Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

«Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди!»

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
«Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди!»

Бугун бу ибратли ҳикматнинг нечоғли ҳаётий ҳақиқат эканини атрофимизда рўй бераётган воқеалар мисолида ҳам кўриб турибмиз.

Жанубий Африка Республикасининг Стелленбосс университети пештоқига қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилган экан: «Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир. Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади».

Бошқа соҳалар қаторида таълим соҳасидаги коррупция ҳам миллат тараққиётига путур етказади. У ҳар қандай давлатнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказадиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келадиган улкан иллат. Таассуфки, у асрлар ўтсада, башариятнинг ҳам энг глобал муаммоларидан бири бўлиб келяпти.

Исбот талаб этмас ҳақиқатлардан бири шуки, ҳар қандай миллатнинг асосини замонавий билим олган, кенг дунёқарашли ёшлар ташкил этади. Бугун юртимизда ёшларнинг ўқиб-ўрганиши, илм олиши учун ҳамма шароитлар яратилмоқда. Мактаблар таъмирланиб, замонавий техник жиҳозлар билан таъминланяпти.

Айни пайтда ёшларнинг олий ўқув юртларига кириш жараёнлари ҳам бошланган. Қайсидир абитуриент кундузни кундуз, кечани кеча демай ўқиб изланади, имтиҳонларга тайёрланади. Бу каби ёшлар мамлакатимизнинг эртанги куни, келажаги. Афсуски, яна бир ёшлар тоифаси ҳам борки, улар кўнгилни хира қилади. Улар ҳалоллик, соғлом рақобат йўли билан ўқишга киришни ўйламасдан, қинғир йўлларни танлашади.

Аслида уларда ҳам айб йўқ. Айб биз катталарда! Негаки, биз фарзандларимизга ўз вақтида ўқиб-ўрганишни, билим олишга даъватни кечиктирамиз. Мактабдан паст баҳо олиб келганида дакки бермаймиз. «Фарзандимиз қандай ўқияпти? Баҳолари қандай? Билим олишга ҳаракат қиляптими ўзи ?»- деган саволлар бермасдан уларнинг келажагига бефарқ бўламиз. Айрим ота-оналар боласининг саводи ҳаминқадар бўлса ҳам олий ўқув юртидан бирорта таниш топиб, коррупция эвазига ўқишга киритиб қўйишни ўйлашади. Ачинарлиси, бу таълим тизимида узоқ йиллар давомида давом этди, таассуфки, бугун ҳам учрамоқда.

Ватанимизда башарият тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган илм-фан намояндалари туғилиб, вояга етган. Ўтмишда Абу Наср Форобий, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек,Алишер Навоий ва бошқа кўплаб аждодларимиз илмни ибодат чўққиси деб билишган. Амир Темур бобомиз эса марказлашган давлати Моварауннаҳрга ўз даврининг етук илм соҳиблари йиғиб, ёшларга таълим беришни йўлга қўйган. Бироқ биз мана шу ибратли одатни давом эттира олмадик. Кўп йиллар давомида нафақат олий таълим, балки таълим соҳасининг барча соҳаларида оқсаш кузатилди. Коррупция натижасида тизим ривожига путур етди.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги икки йилда олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари янада шаффофлаштирилди. Бунинг натижасида пухта билим олган, ўз кучига, билимига ишонган ёшлар олий ўқув юртлари талабалари сафига кирди. Улар учун турли имтиёзлар бериляпти. Ҳалоллик, одиллик сиёсатининг мевалари бўлган бу ёшлар яқин истиқболда ўз ҳосилини беради, деб ишонч билдирса бўлади.

Аммо мана шундай вазиятда ҳам олий ўқув юртларига кириш жараёнида коррупция ҳолатлари учрамоқдаки, бу кўнгилларни хижил қилади. Нафснинг қулига айланган айрим ноинсоф шахсларнинг касрига бутун бошли олий таълим тизимига доғ тушмоқда. Бу янада ачинарли ҳолат. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги икки йилда таълим тизимидаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келган.

Бу йўлда Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони айни муддао бўлди. Мазкур Фармонда ҳам юртимиздаги олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш устувор мақсад этиб белгиланди.

Шунингдек, Республикамиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланди. Бунинг замирида эса олий таълим тизимига, навқирон авлоднинг сифатли билим олишига катта эътибор ва профессор-ўқитувчиларимизнинг зиммасига улкан масъулият ётибди.

Очиғини айтганда, таълим соҳаси ислоҳотларга муҳтож эди. Буни мамлакатимиздаги бирорта олий ўқув юрти жаҳоннинг ривожланган ТОП-1000 талик университетлари рўйхатидан жой эгалламаганлигидан ҳам билса бўлди. Бунга эса кўп йиллар мобайнида тизимда амал қилган коррупция, қабул имтиҳонларидаги адолатсизликлар сабаб бўлди. Қинғир йўллар билан талаба бўлган, чаласавод ёшлар эса амал-тақал қилиб, яна ўша жирканч иллат – коррупция ёрдамида ўқишни тамомлади. Ачинарлиси, коррупция деган иллат туфайли биз анча вақтгача қўлида дипломи бор, аммо энг ачинарлиси, малакасиз кадрларни етиштирдик.Минглаб малакали кадрларни бой бердик. Энди эса бунга ҳаққимиз йўқ.

Астойдил қилган саъй-ҳаракатларимиз ўзининг дастлабки мевасини берди, жорий йилнинг апрель ойида Times Higher Education агентлиги томонидан University Impact Ranking натижалари тақдим этилди. Унга кўра, 17 та кўрсаткич бўйича олий таълим муассасаларининг даражасини аниқланадиган рейтингда Ўзбекистон Миллий университети “Таълим сифати”, “Иқлим ўзгаришига қарши кураш”, “Гендер тенглиги”, “Барқарор ривожланиш учун глобал ҳамкорлик”, “Камбағалликни бартараф этиш” каби кўрсаткичлар бўйича нуфузли мингта олий ўқув юрти қаторида қайд этилди. Олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли дастлабки муваффақиятларни қўлга киритдик, аммо бу билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Бунинг учун эса таълим тизимни янада шаффофлаштириш, коррупцияни бартараф этиш талаб этилади. Чунки таълим тизимига аралашган коррупция натижасида ўқишга ёки ишга кирган инсон эртага шу одатини давом эттиришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Афсуски, унинг мамлакат тараққиёти ва жамият ҳаётига келтирадиган салбий оқибатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бугун ўзгармасак, эртага кеч бўлади. Мана шу ҳикматни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ўзида жо этди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди ва бу бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Ислоҳотлар узвий давом эттирилиб, давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз – мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат» - деб бежиз таъкидламаган эди. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Мазкур тизимли ислоҳотларнинг мантиқий асоси бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни ва Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида олий таълим тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бунинг натижасида, олий таълимда «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Қабул жараёни, талабалар билимини баҳолаш, ўқишни кўчириш ва нострификация, ОТМларни такомиллаштириш, ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби йўналишларини қамраб олган, 2019-2020 йилларда амалга ошириш белгиланган «Йўл харитаси» қабул қилинди.

Мухтасар айтганда, коррупциясиз ҳаёт — фаровон турмуш деганидир. Бу биргина таълим тизимига тааллуқли бўлмасдан, балки жамиятнинг барча бўғинига бирдек алоқадордир. Айни пайтда юртимизда олий ўқув юртларига кириш учун қабул мавсуми давом этар экан, шу ўринда абитуриентлар, айниқса, уларнинг ота-оналарига ҳалол бўлишларини, ўқишга кириш учун энг асосий восита билим эканини англашларини истардик. Зеро, ҳар қандай кўринишидаги коррупция жамиятни, шунингдек, давомчиларимиз бўлган ёш авлоднинг келажагига болта уришдир!

Авазжон МАРАҲИМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
ректори, профессор

UzA