Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон-Покистон: Кўп асрлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон-Покистон: Кўп асрлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари

Покистон харид қобилияти паритетига кўра (2019 йил) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўлами бўйича дунёда 24-ўринда турувчи ривожланаётган саноатлашган аграр мамлакат ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу давлат XXI асрда дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири бўлишга интилаётган ва улкан салоҳиятга эга бўлган ўн бир мамлакат қаторидан жой олган.

Мамлакат салмоқли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ва инсон салоҳияти, қулай геосиёсий жойлашуви ва мувозанатли ташқи сиёсати туфайли бугунги кунда минтақавий сиёсатда ҳамда долзарб халқаро масалаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда.

Покистон билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш бугунги кунда ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган Ўзбекистон манфаатларига жавоб беради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам таъкидлаб ўтилган.

Бугун икки давлат ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. XVI асрда замонавий Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва жануби-шарқий Афғонистон ҳудудида ўзбек халқининг буюк аждоди Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган қудратли салтанатнинг барпо этилиши маданиятлар ва маънавий қадриятларнинг ўзаро таъсир ўтказишига асос бўлди. Тарихдан мерос қолган бой маданий-тарихий ва илмий-маърифий бойлик бугунги ва келажак авлодларнинг абадий мулки бўлиб қолади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон пойтахтларида икки давлат элчихоналари фаолият юритиб, 1992 йил май ойида ўрнатилган ўзаро ҳамкорликнинг изчил ривожланишига кўмаклашмоқда. Мамлакатларимиз парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган, турли даражадаги сиёсий мулоқотлар мунтазамлик касб этган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2018 йилларда халқаро тадбирлар (ШҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитлари) доирасида Покистон Президенти Мамнун Ҳусайн ва Бош вазири Навоз Шариф билан ўтказган учрашувлари ҳам шундан далолат беради. 2019 йилнинг апрель ойида Пекинда “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида ва шу йилнинг июнь ойида Бишкекда ШҲТ давлат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон раҳбари Покистоннинг амалдаги Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон юқори даражадаги учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлган Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган музокараларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли йўналишларда ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мамлакатлар халқаро майдонда бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаб, БМТ, ШҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг изчил ривожланиши икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради, минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Афғонистоннинг яқин қўшнилари бўлган, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдан бирдек манфаатдор Ўзбекистон ва Покистон афғон муаммосини фақат БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ва қарама-қарши томонларнинг муросага келиши орқалигина амалий ҳал қилиш мумкин, деган фикрда якдилдир.

Бугунги кунда Тошкент ва Исломобод Кобул билан уч давлатнинг манфаатларига тўла жавоб берадиган қўшма иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири – бу “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” трансафғон темир йўлининг қурилиши бўлиб, унинг янги Ипак йўлининг бир қисмига айланиш истиқболлари амалий мазмун касб кетмоқда.

Юқорида қайд этилганидек, февраль ойи бошида Тошкентда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон делегациялари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида ушбу лойиҳани муҳокама қилиш учун юқори даражадаги учрашув ўтказилиб, унинг якунида мазкур йўналишдаги қўшма тадбирлар режаси қабул қилинди.

Албатта, мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри транспорт йўлагининг қурилиши ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Улар бугунги кунда ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Хусусан, 2020 йил якунларига кўра, Ўзбекистондан маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича савдо ҳамкорлари орасида Покистон 13-ўринни эгаллади. Ўтган йилда ўзаро савдо кўрсаткичи 123,3 миллион долларга етди, унда мамлакатимиздан экспорт 98,5 миллион долларни ташкил этди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон ҳукуматлараро комиссияси ҳамда қўшма Ишбилармонлар кенгаши икки томонлама ҳамкорлик масалаларида самарали платформалар бўлиб хизмат қилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик кўламида янги ўсиш нуқталари пайдо бўлмоқда. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги қўшма ва хорижий корхоналар сони қарийб икки баробарга кўпайди. Бугунги кунда республикада савдо, енгил саноат, қоғоз, чарм ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг сони 140 дан ортиқ бўлиб, шундан 4 таси 100 фоиз хориж капитали асосида ташкил этилган. Ўзбекистон иқтисодиётига Покистон инвестицияларининг умумий ҳажми 11 миллион доллардан ошди.

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегациянинг 2020 йил сентябрь ойида Покистонга амалга оширган ташрифи чоғида бу борадаги ўзаро муносабатларни кенгайтириш, шунингдек, транспорт ва логистика ҳамкорлигини жадаллаштиришнинг муҳим масалалари муҳокама қилинди. Исломободда Покистон Бош вазири Имрон Хон, турли вазирлик ва идораларда икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги яна бир муҳим воқеа яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Чаудҳари бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга сафари бўлди. Ушбу ташриф чоғида Панжоб ва Наманган вилоятлари ўртасида минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Икки вилоят ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди, “Наманган-Панжоб” биринчи минтақалараро бизнес-форуми, «B2G» ва «В2В» шаклларида музокаралар ўтказилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Покистон халқларининг тарихий алоқалари, муштарак маънавий қадриятлари бунда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида ушбу йўналишдаги алоқалар кенгайди. Бунда фан ва маданият вакилларининг ўзаро ташрифлари алоҳида ўрин тутмоқда. Хусусан, Покистон-Ўзбекистон иқтисодий ва маданий алоқалар маркази таклифига биноан ўзбек шоирлари ва ёзувчилари делегациясининг Лаҳорга ташрифи чоғида ўзбек тили курслари ташкил этилди. Марказ раҳбари Маҳмуд Али Баттининг сўзларига кўра, покистонликлар ўзбек тилини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган “Ўзбекистон – Покистон” дўстлик жамияти икки халқ ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш ва кенг жамоатчилик вакилларини бой тарихий-маданий мерос билан яқиндан таништиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида бакалавриат талабалари учун асосий ва қўшимча шарқ тили сифатида Покистонда расмий тил бўлган урду тили, урду лексикологияси, урду тилидаги мумтоз шеърият ўргатилади. Магистрлик дастурлари таркибига эса Покистон тарихи, ушбу мамлакатда тил ҳолати, урду тили тарихи, унинг стилистикаси, урду тилида араб-форс элементлари ҳақидаги фанлар киритилган.

Икки мамлакат вакиллари Ўзбекистон ва Покистонда ўтказилаётган концертлар, фестиваллар, кўргазмалар ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, покистонлик санъаткорлар Самарқанд шаҳридаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келмоқда. Ўз навбатида, Покистонда Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, бошқа буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилаётган илмий-амалий анжуманларда ўзбекистонлик мутахассислар анъанавий тарзда маърузалар қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатларнинг туризм, жумладан, зиёрат туризм соҳасидаги салоҳиятини инобатга олган ҳолда, мазкур йўналишдаги икки томонлама ҳамкорликка бўлган ўзаро қизиқиш тобора ортиб, истиқболли соҳага айланмоқда.

2019 йилда ушбу мамлакатда Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази очилди, 2020 йилда Нақшбандия тариқатининг издоши Ҳасиб ур-Раҳмон Ўзбекистоннинг Покистондаги зиёрат туризм элчиси этиб тайинланди. Шу ўринда қайд этиш жоиз, пандемиядан аввал Ўзбекистонга ҳар йили беш мингдан зиёд сайёҳ ва зиёратчи келган. Пандемия бўлишига қарамасдан, 2020 йилда мамлакатимизга Покистондан қарийб минг нафар сайёҳ саёҳат қилди.

Шундай қилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва қарийб 30 йиллик муносабатларнинг натижалари савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтиришнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ва Покистон мавжуд салоҳиятни ишга солган ҳолда нафақат пандемия билан боғлиқ глобал инқироз ҳодисаларининг иқтисодий оқибатларини муваффақиятли бартараф этишга, балки Марказий ва Жанубий Осиёнинг иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” юқори даражадаги халқаро конференция икки ва кўп томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун самарали платформа бўлиши кутилмоқда. Унинг натижалари яқин ҳамкорлик қилиш ва долзарб кун тартибини стратегик мазмундаги аниқ лойиҳалар билан тўлдириш учун мустаҳкам концептуал ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши муқаррар.

“Дунё” АА