Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон-Қозоғистон: муштарак тарих ва умумий фаровонликка содиқлик намунаси

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон-Қозоғистон: муштарак тарих ва умумий фаровонликка содиқлик намунаси

5 апрель куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ташриф билан Ўзбекистонга келади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон – энг яқин қўшни ҳамда иттифоқчи давлатлардир. Уларнинг муносабатлари умумий дўстлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида қурилган.
Ҳар икки давлат ҳам минтақавий шериклик кун тартибини изчил ривожлантирмоқда. Бу жараёнда ҳар бир мамлакатнинг узоқ муддатли ва изчил ривожланиши бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлиги билан узвий боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келди. Минтақа халқаро дипломатия, сиёсий фаоллик ва иқтисодий ривожланишнинг янги маркази сифатида шаклланмоқда.
Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми доирасида самарали мулоқот олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари минтақани халқаро ҳамкорликнинг тобора муҳим механизмларига айланиб бораётган “Марказий Осиё +” платформалари доирасида ҳам бирлаштиришга содиқ эканликларини намойиш этмоқдалар.
1992 йил ноябрь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг динамик моделини намойиш этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-23 март ва 2021 йил 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонга давлат ташрифлари, шунингдек, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2019 йил 14-15 апрель ва 2022 йил 21-22 декабрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифлари янги босқичдаги ўзаро ҳамкорлик учун кучли туртки бўлди. Ушбу ташрифлар натижасида бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар тўплами имзоланди. Давлатларимиз ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарган чинакам тарихий воқеа бўлди.
Икки давлат халқаро сиёсат масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб, халқаро ташкилотлар – БМТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар юзасидан томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқин.
Бу борада икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам алоқалар муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан қабул қилинди ва Бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан музокаралар ўтказди.
Мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, сўнгги йилларда делегациялар алмашинуви фаоллашди, парламентлар палаталари ўртасида мулоқот йўлга қўйилди. Жумладан, 2022 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди. 2023 йил октябрь ойида Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошановнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг учинчи йирик ташқи савдо ҳамкори бўлиб, мамлакатимиз умумий савдо ҳажмининг 9,3 фоизини ташкил этади. Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш пандемия оқибатларига қарамай барқарор ўсиб бормоқда. 2023 йилда бу кўрсаткич 4,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1250 дан ортиқ Қозоғистон корхонаси, Қозоғистонда эса ўзбек капитали иштирокида 1400 дан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан яна бири – бу транспорт коммуникациялари соҳасидир. Мамлакатларимиз автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Ушбу муҳим алоқа тармоғи учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ўтаяпти. 2023 йилда темир йўл транспортида халқаро ташиш ҳажми 23,46 миллион тонна, автомобиль транспортида 2,1 миллион тонна, ҳаво транспортида эса 90 минг тоннани ташкил этди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг фаол йўналишлари инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, фармацевтика, қурилиш ва бошқа соҳалардир. Бу саъй-ҳаракатларга қўшимча туртки бериш мақсадида қўшма Халқаро саноат кооперацияси маркази ташкил этилди.
Ҳудудлараро алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлаётир. 2018 йилдан бошлаб икки томонлама ҳамкорликнинг янги механизми – Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ишга туширилди. Бугунги кунга қадар учта шундай форум ўтказилди. Икки давлатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ўзаро маҳсулот етказиб бериш, янги ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон тарихий, маънавий ва маданий яқинликдаги яхши қўшнилар, шунингдек, Марказий Осиё салоҳиятини мустаҳкамлаш, бутун минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашга ҳисса қўшаётган ишончли стратегик ҳамкорлардир.
Қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари Марказий Осиёнинг қадимий тамаддунининг ворислари бўлиб, улар ўз аждодларининг анъаналари, қадриятлари, маданий-маънавий меросини асраб-авайлаб келмоқда. Ушбу муҳим омил икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Тарихий алоқаларни мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбек ва қозоқ миллатлари вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимиздаги қозоқ миллати вакилларининг ўз она тилини асраб-авайлаши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, юртимизда 400 та мактабда қозоқ тили ўқитилади, 162 та мактабда таълим фақат қозоқ тилида ташкил этилган. Қозоқ тилида олий ва касб-ҳунар таълими олиш учун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факультети ва кафедралари мавжуд.
Олий таълим соҳасида икки мамлакат университетлари ўртасида ҳамкорлик бўйича 280 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар тузилган. 2022 йил 22 декабрь куни Олий ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Ўзбекистонда ҳар йили Қозоғистон олий ўқув юртларининг кўргазма ва ярмаркалари – Қозоғистон таълими кунлари ўтказилади. Уларда маҳаллий консалтинг компаниялари кўмагида Қозоғистоннинг 40 га яқин университетлари вакиллари қатнашади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон олий ўқув юртлари ўртасида 4 та қўшма таълим дастури амалга ошириляпти ва уларда 188 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Бундан ташқари, икки мамлакат Фанлар академиялари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. У анъанавий тарзда ихтисослашган институтлар даражасида амалга оширилади. Давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотларда илм-фан, таълим, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга интилиш қатъий таъкидланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистонда кўплаб маданий-маърифий тадбирлар – маданият ва кино кунлари, спорт мусобақалари ўтказилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ижодий жамоалари икки мамлакатда ўтказилаётган халқаро танлов, фестиваль, ярмарка ва кўргазмаларда мунтазам иштирок этмоқда.
2022 йилда Ўзбекистон бўйлаб қозоқ халқининг буюк фарзанди, маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонга олий даражадаги давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари буюк қозоқ шоири ва мутафаккири меросига бағишланган кўргазмани биргаликда томоша қилдилар.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бундай тадбирлар яқин дўстона ришталарни мустаҳкамлаш баробарида, икки халқнинг шонли ўтмиши ва бугунги ҳаётига ўзаро қизиқишни яққол намоён этади.
Икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – бу туризмдир. Давлатларимизнинг географик жиҳатдан яқинлиги, шунингдек, улкан тарихий-маданий мерос ва сайёҳлик имкониятлари мавжудлигини инобатга олган ҳолда томонлар ягона туризм брендини яратиш ва сайёҳлик кластерларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда.
2021 йил январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтиришни назарда тутувчи “Йўл харитаси” имзоланди. Ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш йўналишидаги ишлар самараси ўлароқ, мамлакатимизга келаётган қозоғистонлик туристлар сони изчил ортиб бораяпти. Хусусан, қўшни давлатдан юртимизга келаётган сайёҳлар сони 2021 йилдан буён уч бараварга ошиб, 1,3 миллионга етди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келган. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатимизга бўлажак ташрифи эса мавжуд ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва конструктив мулоқотни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлайди.