Ўзбекистон миллий тараққиёт йўлида янгиланган ва улкан мақсадларни қамраб олган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини тақдим этди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
ТОШКЕНТ — Ўзбекистон янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини тақдим этди. Бу ҳужжат мамлакатнинг ислоҳотлар ва тараққиёт йўлидаги навбатдаги муҳим босқични англатади. Таъкидланишича, ислоҳотларни амалга ошириш масъулият, изчиллик, институционал интизом ва жамоатчилик ишончини талаб этади. Ҳукумат ушбу стратегияни кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида қайта кўриб чиқиб, фуқароларнинг фикри унда ўз ифодасини топишини таъминлади. Халқаро стандартларга уйғун ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришга қаратилган мазкур стратегия Ўзбекистонни глобал тараққиёт кун тартибининг фаол иштирокчиси сифатида намоён этмоқда.
ТОШКЕНТ — Ўзбекистон янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини тақдим этди. Бу ҳужжат мамлакатнинг ислоҳотлар ва тараққиёт йўлидаги навбатдаги муҳим босқични англатади. Таъкидланишича, ислоҳотларни амалга ошириш масъулият, изчиллик, институционал интизом ва жамоатчилик ишончини талаб этади. Ҳукумат ушбу стратегияни кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида қайта кўриб чиқиб, фуқароларнинг фикри унда ўз ифодасини топишини таъминлади. Халқаро стандартларга уйғун ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришга қаратилган мазкур стратегия Ўзбекистонни глобал тараққиёт кун тартибининг фаол иштирокчиси сифатида намоён этмоқда.
Стратегиянинг энг муҳим хусусиятларидан бири — унинг амалга оширилиши аниқ ўлчанадиган мезонлар асосида ташкил этилганидир. 2030 йилга қадар ҳар йили баҳолаб бориладиган 100 та мақсад белгиланган бўлиб, ҳар бири учун масъул идоралар, амалга ошириш механизмлари ва молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатиб қўйилган. Бу ёндашув ҳисобдорлик ва шаффофликка асосланган бошқарув моделини шакллантиради. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар ҳам жараённи кузатиш, ҳисоботлар билан танишиш ва экспертлик ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлади. Расмийлар фикрича, бу шаффофликни янада кучайтиради ва ташқи қўллаб-қувватлашни кенгайтиради.
Стратегиянинг биринчи йирик устувор йўналиши — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имконият яратиш бўлиб, аҳоли фаровонлиги билан боғлиқ 44 та мақсадни қамраб олади. Улар таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги вазифаларни ўз ичига олади. Хусусан, таълим соҳасида ҳукумат мактабгача таълим қамровини 80 фоизга етказиш, мактабга тайёрлов гуруҳларида тўлиқ қамровга эришиш, мактабларни электрон доскалар ва янги авлод дарсликлари билан жиҳозлашни режалаштирган. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи икки баравар оширилади, 500 минг нафар таълим ходими эса мунтазам малака оширишдан ўтади. Олий ва касбий таълим соҳасида қамровни кенгайтириш, битирувчиларнинг ишга жойлашиш кўрсаткичини яхшилаш ҳамда халқаро аккредитациядан ўтган университет дастурлари сонини 200 тага етказиш мақсад қилинган.
Расмийлар инсон капитали ривожини илм-фан ва инновация тараққиёти билан узвий боғламоқда. Стратегияда илм-фанга ажратиладиган маблағларни ЯИМнинг 1 фоизигача ошириш, тадқиқот ва инновация лойиҳалари сонини кўпайтириш ҳамда Ўзбекистонни Глобал инновациялар индексида дунёнинг етакчи 60 давлати қаторига киритиш вазифаси белгиланган.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказишга қаратилган бўлиб, ушбу соҳага ажратиладиган маблағлар ЯИМнинг 5 фоизигача оширилиши кутилмоқда. Асосий устувор йўналишлар қаторига асосий касалликлардан эрта ўлим ҳолатларини камайтириш, она ва бола саломатлигини яхшилаш ҳамда рақамли тиббиёт хизматларини кенгайтириш киради. Хотин-қизларнинг раҳбарлик ва давлат хизматидаги улушини ошириш, қашшоқликка барҳам бериш, ишсизликни 4 фоизгача камайтириш ҳамда 2 миллион нафар фуқарони янги кўникмалар ва хорижий тилларга ўқитиш вазифалари ҳам бор.
Ёшлар сиёсати ҳам стратегиянинг марказий устунларидан бири ҳисобланади. Унга кўра, 7 миллион нафар ёшлар хорижий тилларни бепул ўрганиш имкониятига эга бўлади, 3 миллион нафар замонавий касбларни сунъий интеллект воситалари орқали ўрганади, 300 минг нафар ёш эса IT соҳасида иш билан таъминланади. Шунингдек, спорт, маданият ва санъатда иштирокни кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Стратегиянинг иккинчи йирик устувор йўналиши — барқарор иқтисодий ўсишдир. Ҳукумат 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 145 миллиард доллардан 240 миллиард доллардан ортиқ даражага етказишни, аҳоли жон бошига ЯИМни эса 3 800 доллардан 5 800 долларгача оширишни мақсад қилган. Бошқа иқтисодий кўрсаткичлар қаторида инфляцияни 5 фоиз даражасида ушлаб туриш, давлат қарзини ЯИМнинг 50 фоизидан паст сақлаш ва бюджет тақчиллигини 3 фоиздан оширмаслик каби вазифалар белгиланган.
Саноат сиёсати диверсификация ва қўшилган қийматни оширишга қаратилган. Жумладан, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага, шундан 200 мингтаси электромобилларга етказиш, 1,8 миллион саноат иш ўрни яратиш ҳамда саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 60 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Ҳукумат умумий қиймати 150 миллиард доллар бўлган 400 дан ортиқ стратегик лойиҳа орқали хорижий инвестицияларни жалб қилишни кутмоқда. Молиявий ислоҳотлар эса банкларни хусусийлаштириш, кредитлашни кенгайтириш ва исломий молияни ривожлантиришни қамраб олади.
Стратегия “яшил иқтисодиёт” масаласига ҳам алоҳида урғу беради. Расмийлар қайта тикланувчи энергия манбалари умумий генерациянинг 54 фоизини ташкил этишини, иссиқхона газлари чиқиндиларини эса 35 фоизга қисқартиришни мақсад қилган. Транспорт ва логистика соҳасида транзит ташувларни кенгайтириш, йўлларни қуриш ва таъмирлаш, аэропортларни модернизация қилиш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалигида эса асосий эътибор унумдорлик ва экспортни оширишга қаратилган бўлиб, аграр экспорт ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувни тежаш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан биридир. Ўзбекистон сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, ичимлик сувини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий этиш ва қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бошқа экологик мақсадлар қаторида шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтириш, ўрмон майдонларини кўпайтириш ва Оролбўйи ҳамда чўл ҳудудларида янги яшил зоналар барпо этиш бор. Шунингдек, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво сифати ва иқлим барқарорлигини кучайтириш ҳам устувор вазифалар қаторига киради.
Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва халққа хизмат қиладиган давлат бошқарувини шакллантириш ҳам стратегиянинг асосий йўналишларидан биридир. Унда маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш, электрон давлат хизматларини кенгайтириш ва тезкор хизматлар етиб келиш вақтини қисқартириш назарда тутилган. Қонунчилик ислоҳотлари тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар сонини ошириш ва ортиқча тартибга солиш юкини қисқартиришга қаратилган. Шу билан бирга, меритократия, суд ислоҳоти, инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши кураш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.
Стратегия, шунингдек, хавфсиз ва тинчликсевар давлат ғоясини ҳам илгари суради. Бу фаол ташқи сиёсат, минтақавий ҳамкорлик, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва меҳнат миграциясини янада тартибга солиш орқали таъминланади. Мақсадлар қаторида Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз йўналишлар сонини кўпайтириш, қўшни давлатлар билан савдо айланмасини ошириш, дипломатик ваколатхоналар тармоғини кенгайтириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини илгари суриш бор. Бошқа вазифалар эса мудофаа соҳасини модернизация қилиш, фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтириш ҳамда жамоатчилик ишончи ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашни қамраб олади.
Стратегия ижроси расмий мониторинг тизими орқали рақамли платформа асосида кузатиб борилади. Унда натижалар рангли тоифалар орқали баҳоланиб, ютуқлар ёки кечикишлар аниқ кўрсатилади. Бу жараёнда “Тараққиёт стратегияси” маркази стратегик кўрсаткичларни мониторинг қилиш ва ислоҳотларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг ўзига хослиги шундаки, у юксак мақсадларни аниқ, тузилмали ва натижага йўналтирилган ёндашув билан уйғунлаштиради. Ҳукумат алоҳида-алоҳида ташаббусларни эмас, балки мувофиқлаштирилган, ҳисобдор ва узоқ муддатли трансформация дастурини амалга оширмоқда. Шубҳасиз, ушбу стратегия келгуси ўн йилликда Ўзбекистоннинг тараққиёт ва ислоҳотлар йўлини белгилаб берувчи асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Элдор Туляков,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори