Ўзбекистон Президенти раислигида ўтган йиғилишда ёшларга оид давлат сиёсати ижроси кўриб чиқилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати манзилли ва кенг қамровли. Хусусан, ўтган йили 9 минг 406 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш имконияти яратилди. Натижада ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга қисқарди. Айни пайтда етакчиларнинг тавсияси асосида йигит-қизларга 25 та ёрдам турлари кўрсатилмоқда.
Ёш авлоднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида 14-30 ёшдаги 9 миллион нафар ёшларнинг баланси шакллантирилди. Бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорини юзага чиқариш мақсадида 5 босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” ўтказиб келинмоқда.
Йиғилишда бу борадаги ишларни давом эттириб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди.
Ёшларни эътибор ва ғамхўрлик билан тўла қамраб олиш мақсадида улар “маҳалладан вазирликкача” тизими орқали давлат идораларига бириктирилиши белгиланди.
Ёшларга ажратилаётган маблағларнинг шаклланиши ва молиялаштириш жараёнларини рақамлаштириб, мақсадли йўналтириш вазифаси қўйилди. Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.
Ёшларимиз санъат, адабиёт, спорт соҳаларида ҳам интилувчан. Уларга бундай имкониятларни яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда “Маданият карвони” тадбирлари, фестиваллар, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилади. Ёшлар сайлгоҳлари, креатив парклар ташкил этилади.
Ёшларни ёт ғоялар хуружидан ишончли ҳимоя қилиш учун муқобил ахборот ресурслари яратиб, бойитиб бориш муҳимлиги айтилди.
Йиғилишда мутасаддилар жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берди.