Ўзбекистон Президенти келгуси ҳафтада ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденни қабул қилади ва Покистон Бош вазири Имрон Хон билан онлайн-саммит ўтказади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов навбатдаги брифинг ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Даставвал ўтган тиғиз ҳафтанинг натижалари сарҳисоб қилинди. Мамлакатимиз Президенти хорижий делегациялар билан ўтказган учрашувлари ва муҳим йиғилишлар тафсилотлари ҳақида сўз юритилди.
Давлат раҳбарининг матбуот котиби расмий пресс-релизларга киритилмаган қўшимча маълумотларни тақдим қилди:
«5 апрель куни Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашув бўлиб ўтди.
Эрон – бизнинг анъанавий шеригимиз, катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Кейинги йилларда икки томонлама алоқалар фаоллашди. 2019 йилдан Эрон учун соддалаштирилган виза тизими жорий қилинди.
Учрашувда 2020 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо 250 миллион долларни ташкил этгани, қўшма корхоналар сони 3 баробар ортгани, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика каби соҳаларда умумий қиймати 61 миллион долларлик қатор янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш маслалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Дарвоқе, хавфсизлик кенгашлари ўртасида илк маслаҳатлашув механизми ўрнатилди.
Вазир Зариф 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишини тасдиқлади.
5 апрель куни яна бир муҳим учрашув бўлиб ўтди. Президентимиз Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Сизга маълумки, яқинда Тошкентда илк бор “Иннопром” йирик саноат ҳафталиги бўлиб ўтди. Кўргазмада мамлакатимиз корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар россиялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда мазкур кўргазма янги кооперация лойиҳаларини бошлаш учун ишончли платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Бу борадаги лойиҳалар аниқ муҳокама қилинди. Уларни амалга оширишда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси муҳим ўрин тутади.
Жорий йилда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб Президентимизнинг Россияга расмий ташрифини ташкил этиш режалаштирилаётгани, бўлажак музокараларга томонлар пухта тайёргарлик кўраётгани қайд этилди.
Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблея Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегация билан мулоқотда мамлакатларимиз кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда қатъий экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари корейс халқига коронавирусга қарши курашишда кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Сеулнинг Янги шимолий сиёсатини ва Корея ярим оролида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Мамлакатимиз Жанубий Корея парламентининг, энг аввало, ҳудудлар ва қишлоқ жойларни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, индустриаллаштириш ва рақамлаштириш бўйича самарали тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Бундан ташқари, Ўзбекистон корейс ишбилармонларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Жанубий Корея парламенти нуфузли делегациясининг ташрифи Ўзбекистон Президентининг ушбу мамлакатга ташрифига тайёргарлик кўришнинг босқичларидан бири бўлди, деб айтиш мумкин.
Кеча Президент раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлик масалалари бўйича видеоселектор бўлиб ўтди.
Хабарларингиз бор, йиғилиш жуда жиддий, танқидий бўлди. Қўйилган вазифаларни уддалай олмаган кўплаб раҳбарлар лавозимидан озод этилди, айримларига ҳайфсан берилди.
Президентимиз тадбиркорликка ва умуман ислоҳотлар дастурини амалга оширишга тўсқинлик қилган раҳбарларни хиёнатчи деб атаб, бундайларга нисбатан муроса бўлмаслигини, қонун устувор, жазо муқаррар эканини таъкидлади.
Йиғилишда тадбиркорларни ҳар томонлама кенг қўллаб-қувватлаш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган аҳолини ишга жойлаштириш ва фаровонлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Уларнинг ижроси бўйича сўров қаттиқ бўлиши, шунинг учун масъулият ва жавобгарликни ҳам икки карра ошириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Шерзод Асадов келгуси ҳафтада бўлиб ўтадиган муҳим тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталди:
«13-14 апрель кунлари мамлакатимизга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг ташриф буюриши кутилмоқда.
Линде хоним Президент томонидан қабул қилиниши режалаштирилган.
Ўзбекистонда ЕХҲТнинг ваколатхонаси 25 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатиб келаётгани ушбу нуфузли ташкилотнинг мамлакатимиз билан динамик ва очиқ алоқаларидан далолатдир. Ушбу шериклик кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мутлақо янги даражага кўтарилди.
Биз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кўзланган янгиланишларни фаол илгари суришда ушбу муҳим минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интиламиз.
Ўзбекистон билан Швеция ўртасида барча соҳаларда конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли муносабатлар мустаҳкамланиб келмоқда. Бу алоқалар, айниқса, сўнгги йилларда фаоллашиб, ўтган йили ноябрда ва бу йил февралда сиёсий масҳалаҳатлашувлар ўтказилди. Анн Кристин Линденинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.
Келаётган ҳафтада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан видеомулоқоти мўлжалланган.
Ўзбекистон ва Покистонни умумий тарих, ягона дин ва ўхшаш маданият боғлаб туради. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бормоқда. Пандемияга қарамасдан, мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар фаол давом эттирилмоқда. Жорий йил 8 февраль куни Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуд бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.
2020 йил якунларига кўра, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 123 миллион доллардан ошган. Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Навбатдаги мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган транспорт коммуникацияларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинади».
Брифинг якунида давлатимиз раҳбарининг матбуот котиби Президент матбуот хизматининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида пресс-пулнинг самарали фаолиятини йўлга қўйишга киришилгани ва бу гуруҳга Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилишини маълум қилди.
«Дунё» АА