Ўзбекистон-Қирғизистон: стратегик шерикликнинг янги уфқлари сари
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Қирғизистон – Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ва энг яқин қўшнисидир. Икки халқнинг тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ, яқин қардошлик муносабатлари эса илиқ дўстлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди ҳамда икки давлат пойтахтларида элчихоналар очилди. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилди.
Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган конструктив, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли мулоқот Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Хусусан, шартномавий-ҳуқуқий база савдо-иқтисодий, фан, туризм, транспорт, маданият ва бошқа соҳаларни қамраб олган 180 дан ортиқ битим ва шартномалардан иборат.
Улардан энг муҳими – Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация икки томонлама муносабатларни янги амалий мазмун билан тўлдириш учун шароит яратмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ва 2023 йил январь ойларида қўшни республикага давлат ташрифлари, Президент Садир Жапаровнинг 2021 йил март ойда мамлакатимизга давлат ташрифи Янги Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим воқеалар бўлди. Шунингдек, ушбу ташрифлар барча даражадаги кўп қиррали мулоқотни ривожлантиришга кучли туртки берди.
Парламентлараро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга ташрифи чоғида Олий Мажлис ва Жўқорғу Кенеш ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. 2020 йил июнь ойида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия тузилган бўлса, 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Қирғизистонга ташриф буюрди.
Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари ошди, шунингдек, икки давлат парламентарийлари МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси, Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти ва бошқа платформаларда ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари даражасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг, жумладан, телефон орқали мулоқотлари ва халқаро майдонларда доимий учрашувлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, икки мамлакатнинг таҳлилий марказлари ўртасида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича аниқ қўшма таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқишга қаратилган илмий-тадқиқот алоқалари йўлга қўйилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади ва ушбу йўналишда юқори натижаларга эришилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда қарийб тўрт баробар ошди. 2024 йилнинг январь-май ойларида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 294,3 миллион АҚШ долларга етди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокидаги 273 корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Қирғизистонда эса мамлакатимиз резидентлари иштирокида 70 та корхона ташкил этилган.
1996 йилдан буён фаолият юритаётган Ҳукуматлараро комиссия ва 2021 йилда ташкил этилган Ишбилармонлар кенгаши икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Икки давлат учун яна бир стратегик йўналиш – транспорт коммуникацияларини ривожлантиришдир. Шу нуқтаи назардан, томонлар Марказий Осиёнинг транспорт тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали йирик трансчегаравий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон қўшма темир йўлини қуриш лойиҳаси шулар жумласидандир.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳам муҳим қарорларга эришилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил январь ойида Қирғизистонга давлат ташрифини якунлар экан, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисида Битим имзолангани икки томонлама муносабатларда чинакам тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. "Чегарани делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани икки томонлама ҳамкорлик ва ҳудудлараро алмашинувлар ривожида муҳим ўрин тутади, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади", – деди Ўзбекистон Президенти.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги узоқ йиллардан буён ўзаро муносабатлардаги мураккаб масалалардан бири сув ресурсларини бошқариш бўлиб келган. Икки давлатнинг сиёсий иродаси туфайли бу борада ҳам муҳим келишувларга, хусусан, Кампиробод (Андижон) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича келишувга эришилди. 2022 йилда Қўшма сув комиссияси тузилиб, унинг тўртта йиғилиши бўлиб ўтди. Уларнинг охиргиси 2024 йилнинг апрель ойида Андижон шаҳрида ўтказилган. Комиссия фаолияти кўп йиллик мунозарали масалаларни ҳал этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Бу мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг юқори даражасидир. Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ қирғизлар истиқомат қилса, Қирғизистондаги ўзбеклар жамоаси 1 миллионга яқин кишини ташкил қилади. Ҳар икки давлатда она тилларида таълим берадиган маданият марказлари ва мактаблар фаол ишламоқда.
2017 ва 2018 йилларда Қирғизистонда ва Ўзбекистонда икки давлат маданияти кунлари ўтказилди. 2022 йилда Ўзбекистонда қирғиз маданият марказларининг 30 йиллиги нишонланди, 2023 йил апрель ойида Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқа драма театрида Ўзбекистон ҳукумати кўмагида амалга оширилган реконструкция ишлари якунланди.
Томонлар фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида беш йиллик шартнома имзоланди. Мазкур Битим доирасида педагог кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик ривожлантирилиб, талабалар ва ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинуви йўлга қўйилган.
Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятларидаги олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Ўқув дастурлари доирасида талабалар алмашинуви амалга ошириляпти, Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари олий таълим муассасалари ўртасида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари тузилган.
Илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси ва Қирғизистон Миллий фанлар академияси ўртасида самарали алоқалар ўрнатилди. Икки мамлакат илм-фан намоёндаларининг ташрифлари алмашилмоқда. Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўтказиладиган илмий-амалий анжуманларда мунтазам иштирок этяпти. Бугунги кунда таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжуд.
Мунтазам ҳаво қатновининг тиклангани, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиб-таомилларининг соддалаштирилгани ўзаро сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қиляпти. Ўзбекистонга келаётган қирғизистонлик сайёҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда ва бу ҳам мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги маданий алоқалар ва қардошлик ришталари мустаҳкамлигидан далолат беради.
Ҳеч шубҳасиз, олий даражадаги конструктив мулоқот, фаол иқтисодий ҳамкорлик ва маданий алмашинувлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Шунингдек, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка интилиш ҳар икки давлатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай шарт-шароит яратади. Шу нуқтаи назардан, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи эришилган ҳамкорлик даражасини мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли шерикликни янада жадаллаштиришга туртки берадиган муҳим қадам бўлади.