юмшоқ куч» моделини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Бундай сиёсат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган минтақавий ва халқаро миқёсдаги узоқ муддатли мақсадларга эришиш, миллий хавфсизлик ва жадал ривожланишни таъминлаш учун қулай ташқи шароитлар яратиш, «Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси»га мувофиқ кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади.
Мамлакатимиз мустақил тараққиётнинг дастлабки йилларида шаклланган ўзига хос «юмшоқ куч» концепцияни амалга ошириш учун тарихан ноёб салоҳиятга эга. Ўзбекистонда ижобий миллий имижни самарали илгари суриш, халқаро кун тартибини шакллантиришга таъсир кўрсатиш ва «юмшоқ куч»дан фойдаланган ҳолда ташқи соҳада миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун деярли барча бирламчи объектив ва субъектив ресурслар, механизм ва воситалар мавжуд. «Юмшоқ куч» усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг жозибадор қиёфасини изчил шакллантириш ташқи иқтисодий асосни ривожлантиришнинг зарур қисми деб ҳисоблаш мумкин.
Мамлакатимизда кенг қўлланилаётган «юмшоқ куч» восита ва механизмлари орасида анъанавий ва парламент дипломатияси, «рақамли дипломатия», минтақавий ва халқаро платформаларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Мамлакат ва минтақавий брендингни ривожлантириш ва тарғиб этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда, Ўзбекистоннинг корхона ва компаниялари дунёнинг кўплаб мамлакатларида машҳур бўлиб бораётгани давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва эътирофини оширмоқда.
«Юмшоқ куч» миллий концепциясини ҳаётга татбиқ этишда халқимизнинг жаҳонга машҳур тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, Ўзбекистоннинг қадимий меъморчилиги ва ўзига хос анъаналари алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг пухта ўйланган ташқи сиёсати туфайли халқ, оммавий ва ҳудудлараро дипломатия фаол ривожланиб, хориждаги ватандошларимиз ва диаспоралар билан тизимли ишлар олиб борилаётгани ташқи сиёсат йўналиши инсонпарварлаштирилганидан далолатдир. Ўзбек санъати, спорти, туризми, киноси, таълим ва илм-фан соҳаларида эришилаётган ютуқлар мамлакатимизнинг юксак ижобий нуфузини мустаҳкамлаш, жозибадорлигини оширишга улкан ҳисса қўшмоқда.
Бу борада энг муҳими шундаки, Ўзбекистоннинг, авваламбор, самарали ва сермаҳсул ички ислоҳотлар натижасида шаклланган ва умумэътироф этилган куч ва таъсири халқаро ҳамжамиятнинг умумий тинчлик ва бунёдкорлик мақсадларига эришиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида изчил фойдаланилмоқда.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси ва Евроосиё марказида ўзининг энг муҳим таянч ўрнини сақлаган ҳолда кенгайтирмоқда. Ўзбекистон халқаро майдонда мувозанатли, масъулиятли ва қатъий позицияга эга ҳамкор сифатида эътироф этилмоқда, бу халқаро сиёсатда беқарорлик кучайиб бораётган ва жаҳон тартиби ўзгариши даврида ғоят муҳимдир.
Давра суҳбати давомида ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқлиги, Ўзбекистон ташқи сиёсатини амалга оширишда иқтисодий дипломатиянинг ўрни, маданий ва рақамли дипломатиянинг замонавий усулларидан фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Республикамизнинг хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
«Дунё» АА