Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ВА ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ИМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ДЎСТЛИК ВА АҲИЛ ҚЎШНИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ТЎҒРИСИДА ҚЎШМА БАЁНОТИ

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ВА ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ИМОМАЛИ РАҲМОННИНГ ДЎСТЛИК ВА АҲИЛ ҚЎШНИЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ТЎҒРИСИДА ҚЎШМА БАЁНОТИ

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018-йил 9-10-март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги муҳим масалаларни, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар.

Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда эришилган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражасини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этган ҳолда, икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик, аҳил қўшнилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийликдан келиб чиқиб,

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беришига, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўлишига ишонч билдирган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, БМТ Низоми мақсад ва принципларига, шу жумладан, мустақилликни ўзаро ҳурмат қилиш, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг дахлсизлиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб,

Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот берадилар:

1. Давлат раҳбарлари тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, бутун минтақа тараққиёти ва равнақини таъминлашда юксак маъсулиятларини чуқур англаб, 2000-йил 15-июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартнома қоидаларига таянган ҳолда, анъанавий дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатларини имкон қадар янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга қатъий тайёр эканликларини тасдиқлайдилар.

Давлат раҳбарлари ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзбек-тожик Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида Шартнома бунга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантиришнинг муҳимлигини ҳамда бу икки қардош халқларнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жавоб беришини таъкидладилар.

2. Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни изчил кенгайтириш учун конструктив сиёсий мулоқотнинг муҳимлигини қайд этган ҳолда, олий, юқори ва бошқа даражаларда алоқаларни янада кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар.

Президентлар узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги мавжуд юксак салоҳиятни имкон қадар тўла рўёбга чиқариш мақсадида яқин истиқболда икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

3. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тожикистон Республикаси раҳбарияти минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Тожикистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистоннинг 2018-2028-йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

5. Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг стратегик хусусиятини қайд этдилар.

Томонлар ўзаро савдода кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда икки томонлама товар айланмаси номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 млн. долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан Томонлар ўзаро савдо номенклатурасини янада кенгайтириш муҳимлигини тасдиқладилар. Томонлар саноат кооперацияларини ривожлантириш, қўшма корхоналар ва савдо уйларини яратиш, ташқи савдо инфратузилмалари ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, шунингдек, ўзаролик асосида бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ташкил қилиш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.

Томонлар иккала мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини амалга оширадилар. Шу муносабат билан давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида Битим имзоланганини мамнуният билан қайд этадилар.

Томонлар ишбилармон доиралар ўртасида алоқаларни кенгайтириш ҳамда салмоқли савдо битимлари ва шартномаларни тузишга кўмаклашган ўзаро миллий кўргазмалар ва бизнес-форумлар 2017-йилда Тошкент ва Душанбе шаҳарларида муваффақиятли ўтказилганлигини қайд этдилар.

Бўлиб ўтган олий даражадаги ташриф доирасида Душанбе шаҳрида ташкил қилинган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси ва Ўзбекистон-Тожикистон қўшма бизнес-форумига юқори баҳо берилди.

Икки давлат раҳбарлари 2018-йил 10-январда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг бешинчи йиғилиши якунларини ижобий баҳоладилар ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича барча масалаларни ҳал қилишда, шунингдек, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлашда унинг самарали механизм сифатидаги ролини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар мазкур ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида Битимга мувофиқ савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат минтақалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш зарурлигини қайд этдилар.

6. Давлат раҳбарлари икки мамлакатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имкониятлари ва транзит салоҳиятидан имкон қадар тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият берган ҳолда, транспорт қатнови соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва мавжуд автомобил, темир йўл, ҳаво қатнови транзит йўналишларини қайта тиклаш ва янгиларини яратиш масалаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли идораларга топшириқ бердилар.

Президентлар томонидан 2017 йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳри билан Душанбе шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг очилиши катта мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат шаҳарлари ўртасида мавжуд автомобил, темир йўл ва ҳаво қатнови йўналишларини қайта ишга тушириш ва янгиларини очиш Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида маданий-гуманитар ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг фаоллашувига кўмаклашишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси темир йўллари иштирокида ташқи савдо юкларини ташишда рақобатбардош тарифларни шакллантириш масалалари бўйича янада кенг ҳамкорлик қилиш амалдаги транспорт йўлакларини самарали иш юкламаси билан таъминлашга имкон яратиши қайд этилди.

Шу муносабат билан икки давлат раҳбарлари «Ғалаба - Амузанг» участкасида темир йўл қатновининг қайта ишга туширилганини мамнуният билан таъкидладилар.

7. Иккала давлат раҳбарлари маданий-гуманитар соҳада, илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ва тажриба алмашинувни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари томонидан 2017 йилда Тожикистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари ва Ўзбекистон Республикасида Тожикистон Республикаси маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилганига юқори баҳо берилди.

Давлат раҳбарлари таълим ва фан соҳасида ўзаро алоқаларни, шу жумладан, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва фанлар академиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш орқали кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар.

Томонлар илмий ва педагогик кадрларни тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассислар, профессор-ўқитувчи кадрлар ва талабалар билан алмашинув, шунингдек, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш масалалари бўйича ахборот алмашинуви соҳаларида ҳамкорлик қиладилар ва қулай шароитлар яратадилар.

8. Томонлар бундан буён ҳам икки давлат ҳудудида миллий маданий марказлар фаолияти учун она тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришда қулай шароитлар яратиб берадилар, бир давлат ҳудудидаги бошқа давлат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширадилар.

Икки мамлакат Президентлари ўзбек тилини Тожикистонда ҳамда тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўзбек ва тожик тилларида ўқитиладиган умумий таълим ўқув муассасалари тизимини кенгайтириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан алмашинув бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

Тожикистон томони Самарқанд шаҳрида икки халқнинг буюк вакиллари А.Навоий ва А.Жомийга ёдгорлик ўрнатилишини, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги замонавий тожик адабиётининг асосчиси С.Айний музейининг реконструксия қилинишини мамнуният билан қарши олди.

Ўзбекистон томони, ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Душанбе шаҳрида А.Навоий номидаги паркни барпо қилиш ва унда А.Навоий ва А.Жомийга ёдгорлик ўрнатиш ҳақидаги қарорини мамнуният билан қарши олди.

9. Томонлар Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганини мамнуният билан эътироф этиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши иккала халқ манфаатларига хизмат қилишини ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, икки давлат фуқароларининг 30 кунга қадар ўзаро сафарлари учун визасиз режимнинг жорий қилинаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

10. Президентлар терроризм ва экстремизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, ноқонуний миграция ҳамда бошқа минтақавий ва халқаро хавфсизликка оид хуруж ва таҳдидларга қарши курашишда ҳам икки томонлама, ҳам халқаро форматларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ўз ҳудудларида Томонларнинг миллий хавфсизлик манфаатларига қарши қаратилган ноқонуний фаолиятни амалга оширишга йўл қўймасликка тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон ва Тожикистон тегишли идораларининг маслаҳатлашувларини ўтказиш орқали ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.

11. Икки давлат раҳбарлари ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, шунингдек, ҳарбий таълим соҳасида ўзаро манфаатли асосларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

12. Президентлар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи тузлишини мамнуният билан эътироф этдилар ва мазкур ишларни 2018-2019 йилларда якунлаш лозимлигини қайд этдилар.

13. Президентлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

14. Томонлар Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашга доир долзарб масалалар бўйича позицияларининг бир-бирига мос келиши ёки яқинлигини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда барча ички минтақавий муаммоларни ҳал этиш минтақа давлатларининг фақатгина ўзлари томонидан очиқ ва конструктив мулоқот орқали тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилиши мумкин ва лозимлигини таъкидладилар.

15. Президентлар Марказий Осиё фаровонлигининг асосий омилларидан бири минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-енергетика ресурсларидан комплекс фойдаланиш эканлигини таъкидладилар. Очиқ мулоқот, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мақбул, адолатли ва оқилона ечимларни топиш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш соҳасида минтақавий шерикликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар ҳамда Марказий Осиё учун сув-енергетика муаммоларини ҳал этишда мавжуд ва барпо этилаётган гидроенергетик иншоотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасида гидротехник иншоотлар, шу жумладан, Роғун гидроелектр стансиясининг қурилишида умумътироф этилган халқаро нормалар ва мазкур объектларни қуриш бўйича стандартларга риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш имкониятини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Давлат раҳбарлари минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот ўрнатишга кўмаклашадиган Марказий Осиё трансчегаравий сув ресурсларидан комплекс тарзда ва самарали фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Марказий Осиё халқаро экологик форуми (Тошкент, 2018 йил 5-8 июн) ва 2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференсия (Душанбе, 2018 йил 20-22 июн) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

16. Президентлар халқаро масалаларда ҳар қандай қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, музокаралар ва бошқа тинч воситалар орқали ҳал қилиш мумкин, деган якдил фикрдалар.

Томонлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этдилар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ўзаро интилишларини билдирдилар.

Президентлар БМТ глобал хавфсизликни сақлашга кўмаклашадиган етакчи универсал халқаро тузилма, шунингдек, давлатлараро ва халқаро муаммоларни ҳал қилиш учун асосий майдон бўлиб қолмоқда, деган якдил фикрдалар. Томонлар халқаро муносабатларда унинг марказий мувофиқлаштирувчи ролини мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.

Томонлар «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» номли Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференсия (Тошкент шаҳри, 2018-йил 26-27-март) ҳамда Терроризм ва радикализмга қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференсия (Душанбе шаҳри, 2018-йил 3-4-май) ўтказилишини мамнуният билан эътироф этадилар.

Тожикистон томони Ўзбекистон томонининг БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияларини, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ конвенсиясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Тожикистоннинг 2018-йилда МДҲга раислик қилишини ҳисобга олган ҳолда, Ҳамдўстликни ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун таъсирчан майдонга айлантириш мақсадида унинг механизмларидан янада самарали фойдаланишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон томони Тожикистон томонининг Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Антинаркотик марказини ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Тожикистон томонига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ҳамда ШҲТ аъзо-давлатлари раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон томони ташаббусини қўллаб-қувватлаганлик учун миннатдорлик билдирилди.

Президентлар Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида икки мамлакатнинг конструктив ҳамкорлигига юқори баҳо бердилар. Тожикистон томони Ташкилотнинг Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини 2020-йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон томонининг таклифини қўллаб-қувватлади.

17. Давлат раҳбарлари Томонлар ўртасида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни ўз вақтида ва виждонан бажаришга содиқ эканликларини билдирдилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган соҳаларда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини жадаллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи натижаларини мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда бўлиб ўтган музокаралар ва ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар турли соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки беришини, шунингдек, давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидладилар.

18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга ва бутун Тожикистон халқига Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик, самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлишни таклиф қилди. Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Тожикистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон

Душанбе шаҳри, 2018-йил 9-март

www.mfa.uz