Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Қадрли Хоразм аҳли!

Бугун Мустақиллик байрами арафасида халқимизнинг буюк фарзанди Жалолиддин Мангуберди хотирасига бағишлаб бунёд этилган муҳташам ёдгорлик мажмуасини тантанали равишда очмоқдамиз.

Ҳеч шубҳасиз, бунда чуқур рамзий маъно бор. Нега деганда, дунёдаги энг улкан қаҳрамонлик – бу Ватан мустақиллиги ва озодлиги йўлида кўрсатилган мардлик ва жасоратдир. Бундай қаҳрамонлик асло унутилмайди, ҳамиша халқ қалбида яшайди.

Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимизнинг буюк намояндасидир.

Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу фикримизни донишманд аллома ва одил ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг: “Олам аҳли Жалолиддиндан олдин ҳам, кейин ҳам бундай баҳодир жангчини кўрмаган. Бу зотнинг азму шижоати олдида ҳатто буюкликнинг ўзи ҳам таъзим қилади”, деган сўзлари яққол тасдиқлайди.

Султон Жалолиддин ўн бир йил давомида мўғул босқинчиларига қарши 300 дан ортиқ жангларда иштирок этиб, ёвларни титратиб келди. Бундай жасорат ҳар қандай одамни ҳам ҳайратда қолдиради.

Енгилмас саркарданинг Синд дарёси бўйида ўз қўшинидан тўрт марта кўп бўлган Чингизхон қўшинига мардона қарши чиққанини эслайлик. Ёки Исфаҳон яқинидаги жангда бор-йўғи 14 нафар аскари билан мингдан зиёд мўғул лашкарининг қуршовини ёриб ўтганини ёдга олайлик.

Ҳатто Чингизхондек саркарда ҳам унинг матонатини кўриб: “Жалолиддиндек қаҳрамон фарзанди бор ота нақадар бахтлидир”, деб тан беришга мажбур бўлган.

Султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки дунёдаги ўнлаб мамлакатларни ҳам мўғул ҳужумидан ҳимоя қилганини жаҳон аҳли эътироф этади. Бутун умри урушда ўтган бўлишига қарамасдан, у оғир ва мураккаб даврларда ҳам илм-маърифат ҳомийси сифатида масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар, қалъалар, йўл ва кўприклар қурдирган.

Тақдирнинг қалтис синовларини мардона енгиб ўтган, 32 ёшда ҳалок бўлган азамат аждодимизнинг ҳаёт йўли, шахсияти ва жасорати барчамизга асло эскирмайдиган бир ҳақиқатни уқтиради:

Ватан озодлиги, Ватан манфаати йўлида бирлашиб, марди майдон бўлиб курашга бел боғлаган халқни ҳеч қандай куч ҳеч қачон енга олмайди.

Ҳурматли маросим қатнашчилари!

Мустақиллик йилларида Ватанимизда Жалолиддин Мангубердининг ўлмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар барчангизга яхши маълум. Хусусан, давлатимизнинг юксак мукофоти – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. Юртимизда бу улуғ зотнинг таваллуд саналари муносиб нишонланмоқда. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган янги-янги илмий ва бадиий асарлар яратилмоқда.

Буюк аждодимизнинг давомчиларини камол топтириш мақсадида Урганчда Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лицей ташкил этдик. Бу мардлик мактаби жорий йил илк бор ўқувчиларни ўз бағрига қабул қилмоқда. Уларнинг барчасига омад ва зафарлар тилаб, келгусида бу навқирон авлод орасидан улуғ саркарданинг муносиб издошлари бўлган ҳақиқий ватанпарвар ўғлонлар, жасур офицер ва генераллар етишиб чиқади, деб ишонамиз.

Азиз дўстлар!

Биз бугун очилаётган ёдгорлик мажмуаси лойиҳаси устида жуда кўп ишладик. Зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўргандик. Бўйи 25 метр бўлган ушбу маҳобатли ҳайкалда Султон Жалолиддиннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч ва шиддат билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган.

Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди. Битиктош нусхасида муқаддас Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангуберди шажараси, ушбу ёдгорликнинг яратилиш тарихи акс эттирилган.

Жалолиддин Мангуберди мажмуасини барпо этиш билан бирга, Урганч шаҳри ва унинг марказий майдонида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари ҳам амалга оширилди. Қарийб 8 гектарлик ушбу ҳудуд бутунлай янгича қиёфа касб этди. Бу ерга 18 мингга яқин манзарали дарахтлар, гуллар ва буталар экилди. Шаҳарнинг марказий майдони остидан ўтадиган, тўрт қаторли, узунлиги 500 метр бўлган ноёб автомобиль туннели барпо этилди.

Ҳурматли тантанали маросим иштирокчилари!

Шу ўринда айтиш керакки, охирги йилларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз натижасида, барча ҳудудлар каби Хоразм ҳам ўзгармоқда. Хусусан, ўтган 5 йилда барча туман марказлари, 100 га яқин қишлоқ ва маҳаллалар обод қилинди. Сайёҳлар учун 80 та янги меҳмонхона қурилди.

Келгуси 5 йилда вилоятда янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, хорижий туристлар сони 10 баробар оширилади, яъни ярим миллионгача етказилади.

“Очиқ осмон остидаги музей” номини олган Хива шаҳрига темир йўл етиб борди ва янги вокзал ишга туширилди. 2024 йилда эса тезюрар поездини Хивага олиб келишни режа қилганмиз.

Шунингдек, Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги автомобиль йўли бўйида 100 дан зиёд замонавий сервис объектлари барпо этилади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Хива шаҳрининг 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилиниши, бу соҳадаги ислоҳотларимизнинг муносиб эътирофи бўлди.

Бошлаган ишларимизни изчил давоми сифатида, воҳада маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун жозибадор “Хоразм” туристик брендини яратиш бўйича аниқ режа асосида иш олиб борилмоқда.

Хоразмга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини кескин ошириш учун ҳудудлар аро ва халқаро транспорт қатновларини кенгайтириш мақсадида зарур инфратузилмалар яратилади. Жумладан, йўловчилар оқими бўйича пойтахт аэропортидан кейинги ўринда турадиган Урганч халқаро аэропорти келгуси 2 йилда реконструкция қилиниб, йирик туристик транспорт хабига айлантирилади.

Хабарингиз бор, сиз, азизлар билан маслаҳатлашиб, халқимиз, биринчи навбатда ёшларимизнинг фикри, хоҳиш-истакларини эътиборга олиб, Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишини бошладик.

Бу ердаги 130 гектардан зиёд ҳудудда Ал-Хоразмий университети ва ихтисослашган мактаби, Ал-Хоразмий маркази, буюк бобомизнинг улуғвор ҳайкали бунёд этилади. Шунингдек, бу ерда технопарк, ишлаб чиқариш зонаси ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, мактаб ва боғчалар, яшил майдон ва хиёбонлар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар, энг муҳими, аҳоли учун 104 та кўп қаватли замонавий шинам уйлар барпо этилади.

Худо хоҳласа, бу шаҳарча ҳам худди Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази сингари, мамлакатимизнинг энг гўзал ва бетакрор масканларидан бирига, таъбир жоиз бўлса, Урганч шаҳрининг юзига айланади.

Фурсатдан фойдаланиб, Хоразмда мана шундай эзгу ишларни амалга оширишда иштирок этган ва меҳнатини давом эттираётган барча-барча азиз инсонларга – қурувчи ва муҳандисларга, меъмор ва ҳайкалтарошларга, техник мутахассис ва мутасаддиларга, чет эллик ҳамкорларимизга, меҳнаткаш ва олижаноб Хоразм аҳлига самимий миннатдорчилик билдираман.

Муҳтарам юртдошлар!

Бугунги маросимда зиёлилар, айниқса ёшлар вакиллари иштирок этаётгани учун бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биз кўплаб муҳташам иморатлар қуришимиз, маҳобатли ҳайкаллар барпо этишимиз мумкин. Аммо ушбу бунёдкорлик ишларимизнинг туб маъносини, тарбиявий аҳамиятини халқимиз, ёшларимиз қалбига сингдирмасак, бу обидаларнинг маънавий ибратини тушунтира олмасак, асосий мақсадимизга ета олмаймиз.

Биз бугун дунёда ва минтақамизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган нотинч бир замонда яшамоқдамиз. Кўплаб бузғунчи кучлар ўзларининг ғараз ниятлари билан ёш авлоднинг онгини эгаллашга уринмоқдалар. Бундай таҳликали вазиятда жондан азиз фарзандларимизни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Шу сабабли буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди сингари ватанпарвар, жасоратли аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш барчамизнинг бурчимизга айланиши лозим.

Айни вақтда бу борада фидойи олим ва адибларимиз томонидан олиб борилаётган илмий-ижодий изланишларни қўллаб-қувватлашимиз, уларни янги асарлар яратишга рағбатлантиришимиз лозим. Хусусан, ана шундай изланишлар туфайли Туркиянинг Силван шаҳрида улуғ аждодимизнинг қабри топилгани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу қардош давлат билан келишиб, бу ерда рамзий мақбара бунёд этсак, албатта, ҳар томонлама савобли иш бўлади.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда хоразмлик зиёлиларнинг саъй-ҳаракати билан тузилган Жалолиддин Мангуберди фонди фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини ҳам кўришимиз зарур.

Жалолиддин Мангубердининг шарафли тарихини тўлақонли ёритиб берадиган илмий энциклопедия, яъни қомус яратиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифадир.

Чақмоқдек қисқа умри мобайнида ўзбек халқига хос бўлган Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятни намоён этиб яшаган Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.

Ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади.

Муҳтарам ватандошларим!

Сўзимнинг якунида барчангизни бугунги қутлуғ тарихий воқеа билан, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрамимиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ҳаммангизга тинчлик-омонлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга битмас-туганмас қут-барака тилайман.

Дунёга Жалолиддин Мангуберди каби буюк қаҳрамонларни берган муқаддас заминимиз, она халқимиз омон бўлсин!

Мард ва матонатли Хоразм элининг доимо бахтини, омадини берсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.

ИА"Дунё"