Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўттиз йил кутилган орзу

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўттиз йил кутилган орзу

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ 75-сессиясида сўзлаган нутқини тинглаб

Одамзот Ер аталмиш заминни ўзига макон тутганда биринчи айтган сўз қайси ва у бугунги қайси тилга мансуб бўлган? Муайян аниқ ва лўнда маънони ифода этган сўзни талаффуз қилган илк аждодимиз ўшанда қувончдан қичқириб юборган ёки нима бўлаётганини англолмай ваҳимага тушгандир?!...

Ўзбек тилида жаранглаган илк сўз-чи?

Ўзбек тилида зикр этилган дастлабки сўз қайси бўлганидан қатъи назар, у тинчлик-омонлик, дўстлик, меҳр-оқибат, шукроналик, бағрикенглик туйғулари билан лиммо-лим йўғрилгани ҳақиқатга яқин. Чунки, бу олижаноб туйғулар халқимиз табиатига шу қадар мос ва шу қадар сингиб кетганки, бугун ҳам ўзбекни шу каломларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Уйда, кўчада, ишда, борингки, бутун ҳаёти мобайнида шу сўзлар унга ҳамроҳ – таниган-танимаган, билган-билмаган билан дастлаб шу сўзлар воситасида муомала-муносабатга киришади.

Сўз – буюк мўъжиза. Усиз лўнда ва аниқ муомала ҳам, маданият ҳам, илм ҳам, тараққиёт ҳам бўлмас эди. Бинобарин, дунёнинг ўзи ҳам сўз билан яралган, оламдаги жамики мавжудотлардан Одамни ажратиб турадиган энг муҳим белги – аломат ҳам, ҳеч шубҳасиз, сўз. Бу ҳақда буюк мутафаккир Алишер Навоий бундай ёзган эди:

Чунки мавжуд бўлди нуқтаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса куҳун.
Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра,
Не жаҳон, кавн ила макон сўнгра.

Яъни, “Сўз” олам яратилишидан аввал ҳам бор эди.

Сўз тирикликни йўқ қилишга, жонсизга жон бахш этишга қодир буюк қудратга эга. Ҳазрат Навоий унинг шу хусусиятини таърифлар экан, “Сўздурки нишон берур ўликка жондин, Сўздурки берур жонға хабар жонондин. Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин, Билки, гўҳари шарифроқ йўқ ондин” дейдики, бундан орттириб бир нима айтмоқ мушкул.

Дарҳақиқат, одамзотни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган энг муҳим иккита тафовутдан бири айнан тилдир. Шу маънода, миллатнинг бошқа миллатлардан фарқи яна шу тил биландир.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино сўзнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлар экан, “Табиатда шундай хасталиклар борки, уларни фақат сўз билан даволамоқ зарур” деб ёзади. Статистик маълумотларга қараганда, тилда салбий кайфият ифода қилувчи сўзлар миқдори ижобий кайфият улашувчи сўзлар миқдоридан кўп экан. Ёки замонавий тиббиёт биргина сўзни айтиш учун одамнинг 72 мускули ҳаракатга келишини аллақачон исботлаган.

Биз ота-боболаримиздан миннатдор бўлишимиз лозимлигини англатадиган жиҳатлардан бири шуки, бизнинг тилимиз дунёда кўп одам гаплашадиган тиллардан бири ҳисобланади. Масалан, олимларнинг қайд этишича, дунё аҳолисининг 96 фоизи миллатларга бирлашган, қолган 4 фоизи эса, турли элат ва қавмлар вакилларидан иборат. Ўзбек миллати нуфузи жиҳатидан дунёда мавжуд 2000 дан зиёд миллат орасида 47-ўринда қайд этилган – она тилимизда сўзлашувчилар сони 40 миллиондан ошади. Агар миллатлар ва мамлакатлар орасида кескин номутаносиблик мавжудлиги инобатга олинса, (дунёда бугун 200 дан ортиқ давлат бор, демак, тафовут тахминан 10 баробар) биз бахтли халқлар сирасига кирамиз – мустақил мамлакатимиз ва миллий давлатчилигимиз бор. Миллатларнинг мутлақ кўпчилиги ўз миллий давлатчилигига эга бўлмаган дунёда бу биз учун ғоят фараҳбахш ҳодиса.
Бошқа бир мисол. Ўзбек тилида сўзлашувчилар миқдори туркий тиллар орасида ҳозирги Усмонли туркийсидан кейин иккинчи ўринда туради.

Ушбу ҳар икки мисол бўйича ҳам миқдор йилдан-йилга кўпайиб, бизнинг она тилимизда сўзлашувчилар сафи муттасил кенгайиб боради, дейиш учун барча асослар етарли. Аввало, айниқса, кейинги йилларда ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузини ошириш, давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, унинг бетакрор жозибаси, бойлиги ва имкониятларини кенг тарғиб этиш борасида давлат миқёсида қилинаётган амалий саъй-ҳаракатларни қайд этиш кифоя. Чунончи, шу қисқа даврда бу борада Президент фармони ва ҳукуматнинг 8 та қарори, шунингдек, битта қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан ўзбек тили давлат тили мақомини олган кун - 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти йўлга қўйилди, 300 дан ортиқ давлат идоралари ва хўжалик бирлашмаларида раҳбарнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шунингдек, ўзбек тилини ўқитиш методикаси бўйича тадқиқотлар рағбатлантирилмоқда, хорижда она тилимизни ўргатадиган таълим даргоҳлари қўллаб-қувватланмоқда. Айни пайтда дунёнинг 10 дан ортиқ давлатида 65 та факультетда ўзбек тили ўқитилаётгани шу миллат вакили сифатида ҳар биримизни беҳад қувонтиради. Куни кеча интернет сайтларида Нью-Йорк шаҳрида ўзбек тилини ўқитадиган мактаб иш бошлагани ҳақида хабар тарқалди. Минг йил муқаддам уммон ортида қуруқлик борлигини “Ақл машъали билан ёритган” буюк Беруний даҳосининг юксак илмий тараққиёт замонида акс-садо бериши сифатида қабул қилсак бўлади бу муждани.

Департамент ўтган қисқа вақтда такомиллаштирилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тилида иш юритиш” каби китобларни қайта нашр эттирдики, бу 30 йилдан кўпроқ вақт давомида депсиниб ётган кўп ишларга катта туртки вазифасини ўтайди.

Албатта, зикр этилган ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ ёки четдан келиб биров елка ҳам тутмаяпти. Аксинча, давлат раҳбарининг ташаббуси ва қатъияти, ҳукуматнинг шароит ва имкониятлар яратиб бераётгани, шундоғам бошқа муҳим ҳаётий масалалар турганда, ҳеч иккиланмай шу ишга миллиардлаб маблағ ажратаётгани, моддий-техник база дейсизми, малакали мутахассислар дейсизми, барчасини муҳайё қилаётгани самарасида тилимизнинг қадди тикланиб, қадри юксалиш сари юз бурмоқда. Эндиги ҳаракат сизу бизда – ижрочилар, зиёлилар зиммасида қолаётир. Бу эса, ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.

2020 йил 23 сентябрь куни бу масъулият янада ошди, елкамизга шарафли бир вазифа юкланди. Шу санада Ўзбекистон тарихида, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида эришилган буюк воқеликлардан бири рўй берди. Башарият ўзининг кўп минг йиллик кечмиши давомида ўйлаб топган энг йирик, энг олий тузилма – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан бутун бошли бир нутқ ўзбек тилида, сизу бизнинг она тилимизда янгради. Уни туни кундуздай чароғон катта шаҳарлару, ҳали-ҳамон тўқайзору пурвиқор тоғларни макон тутган кичкина қишлоқлар аҳолиси, мангу музликлару поёнсиз саҳроларда илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчилар ҳам тинглади.

Биз буни роса 30 йил кутдик. Эсимда, 1989 йилнинг баҳори. Биз ҳали талаба эдик. Дунёнинг олтидан бир қисмини қонли панжалари остида маҳкам тутиб турган мустабид тузум чок-чокидан сўкилишга қараб шиддат билан кетаётган пайт. Лекин, “жонажон партия” сўнгги кучларини сафарбар этиб бўлса-да, жон сақлашга уринмоқда. Мамлакатнинг турли ҳудудларида у ёки бу важ билан норозилик намойишлари, митинглар тез-тез бўлиб турибди. Ўзбекистонда муҳим масалалардан бири сифатида она тилининг мавқеи кун тартибига кўтарилган.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Миллий тилни йўқотмоқ – миллатнинг руҳини йўқотмоқдир” деган ҳикматини шиор қилган миллат зиёлилари, талабалар Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлиши лозимлиги йўлида қаттиқ курашга киришган. Шундай бир пайтда ҳам партиянинг тазйиқи ёки кўрсатмаси биланми, (буни қалб амри деб билганлар ҳам йўқ эмас эди улар орасида) ҳар қалай, “давлат тили иккита бўлиши лозим” дегувчилар ва буни қаттиқ туриб ҳимоя қилувчилар ҳам, афсуски, анча-мунча эди. Энг ачинарлиси, бу фикрни зўр бериб тарғиб қилганлар орасида таниқли адиблар, олимлар ҳам бор эди.

Собиқ марказдан атай уюштирилаётган мана шундай жиддий тўсиқларга қарамасдан, халқ иродаси ғолиб келди – 1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тили ДАВЛАТ ТИЛИ мақомига расман эга бўлди. Биз ҳам катта миллат сифатида она тилимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида янграшини орзу қилиш имкониятига эга бўлдик.

Ўшандан буён кўп сувлар оқди. Дунё ўзгарди – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаёт мисли кўрилмаган даражада илгарилаб кетди. Юриш-туриш, муомала-муносабат ўзгарди, ҳатто эҳтиросу кўз ёшлар ҳам турланди. Лекин, биз тилимизга муносабатни кўп ҳам ўзгартиролмадик. Энг ёмони, ўхтин-ўхтин бўлса-да, лойқаланиб турибди. Лойқалашни истаётганлар, қўшиқда куйланганидек, “ўшал дамлар”ни қумсаётганлар ҳозир ҳам бор орамизда. Буни ўтган йили ўзларини “ўта зиёли” санаган бир гуруҳ миллатдошларимиз ҳаракати мисолида кўрдик.

Яратганга шукрлар бўлсинки, она тилимизга муносабат тубдан ўзгариши, Навоий ва Бобурни, Қодирий ва Чўлпонни, Эркин Воҳиду Абдулла Орифни оламга танитган тил ўзининг муносиб ўрнини қоғозда эмас, амалда эгаллаши, бу тилда сўзлаш ва ёзиш ғурурга айланиши лозимлиги йўлида мутлақо янгича ёндашув ва амалий ҳаракатлар ортга қайтмас тус олди. Бундай олижаноб ташаббус ва эзгу ишлар бошида шахсан давлат раҳбарининг ўзи ибрат бўлиб тургани ҳар қандай қалбни тўлқинлантиради. Ҳали мустабид тузум даврида она тилимизнинг БМТ минбарида янграшини орзу қилиб армонда кетган устозлар руҳини шод этади.

Ишонамиз, 2020 йилнинг 23 сентябри она тилимиз жаҳоний тиллар қаторидан ўрин олган кун сифатида ҳали кўп-кўп асрлар давомида эсланади, қайд этилади, нишонланади. Ҳар қандай миллат тарихида жуда кам учрайдиган бундай ноёб ҳодисага гувоҳ бўлганингиз билан табриклайман, азиз замондош!

Ж.Мелиқулов,
Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

ЎзА