Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Г.М.Бердимухамедовнинг Қўшма Баёноти

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Г.М.Бердимухамедовнинг Қўшма Баёноти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедов 2018 йил 23-24 апрель кунлари Давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлди.

Анъанавий дўстона, ўзаро ишонч ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида давлат раҳбарлари икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликнинг барча жабҳалари, шунингдек, халқаро майдондаги ва минтақавий ҳамкорлик соҳалари юзасидан фикр алмашдилар. Томонлар кўриб чиқилган барча масалалар бўйича позициялари ўхшаш ёки яқин эканлигини таъкидладилар.

Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён 25 йил давомидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларида эришилган натижаларни ижобий баҳоладилар.

Томонлар илгари эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни амалга тадбиқ этиш жараёнини муҳокама қилиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқалар ривожининг юқори суръатини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари ўзбек-туркман муносабатлари қардош халқлар ўртасидаги тарихий анъанавий дўстлик ва аҳил қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги стратегик даражага кўтарилганлигини мамнуният билан эътироф этдилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги барқарор ва ишончли муносабатлар икки мамлакат халқларининг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли манфаатларига жавоб бериши, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдириб, икки мамлакат халқларининг аҳил қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийлигидан келиб чиққан ҳолда, 1996 йил 16 январда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартнома ва 2017 йил 6 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига таяниб, иккала давлатнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини ҳурмат қилиш ҳамда бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принсиплари асосида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишонч муносабатларини жадал ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қатъий тайёр эканликларини тасдиқлайдилар.

Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва жаҳонда изчил тараққиёт, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда, ушбу ташкилот Низомининг мақсад ва принсипларига риоя қилиш асосида глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда унинг ролини ошириш муҳимлигини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 2 февралдаги «Халқаро Бетарафлик куни», 2017 йил 17 ноябрдаги «БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази роли» ва 2017 йил 20 декабрдаги «Барқарор ривожланиш соҳасида мақсадларга эришиш учун транспортнинг барча турлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш» резолюцияларининг долзарблигига эътибор қаратдилар. Ушбу ҳужжатларни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан Туркманистон Ўзбекистон Республикасининг ҳаммуаллифлигини мамнуният билан эътироф этади.

Туркманистон томони Ўзбекистон томонининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ядро қуролини унинг барча кўринишларида тарқатмаслик режимини таъминлаш бўйича БМТнинг халқаро саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш мақсадида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома доирасида ҳамкорликни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Томонлар Оролни қутқариш Халқаро Фондига (ОҚХФ) Орол ҳалокати таъсири остида қолган ҳудудларни экологик соғломлаштиришга қаратилган экологик ва илмий-техникавий лойиҳа ҳамда дастурларни амалга ошириш бўйича минтақа мамлакатларининг биргаликдаги ҳаракатлари учун универсал платформа сифатида қарайдилар ва Туркманистоннинг ОҚХФга раислиги доирасида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Президентлар мазкур Фонд доирасидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга йўналтирилган, 2018 йил 30 январда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ОҚХФ Бошқаруви мажлиси доирасида эришилган келишувларнинг муҳимлигини таъкидладилар. Томонлар давлат раҳбарлари даражасида навбатдаги ОҚХФ саммитини тайёрлаш ва уни 2018 йил август ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиш бўйича биргаликда иш олиб боришга тайёр эканликларини билдирадилар.

Президентлар сув-енергетика соҳасидаги барча масалаларни, шу жумладан, трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотларни барпо этиш масаласини халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқ ва ушбу минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этишни назарда тутадиган Марказий Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизимини ривожлантириш бўйича ягона келишилган позицияга эга эканликларини тасдиқладилар.

Очиқ мулоқот, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мақбул, адолатли ва оқилона ечимлар излаш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурслари минтақа халқларининг умумий бойлиги эканлиги ҳамда миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги ушбу ресурслардан адолатли ва оқилона фойдаланишга боғлиқлигини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг ишига юксак баҳо бердилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги Давлат чегараси икки қардош мамлакат ва халқларнинг дўстлик, аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик чегараси бўлиб қолиши учун бундан буён ҳам чоралар кўриш ниятида эканликларини қайд этдилар.

Халқаро терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка оид бошқа хуруж ва таҳдидлар билан курашишдаги ҳамкорликни ҳам икки томонлама даражада, ҳам халқаро тузилмалар доирасида янада ривожлантириш зарурияти қайд этилди.

Давлат раҳбарлари афғон халқи танлаган ўз мамлакатини сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлини ҳурмат қилган ҳолда, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга, уни тинч ва ривожланаётган мамлакатга айлантиришга кўмаклашишни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Президентлар 2017 йил 14-15 ноябрда Ашхобод шаҳрида Афғонистон бўйича иқтисодий ҳамкорликка оид еттинчи минтақавий конференсия (РECCА-ВИИ) ва 2018 йил 26-27 мартда Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги конференсия ўтказилганлигини мамнуният билан қайд этдилар, шунингдек, уларнинг Афғонистон ва бутун минтақада изчил тараққиёт ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.

Томонлар 2017 йил 10-11 ноябрда Самарқанд шаҳрида БМТ шафелиги остида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференсиянинг муваффақиятли ўтказилганлигини мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар Марказий Осиё мамлакатлари ва халқлари манфаатлари учун долзарб масалаларни ҳал қилиш ва ўзаро манфаатли қарорларни биргаликда қабул қилиш мақсадида минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича икки давлат ташаббусларини қўллаб-қувватлайдилар.

Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш стратегик хусусият касб этишини қайд этдилар.

Шу муносабат билан, Томонлар юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни товар айланмасига жалб этиш, шу жумладан, 2017 йил 6 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома ва унга илова қилинган Иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга тадбиқ этиш орқали ўзаро савдо ҳажмини янада кўпайтириш ва унинг номенклатурасини кенгайтиришнинг муҳимлигини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари 2018 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссиясининг ўн тўртинчи мажлиси якунларини ижобий баҳоладилар. Комиссиянинг икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникациявий соҳаларда ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи орган сифатидаги ролини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга ва икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашган 2018 йил 29-30 мартда Ашхобод шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси миллий саноат кўргазмаси («Маде ин Узбекистан») ва 2018 йил 23-24 апрельда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Туркманистон миллий кўргазмаси ва ўзбек-туркман бизнес-форуми натижалари юқори баҳоланди.

Президентлар транспорт ва транзит соҳасидаги яқин ҳамкорликни чуқурлаштириш мамлакатлар ва минтақалар ўртасида халқаро савдони ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини тасдиқладилар.

Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида, Томонлар ташқи савдо юкларини транзит ташиш тарифларини янада мақбуллаштириш ва имтиёзли шарт-шароитларни тақдим қилишга йўналтирилган тизимли ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат транзит салоҳиятини юксалтиришга имкон берадиган ва Туркманистон ва Ўзбекистон орқали Жанубий ва Марказий Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига транзит юк ташиш ҳажмларини бир неча маротаба кўпайтиришга қулай шарт-шароитлар яратадиган «Туркманобод – Фароб» автомобил ва темир йўл кўприкларининг мавжуд юқори салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш лозимлигини таъкидладилар.

Томонлар минтақада қитъалараро транспорт коридорлари ривожланиши учун қўшимча шароитлар яратадиган темир йўлларни қуриш бўйича ташаббусларни олқишлайдилар.

2011 йил 25 апрельда имзоланган Эрон Ислом Республикаси, Ўмон Султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Битим (Ашхобод Битими)ни амалга тадбиқ этиш муҳимлиги алоҳида эътироф этилди.

Шу ўринда, давлат раҳбарлари 2018 йилнинг биринчи ярмида мазкур Битимнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун унинг таъсисчи-давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва транспорт вазирлари учрашувини ўтказишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, қардошлик ва ҳамкорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашда ўзларининг тарихий масъулиятини англаган ҳолда, маданият, илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга содиқ эканликларини тасдиқладилар.

Томонлар ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Дастур имзоланганлигини мамнуният билан қайд этдилар.

Ш.М.Мирзиёев Г.М.Бердимухамедовни 2017 йил 17-27 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ёпиқ иншоотлардаги ва жанг санъатлари бўйича В Осиё ўйинлари муваффақиятли ўтказилганлиги билан қутлади. Томонлар ўз давлатлари шу сингари ва бошқа халқаро спорт мусобақаларини ўтказишда ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирдилар.

Томонлар ўзаро маданий алмашинув икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни юксалтиришга кўмаклашишини эътироф этдилар.

2017 йил ноябр ойида Туркманистонда Ўзбекистон Республикаси маданият кунларининг муваффақиятли ўтказилганлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳридаги Ашхобод боғи ва туркман шоири Махтумқули ёдгорлиги икки давлат қардош халқлари дўстлигининг яққол тасдиғи ва рамзи ҳисобланиши эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон Президентлари икки давлат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши ҳисобланишини қайд этдилар. Томонлар Бухоро вилояти ҳокимлиги билан Лебап вилояти хякимлиги, шунингдек, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан Дашогуз вилояти хякимлиги ўртасидаги делегациялар алмашинувини мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар бундан буён ҳам она тили, маданият, анъана ва урф-одатлар ривожланиши учун қулай шароитлар яратиб берадилар, икки давлат мумтоз адабиёти намоёндалари ва замонавий муаллифлар асарларини таржима қилишга кўмаклашадилар, бир давлатнинг бошқа давлат ҳудудидаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича чоралар кўрадилар.

Давлат раҳбарлари бўлиб ўтган самарали музокаралар, шунингдек, ташриф давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган анъанавий дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирадилар.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ва бутун ўзбек халқига туркман делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига ўзи учун қулай бўлган вақтда Туркманистонда ташриф билан бўлишни таклиф қилди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркманистон Президенти

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимухамедов

Тошкент шаҳри, 2018-йил 23-апрель

www.mfa.uz