Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Қирғизистон ва Қозоғистон парламентлари раҳбарлари учрашди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Россияга ташрифи давомида Қирғизистон Жўқорғи Кенгеси Раиси (Торағаси) Талант Мамитов билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, кўп соҳалардаги икки томонлама алоқалар, жумладан парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон-Қирғизистон жамғармасини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
— Савдо-иқтисодий ҳамкорлик устувор йўналиш ҳисобланади, — деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. — Сўнгги 4 йилда ўзаро савдо ҳажми 5 баравар ўсди ва 1 миллиард долларга яқинлашди. Шунингдек, парламентлараро ҳамкорликка, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга, сайлов тизимини такомиллаштиришга, чегарадош вилоятлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият берилди. Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди вилоятлари раҳбарлари кенгаши доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёр. Бизнинг энг муҳим вазифамиз — барча келишувларнинг энг юқори даражада амалга оширилишини таъминлашдир.
— Биргаликда ҳал этишни талаб қиладиган масалалар мавжуд, — деди Қирғизистон Жўқорғи Кенгеси Раиси Талант Мамитов. — Бугун дўстона, яқин қўшничилик муносабатларини тиклаётганимиз қувонарли. Шу сабабли турли таҳдидлар ва хавфлар мавжуд бўлган ҳозирги замонда ижтимоий-иқтисодий, гуманитар, сиёсий муносабатларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув давомида томонлар парламент делегациялари ташрифларини амалга оширишга, яқин орада Ўзбекистонда Парламентлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга, минтақалараро ҳамкорликни ҳамда Марказий Осиё раҳбар аёллари мулоқоти доирасида гендер ҳамкорликни йўлга қўйишга, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида мунтазам равишда қўшма тадбирлар ўтказишга, умумий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиш ва тарғиб қилиш бўйича дастурларни амалга оширишга келишиб олди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Қозоғистон Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида вакиллик ҳокимият органлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб, парламентлараро мулоқот ривожланганлиги қайд этилди.
— Бугун сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳалардаги муносабатларимиз дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланади ҳамда “стратегик ҳамкорлик” мақомига эга, — деди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева. — Биз илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида биргаликдаги тадбирларни мунтазам ўтказиб туришдан, умумий қадриятларимиз ва анъаналаримизни сақлаш ҳамда кенг тарғиб қилишга доир қўшма дастурларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муваффақиятли ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик олиб бориш бўйича бой тажриба тўплаганлигини таъкидладилар. 2020 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 миллард АҚШ долларидан ошиб кетди.
— Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар яхши даражада, бироқ келажакда биз кўрсаткичларни янада яхшиламоқчимиз, — деди Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев. — Икки томонлама муносабатлар ўзаро қизиқиш уйғотган барча йўналишларда ва соҳаларда жадал ривожланмоқда. Шубҳасиз, бунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Касим Токаевнинг хизматлари улкандир.
Минтақалараро алоқаларни, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларни ривожлантиришда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолиятининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Томонлар мунтазам равишда қўшма тадбирлар ўтказишдан, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.
«Дунё» АА