Тошкентда «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлик қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, мажлисда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни, хусусан, ижтимоий-иқтисодий, инвестиция, молия ва ҳуқуқ соҳаларидаги, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов меҳмонларга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, қўмиталар, комиссиялар ва депутатларнинг асосий вазифалари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи муносабатларининг сўнгги йилларида икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди ва кенг қамровли тус олди. Томонлар барча даражаларда, шу жумладан, олий даражада ўзаро алоқаларни амалга ошириб келмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама ва минтақалараро муносабатларда янги саҳифа очилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲБ) ишлаб чиқиш бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. 2019 йил февралдан бошлаб олиб борилган фаол музокаралар натижасида КШҲБ лойиҳаси 2022 йил 6 июлда парафирланиши Ўзбекистон — ЕИ муносабатларида муҳим қадам бўлди.
Мазкур битим икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олгани ҳолда ушбу муҳим ҳужжатнинг имзоланиши ва кучга кириши Ўзбекистон — ЕИ алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдумига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Қайд этилганидек, янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштиради. Унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинди, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб, шунингдек, инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда.
Янги Конституцияда Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага етказилиб, Сенатнинг мутлақ ваколатлари сони эса 14 тадан 18 тагача ошиши кутилмоқда.
Европа парламенти аъзолари Конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, Асосий қонунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошаётгани, айниқса, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилаётганини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, сўнгги олти йилда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси тубдан ўзгаргани, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларнинг намунаси сифатида намоён бўлаётганини билдирди.
Мулоқот давомида, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари борасида ҳам фикр алмашилди.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
«Дунё» АА