Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Президентининг "Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24–25 июнь кунлари Мўғулистонга буюрган давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш вазифалари тасдиқланди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари этиб белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келинади ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 миллион бошга етказилади. Босқичма-босқич жун ва кашемирни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилади. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Мўғулистонга экспорт ҳажмини ҳар йили ошириб бориб, 10 баробарга кўпайтирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор билан Мўғулистондан майда шохли молларни импорт қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиблари ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади.
Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган харажатлар учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик хўжаликлари томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчки, она балиқ ва жўжаларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари, чорвачилик йўналишида жалб қилинган халқаро молия институтларининг кредит маблағларини тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада (шундан 3 фоиз банк маржаси) 5 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш назарда тутилмоқда.
Қарорда Мўғулистонга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ташкиллаштириш юзасидан муҳим вазифалар ўрин олган.
Жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2025–2026 йилларда Мўғулистоннинг йирик савдо марказларида "Ўзбекистон маҳсулотлари" ярмаркасини ўтказади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистондан экспорт қилиб, келгусида бошқа давлатларга реэкспортни амалга оширади. Улан-Батор шаҳридаги йирик савдо майдонларида Ўзбекистон маҳсулотлари стенди ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон-Мўғулистон савдо уйини очиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган ҳужжатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйиш вазифалари қайд этилган.
Хусусан, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги 2026 йил якунига қадар Мўғулистонга совуққа чидамли ва серҳосил 10 минг дона мева кўчатларини томчилатиб суғориш технологиялари билан бирга етказиб беради ва 15 гектар ер майдонида замонавий саноатлашган интенсив боғ ташкил этишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, қарорда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Мўғулистон табиий фанлар университети ўртасида магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этиши қайд этилган.