Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Германияда ўтказилган халқаро ярмаркада намойиш этилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Шу йилнинг 5-7 февраль кунлари Берлин шаҳрида мева-сабзавот савдоси, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик "FRUIT LOGISTICA – 2025" халқаро савдо ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Умумий майдони 130 минг кв.м.дан иборат "Самарали алоқалар" шиори остида ташкил этилган жорий йилги кўргазмада асосий эътибор халқаро ҳамкорликка қаратилди. Нуфузли тадбирда 90 та давлатдан 3 мингдан ортиқ иштирокчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш бўйича илғор технологиялар ва қайта ишлаш соҳасидаги инновацияларни тақдим этдилар.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида мазкур ярмаркада мамлакатимиз иштироки ташкил этилди. Кўргазмада Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва экспорт қилувчи етакчи компаниялар қатнашдилар. Юртимизнинг агросаноат салоҳияти 200 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган миллий стендда "Agrikultur Export Product", "GDF Agro" LLC, "Process" LLC, "Urgut Ufa Invest" LLC, "Fergan Exim Agro" LLC, "Aktash Water" LLC (OCARD), "Novagreen foods" LLC ва бошқа компаниялар томонидан етиштирилган ҳўл ва қайта ишланган қуритилган мевалар, сабзавотлар, зираворлар, шунингдек, салқин ичимликлар намойиш этилди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Франция, Болтиқбўйи мамлакатларнинг йирик импортёрлари билан "B2B" шаклида учрашувлар ўтказди. Музокараларда экспортни кенгайтириш масалалари, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва етказиб бериш соҳасидаги инвестиция лойиҳалари, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Инновациялар, илғор технологиялар ва агробизнес соҳасида халқаро ҳамкорлик марказига айланган ушбу кўргазмада ўзбекистонлик экспортёрларнинг иштироки уларнинг хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун янги истиқболларни очади.
Ёрқин Инамов, "Exim Agro" компанияси раҳбари:
– Маҳсулотларимизни жаҳон бозори иштирокчиларига намойиш этиш имкониятини яратиб бергани ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистон павильонида мамлакатимиз экспортчи компаниялари ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Маҳсулотларга қизиқиш жуда юқори бўлди.. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, йилдан-йилга хорижда Ўзбекистон ҳақида тасаввур кенгаймоқда. Айниқса, қуритилган ва ҳўл меваларимизга қизиқиш ортиб бормоқда. Нафақат, Германия ва Буюк Британия, балки Словения, Венгрия, Чехия давлатларидан ҳам ҳамкорлик бўйича кўп таклифлар олдик.
Торстен Янсен, "Janssen Handel" компанияси вакили:
– Биз Германиянинг Гамбург ва Бремен ҳудудларидан ушбу кўргазмага янги маҳсулотлар билан танишиш ҳамда янги бозорларни топиш мақсадида келдик. Ажойиб тарзда жиҳозланган Ўзбекистон павильони бизда илиқ таассурот қолдирди. Бу ерда Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида етиштирилмайдиган ўзига хос тамга эга мевалар, шунингдек, биз учун янги бўлган маҳсулотлар билан танишдик.
Саидвали Насретдинов, "GDF Agro LLC: компанияси раҳбари:
– Савдо-саноат палатаси томонидан ҳар йили "Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар кўплаб халқаро кўргазмаларда тақдим этилади. Бу йил Германия пойтахтидаги "FRUIT LOGISTICA" ярмаркасида қатнашдик.
Ярмаркада қуритилган ва музлатилган мева-сабзавот маҳсулотларини тақдим этдик. Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан ҳамкорлар билан самарали музокаралар ўтказдик.
Ушбу кўргазмада республикамизнинг барча вилоятидан тадбиркорлар иштирок этди. Европада Ўзбекистон мева-сабзавотларига талаб кучли, бундан ташқари, уларнинг тўлов қобилияти ҳам юқори. Европа Иттифоқининг маҳсулотларни қадоқлаш бўйича ўзига хос стандартлари мавжуд, уларнинг талабларига мос бўлган қадоқлаш йўлга қўйилса, маҳсулотларимиз янада харидоргир бўлади.