Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувдаги нутқи
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ҳурматли бизнес вакиллари, ишбилармон тадбиркорлар, бугунги мулоқот иштирокчилари!
Бундан икки йил олдин яхши бир тажриба – Тадбиркорлар куни арафасида очиқ мулоқот шаклида сизлар билан учрашиб, тўпланиб қолган масалаларга биргаликда ечим топиш амалиётини йўлга қўйган эдик. Бугун ҳам ушбу анъанани давом эттириб, сизлар билан соғ-омон, хуш кайфиятда учрашиб турганимдан бағоят хурсандман.
Қадрли юртдошлар!
Очиқ айтиш керак, сўнгги 3-4 йилда халқаро майдонда бўлаётган ўзгаришлар дунё иқтисодиётига, шу жумладан, миллий иқтисодиётимизга ҳам катта таъсир ўтказмоқда.
Турли зиддиятлар туфайли логистика ва маҳсулот етказиб бериш занжирининг узилгани, ҳамкор мамлакатлар валютасининг қадрсизлангани, глобал миқёсда инфляция даражаси юқори бўлиб қолаётгани оқибатида молиявий ресурсларнинг қимматлашгани каби омиллар таъсирини тадбиркорларимиз жуда яхши биладилар.
Тан олиш керак, бундан буён ҳам осон бўлмайди. Йўл қўйилган камчиликлардан тўғри сабоқ чиқариб, фақат олдинга интилсак, бизнинг меҳнаткаш халқимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз ҳар қандай машаққат́ни албатта енгиб ўтади, мен бунга ишонаман.
Дастлабки очиқ мулоқотимиз ҳам айнан жаҳондаги иқтисодий танглик ва ноаниқлик авжиѓа чиққан даврда ўтказилгани бежиз эмас. Сабаби – бундай мураккаб шароитда муаммоларни бевосита бизнес вакилларининг ўзидан эшитиб, уларга биргаликда ечим топиш ва бу орқали тезкорлик билан қарор қабул қилиш энг тўғри йўл эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди. Мисол учун, 2021 йилда бўлиб ўтган очиқ мулоқот натижалари бўйича 57 та, ўтган йили эса 55 та ташаббус илгари сурилган эди.
Буларнинг ҳисобидан бизнесни юритишда нима енгилликлар бўлди? Тадбиркорлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга эришилди? Умуман, биргаликдаги ташаббусларимиз натижаси мамлакатимиз иқтисодиётига қандай ижобий таъсир кўрсатди?
Биринчидан, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди. Натижада бу туманлардаги тадбиркорлар ўтган олти ойда қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди. Бунинг ҳисобидан 20 та тумандаги тадбиркорларнинг даромади ўтган йилга нисбатан 1,5-2 баробар ошди. Бошқача айтганда, жорий йилнинг биринчи ярмида 7 триллион сўмдан 11,5 триллион сўмга кўпайган.
Қолган 40 та туман раҳбарлари ҳам тадбиркорлар билан яқиндан ишлаб, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланганида эди, 5-тоифага кирадиган туман қолмасди.
Иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида – 2022 йил 1 августдан 2023 йил 1 августгача – 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди. Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида 2 мингдан зиёд тадбиркорларнинг ҳисоб рақамига 7 триллион сўм келиб тушди.
Энг муҳими, ушбу солиқ ставкасини 12 фоизга туширганимиз ҳисобидан қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, уларнинг фаолияти “соядан” чиқди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 184 мингтага етди.
Самарасиз солиқ механизмларини қўллаш оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигидан воз кечганимиз ҳисобидан бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.
Учинчидан, кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккред́итивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имкониятдан фойдаланган тадбиркорларимизга 1 миллиард доллар кредитлар берилди.
Шунингдек, микро-молия ташкилотларини очиш тартибини осон қилдик. Бунинг натижасида мамлакатимизда банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди. Натижада сўнгги бир йилда бундай ташкилотлар сони 1,5 баробар, улар ажратган кредит миқдори эса 3 баробар ошди. Бир йилда нобанк ташкилотлар 3 триллион сўм кредит берган.
Биз божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини соддалаштирдик. Натижада ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайди. Мисол учун, бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шу тариқа 110 миллион долларлик қўшилган қиймат яратилди.
Тўртинчидан, илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Мамлакатимиз ҳудудида биргина юкларни автомобилда ташиш фаолияти бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобидан юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди.
Бешинчидан, тадбиркорлар ўзлари айтсин, тўғри ишлайдиган солиқ тўловчилар фаолиятида текширишлар кескин қисқаргани сезилдими ёки йўқми?
Эътибор беринг, 2023 йилнинг олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоиз ёки 104 мингтадан 64 мингтага камайган. Яъни, тадбиркорларимиз тўғри ишлаш “сояда” ишлашдан кўра афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллашни бекор қилдик.
Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, 490 мингга, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.
Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди. Бу – 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп демакдир.
Бўлиб ўтган очиқ мулоқотлардан кейин сўнгги икки йилда корхоналаримиз томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ва аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
AA «Dunyo»