Ўзбекистон ФАОнинг Европа Минтақавий анжуманига раислик қилмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

2 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Минтақавий конференциясининг Европа учун ўттиз иккинчи сессияси ўз ишини бошлади.
COVID – 19 пандемияси туфайли илк бор виртуал тарзда бўлиб ўтаётган мазкур форумда БМТ шафелигидаги кўплаб йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, 30 га яқин давлатнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари, вазир ўринбосарлари, мамлакатимиздаги хорижий дипломатик миссия вакиллари иштирок этмоқда.
1945 йилда ташкил этилган, бугунги кунда 194 давлат аъзо бўлган ФАО 130 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини йўлга қўйган. Ташкилот зиммасидаги асосий вазифа озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш имкониятини кенгайтиришдан иборат.
Ўзбекистон ФАОга 2001 йил аъзо бўлган. 2014 йили мамлакатимизда тузилма ваколатхонаси иш бошлади. 2022 йилгача мўлжалланган режага биноан, ФАО бир неча устувор йўналишда, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотларига институционал ва стратегик ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бозорга кириш занжири ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш, иқлим ўзгариши ва биохилма-хиллик масалаларида республикамиз билан ҳамкорлик қилади.
ФАОнинг Европа минтақавий сессияси илк бор Ўзбекистон раислигида ўтяпти. Йиғилиш бошида делегатлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевни ҳар икки йилда ўтказиладиган анжуманнинг раиси этиб сайладилар. Демак, кейинги икки йил мобайнида тузилма томонидан ташкил этиладиган барча тадбирларга Ўзбекистон раҳбарлик қилади. Мамлакатимиз вакиллари фаолият доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни бошқариб, мувофиқлаштириб боради. Лозим бўлганда ҳал қилувчи таклифларни киритади.
Эслатиб ўтиш жоиз, анжуман минтақада озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий муаммолари билан боғлиқ энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун яхшигина платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
– Минтақавий конференциянинг Европа учун навбатдаги сессияси эришилган натижаларни баҳолаш, янги муаммоларни аниқлаш, мавжуд имкониятларни таҳлил қилиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва истиқболини белгилашнинг муҳим босқичидир, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. –Ишончим комилки, тадбир давомида ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги минтақавий озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ таҳдид ва муаммоларга қарши самарали курашиш борасида энг муҳим қарорлар қабул қилинади.
БМТнинг 2021 йилги озиқ-овқат тизимлари саммити олдидан анжуман иштирокчилари асосий эътиборни Европа ва Марказий Осиёда барқарор озиқ-овқат тизими ҳамда соғлом овқатланиш билан боғлиқ масалаларга қаратди. Ялпи мажлис, вазирлар иштирокидаги давра суҳбати ва бошқа турли шаклдаги мулоқот давомида овқатланиш ва барқарор озиқ-овқат тизими ҳолати кўриб чиқилиб, айни йўналишлар бўйича минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масаласи, ўзаро боғлиқ муаммолар, мавжуд имкониятлар таҳлил қилинди.
– Яқинда тарихий воқеа – ФАОнинг 75 йиллигини кенг нишонладик, – деди анжуман қатнашчиларига мурожаат қиларкан, ФАО Бош директори Цюй Дунъюй. – Умуман, бугунги глобаллашув даврида ер юзидаги ҳар бир инсоннинг тўйимли озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, очарчиликка бутунлай барҳам беришдек жиддий масъулият ташкилотимиз зиммасидаги мажбуриятни янада кучайтиради. Европа учун ФАО минтақавий конференциясининг 32-сессияси айни мажбуриятлар ҳақиқатда амалга ошишини таъминлаш учун яхши имкониятдир. Янги ғоялар, мустаҳкам ҳамкорлик – самарали ишлаб чиқариш, яхши овқатланиш, қулай муҳит ва фаровон ҳаётга элтувчи йўлдир.
Конференциянинг биринчи кунида яна бир муҳим мавзу – БМТ оилавий деҳқончилигининг ўн йиллиги доирасида ёшлар, ёшлар бандлиги ва қишлоқ тараққиёти масаласи диққат марказида бўлди. Муҳокама доирасида қишлоқ хўжалигида кичик мулкдорлар, оилавий фермерлар ва қишлоқ ёшларининг аҳволи таҳлил этилди. Жумладан, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги қишлоқ ҳудудларини ўзгартириши мумкин бўлган стратегиялар ҳақида фикр юритилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Минтақавий конференциясининг Европа учун ўттиз иккинчи сессияси 4 ноябргача давом этади.
ЎзА