Ўзбекистон – Мўғулистон: тарихий яқинлик ва стратегик манфаатларга асосланган мулоқот
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24-25 июнь кунлари давлат ташрифи билан Мўғулистонда бўлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 январда ўрнатилган. Шундан буён икки томонлама мулоқот изчил ривожланиб, дўстлик ришталари, сиёсий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини намоён этмоқда.
Ўтган йиллар давомида томонлар суверенитетни ҳурмат қилиш ва ўзаро тенглик асосидаги барқарор муносабатларни ўрнатдилар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Мўғулистон сиёсий мулоқотининг фаоллашгани кузатиляпти. Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 2022 йилда ШҲТ Самарқанд саммитидаги иштироки доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари 2023 йил 1 декабрь куни Дубай шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида ҳам учрашдилар.
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг 2024 йил 23-26 июнь кунлари Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Икки давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунлари бўйича Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнот, шунингдек, 14 та ҳукуматлараро ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
"Мўғулистон биз учун Осиё минтақасидаги анъанавий ва ишончли ҳамкордир. Ўзбекистон-Мўғулистон муносабатлари дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган бўлиб, конъюнктурага боғлиқ эмас", – деди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф доирасидаги тадбирлар чоғида.
Бундай асос ҳукуматлар, парламентлар ва вазирликлар даражасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, мамлакатларни бир-бирига яқинлаштириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Мўғулистон Давлат Буюк Хуралида фаолият юритаётган парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаол ташрифлар алмашинуви билан ажралиб турадиган конструктив мулоқотни йўлга қўйди.
Идоралараро ҳамкорлик механизмлари самарали ишламоқда. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги масалалар бўйича ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ёндашувларни мувофиқлаштириш, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун барқарор ҳуқуқий ва институционал асосни шакллантиришга хизмат қиляпти.
Бугунги кунга қадар икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 7 та давраси бўлиб ўтди. Сўнгги сиёсий маслаҳатлашувлар 2024 йил 7 май куни Улан-Баторда ташкил этилди.
Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда дипломатик ваколатхоналар фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси бир вақтнинг ўзида Мўғулистонда ҳам аккредитациядан ўтган.
2024 йил 24 июнь куни Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу дипломатик каналлар икки томонлама ташрифлар ташкил этиш, сиёсий маслаҳатлашувлар ва турли соҳалардаги битимлар лойиҳаларини тайёрлашга яқиндан кўмаклашяпти.
Ўзбекистон ва Мўғулистон анъанавий тарзда халқаро майдонда бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу, айниқса, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (Мўғулистон кузатувчи мақомига эга), шунингдек, икки давлат Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кўраётган Осиё-Европа мулоқоти (АСЕМ) каби ташкилотлар доирасида яққол кўзга ташланади.
Мўғулистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ва алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро майдондаги ташаббусларини бир неча бор дипломатик қўллаб-қувватлаб келган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Мўғулистоннинг барқарор энергия ечимларини илгари суриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чўл экотизимларини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган.
Мўғулистоннинг Ўзбекистон муҳим географик ва иқтисодий мавқега эга бўлган Марказий Осиё билан минтақавий ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани сир эмас. Ўзбекистон, ўз навбатида, Мўғулистонни Шимолий-Шарқий Осиё билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим шерик сифатида билади.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳали ўзининг тўлиқ салоҳиятини намоён этгани йўқ десак муболаға бўлмайди. Энг асосийси ҳар икки томон ҳам уни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини кўрсатмоқда. Мўғулистон Ўзбекистонга минтақадаги муҳим савдо-иқтисодий шерик сифатида қарайди. Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари барқарор ўсиб бормоқда, бу натижа ҳар йили ўртача 30 фоизга ошаётгани шундан далолат беради.
Ҳар икки давлат ҳам муҳим хомашё, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги юқори салоҳиятга эга ва мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи бўлиши мумкин. Энергетика, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия тежайдиган технологиялар йўналишида ҳамкорлик айниқса, истиқболли деб ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу мамлакат билан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 17 та қўшма корхона ташкил этилган. Уларнинг 12 таси 100 фоиз Мўғулистон капитали билан фаолият юритяпти.
Томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо миссияларини ривожлантириш, ярмаркалар, бизнес-форумлар ва инвестициявий конференцияларда иштирок этиш имкониятларини доимий тарзда кўриб чиқяпти. 2024 йил июнь ойида Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларининг очилиши, икки давлат пойтахтларида саноат кўргазмалари ўтказилиши эълон қилинди.
Айрим турдаги товарлар билан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш бўйича эришилган келишув ва бозорга киришни осонлаштириш бўйича таклифлар савдо-иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга қўшимча туртки бўлади.
2024 йилнинг 24 июнь куни Тошкент шаҳрида Президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашув ўтказдилар.
"Биз мавжуд салоҳият ва имкониятлардан деярли фойдаланмаётганимизни таъкидладик. Шу муносабат билан яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали каррасига ошириш вазифасини қўйдик,", – деди Ўзбекистон Президенти учрашувда.
Мўғулистон делегацияларининг Ўзбекистонда анъанавий Тошкент халқаро инвестиция форуми ва бошқа ишбилармонлик тадбирларида иштирок этиши бу борадаги ижобий қадам бўлди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик чуқур тарихий ришталарга асосланади. Туркий ва мўғул халқлари асрлар давомида Марказий Евроосиё даштларидан вужудга келган ягона этник-маданий ва геосиёсий маконда яшаб келган. Бу халқларни кўчманчи маданиятнинг умумий намуналари, ўхшаш ижтимоий тузилмалар, лисоний ва мифологик унсурлар, анъаналар, тарих ва табиатга чуқур ҳурмат бирлаштириб туради.
Ҳозирги Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳудудида вужудга келган буюк сулолалар — Ҳунлар давлатидан Чингизхон ва Темурийларгача бўлган давр нафақат Евроосиёнинг тарихий тақдирини белгилаб берди, балки бир-бирига маъмурий маданият, санъат, дипломатия, ҳарбий стратегия бўйича билимларни узатди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон Шарқнинг энг муҳим маданий ва илмий анъаналари – Буюк ипак йўлидан тортиб, ёзма ва маънавий ёдгорликлари эгаларидир. Мўғулистонда Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданиятига оид кўплаб қадимий ёзма манбалар мавжуд. Улар Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик ва қўлёзмалар институтларида қизиқиш уйғотмоқда. Археология, музей иши, реставрация ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик қўшма лойиҳалар, илмий экспедициялар, кўргазмалар ва таълим дастурлари учун янги имкониятлар очади.
Хусусан, 2023 йил октябрь ойида Жалолиддин Мангуберди жамғармаси вакиллари туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг ўзаги бўлган Ўрхун-Энасой битиклари билан боғлиқ видеоматериаллар тайёрлаш мақсадида илмий-амалий сафар билан Мўғулистонга борди.
Бугунги кунда иккала томон ҳам талабалар алмашинуви, академик алоқалар, тарих, тил ва маданиятни ўрганиш бўйича дастурларни ривожлантирмоқда. Туркология ва шарқшунослик марказларини ривожлантириш истиқболли йўналиш бўлиб, Мўғулистон ва Ўзбекистон тажрибаси илм-фан ва таълим соҳаларини ўзаро бойитяпти.
Бундан ташқари, миллий маданият ташкилотлари кўмагида Маданият кунлари, гастрол сафарлари, кинофестиваллар, анжуманлар, ижодий форумлар мунтазам ўтказиляпти ва улар гуманитар мулоқотлар асосини ташкил этаётир.
2024 йил июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон давлат академик халқ чолғу асбоблари оркестри ва Мўғулистон филармоник оркестрининг "Морин Хуур" қўшма концерти бўлиб ўтди. Мазкур мўғул мусиқий гуруҳи II Халқаро мақом санъати форумида ҳам иштирок этди.
Ўз навбатида, ўтган йилнинг ноябрь ойида Мўғулистон Маданият вазирлиги кўмагида Мўғулистон филармониясида ўзбек халқининг маънавий-маданий мероси тақдимоти ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги муносабатлар ҳурмат, ўзаро манфаатдорлик ва тарихий яқинликка асосланган. Ҳар икки давлат ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда янада фаол ҳамкорликка интилишларини намойиш этмоқда. Ўзбекистон ва Мўғулистон сиёсий ирода, мустаҳкамланган иқтисодий ҳамда гуманитар алоқалар билан икки томонлама шерикликни Марказий ва Шарқий Осиёдаги барқарор ҳамда ўзаро манфаатли тарзда ривожланиш векторига айлантиришга қодир.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга бўлажак давлат ташрифи бу жараёнга кучли суръат бағишлаб, мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва ўзбек-мўғул ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз.