Ўзбекистон-Мўғулистон: кўп асрлик алоқаларни мустаҳкамлашнинг янги истиқболлари
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Мўғулистон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 19 декабрда тан олган. Мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 январда ўрнатилган.
Мўғулистон Президентлари 2010, 2016 ва 2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент ва Самарқанд саммитларида кузатувчи давлат раҳбарлари сифатида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар, тарихчиларнинг фикрига кўра, қадим даврларга бориб тақалади. Жумладан, Турк ҳоқонлиги даврида (552-603) ва ундан кейинги йилларда ўзаро алмашинув ривожланган.
Ҳозирги босқичда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида изчил тараққий этиб бормоқда.
Янги Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақалараро ўзаро боғлиқлик масаласини илгари суришга қаратилган прагматик ташқи сиёсати икки давлат ўртасидаги кўп қиррали мулоқот ривожига янги суръат бахш этяпти. Бу галги олий даражадаги Ўзбекистон-Мўғулистон саммити сўнгги уч йилдаги учинчиси ҳисобланади. Давлат раҳбарлари 2022 йилда Самарқандда, 2023 йилда эса Дубай шаҳрида самарали музокара ўтказган эди.
2020 йилдан бошлаб икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашди. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Мўғулистон Давлат Буюк Хуралида парламентлараро ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳлари ташкил этилган.
2023 йил март ойида Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг ташриф билан биринчи марта Ўзбекистонга келди. Ушбу ташриф доирасида мамлакатимиз ҳукумати аъзолари билан самарали учрашувлар ўтказилди. Ўша йили Мўғулистон ҳукумати 2024 йилда Тошкентда элчихона очишга тўғрисидаги қарорини эълон қилди.
Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик механизми самарали фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, унинг 7-давраси жорий йилнинг 7 май куни Улан-Батор шаҳрида ташкил этилди.
Мўғулистон, шунингдек, Ўзбекистонни истиқболли иқтисодий ҳамкор деб билади. 2023 йил март ойида Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида Битим имзоланди.
Икки томон ҳам савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги даражаси мамлакатларнинг мавжуд салоҳиятига жавоб бермаслигини қайд этган ҳолда, товар айирбошлаш ҳажмини ва ишбилармонлик соҳасидаги алоқаларни изчил ошириш ниятида.
Бугунги кунда Ўзбекистон Мўғулистонга қишлоқ хўжалиги, алкоголсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, механик ускуналар ва хизматларни экспорт қилмоқда. Ўз навбатида, Мўғулистондан гўшт, пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда кимёвий моддалар импорт қилиняпти.
Жорий йилнинг май ойида Улан-Баторда икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишлари кўриб чиқилди.
Мўғулистоннинг “Таван Богд” холдингининг Тошкент шаҳрида Япониянинг “Fuji Film” корпорациясининг сунъий интеллектга асосланган илғор ускуналаридан фойдаланган ҳолда ультразамонавий диагностика марказини очишга киритган инвестициялари, шунингдек, “Монголбазальт” корхонаси томонидан Жиззах вилоятида базальт конларини ўзлаштириш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга киритган сармоялари мазкур жабҳадаги ҳамкорликнинг ижобий намуналари сирасига киради.
Ўзбекистонда мўғулистонлик шериклар билан биргаликда очилган қўшма корхоналар асосан хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида фаолият юритяпти.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам чуқур тарихий ришталар, икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар туфайли ўзаро манфаатдорлик асосида ривож топиб бораётир.
Тилшуносларнинг айтишича, туркий ва мўғул тиллари қардош тиллар бўлиб, улар олтой тиллари оиласига киради.
Тарихий манбаларда келтирилишича, мўғуллар салтанатининг асосчиси Чингизхон унга қарши мардонавор курашган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Жалолиддин Мангубердининг жасоратидан ҳайратда қолганини таъкидлаган. XVI аср тарихчиси Масъуд ибн Кўҳистонийнинг “Тарихи Абулхайрхоний” миниатюра китобида Жалолиддин Мангубердининг Синд дарёсининг ўнг қирғоғига сузиб, тўрт минг жангчи билан чўл томон кетаётгани тасвирланган. Уларнинг ортидан кузатиб турган Чингизхон ўз ўғилларига қараб, “Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим”, деган.
Минг йиллар давомида туркий ва мўғул халқлари бири билан аҳил-иноқ яшаб, ягона этникмаданий муҳитни вужудга келтирган. Уларнинг дунёқараши, диний қарашлари, турмуш тарзи жуда яқин. Асрлар ўтган бўлса ҳам, маданий ўхшашлик ва яқинлик сақланиб қолинган. Туркий тилларда, айниқса, ўзбек тилида “жавангор”, “баронгор”, “тўлғама”, “доруға”, “навкар”, “ноён”, “кўрагон”, “қарши” “аймак” ва бошқа маҳаллий мўғулча сиёсий-ҳарбий атамалар мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистонда шу кунгача мўғулча номдаги қишлоқлар ҳам сақланиб қолинган.
Ушбу ўзаро боғлиқ бой тарихий-маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Бундан ташқари, Мўғулистон бадиий жамоалари Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро мусиқа ва фольклор фестивалларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, икки мамлакатдаги дўстлик жамиятлари ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилган, маданий ва илмий делегацияларнинг ташрифлари ҳам мунтазамлик касб этаяпти.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ҳам, Мўғулистон ҳам қадимий ва бой тарихий-маданий меросга эга. Шунингдек, жадал замонавий тараққиёт ва янгиланиш сари одимлаётган мамлакатларимиз минтақада барқарор ривожланишга эришиш йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори ҳамдир. Шу нуқтаи назардан, Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи икки томонлама алоқалар ривожига янги суръат бағишлайди ва уни янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.
“Дунё” АА