Birinchi slide Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДА ЎЗБЕКИСТОН ЙИЛИ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

2017 - Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili 2017 - Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovi - 2016 O'zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 26 yilligi O’zbekiston Respublikasi Mustaqilligining 26 yilligi Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar Press-relizlar Press-relizlar O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi O`zbеkistоning IHT TIVKga raisligi BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik "Sharq taronalari" xalqaro festivali "Sharq taronalari" xalqaro festivali Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O‘zbekiston Xalqaro Paxta Yarmarkasi O‘zbekiston Xalqaro Paxta Yarmarkasi Sayyohlik Sayyohlik Xalqaro sanoat yarmarkasi va Kooperatsiya birjasi Xalqaro sanoat yarmarkasi va Kooperatsiya birjasi 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni
hamma resurslarni ko'rsatish
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДА ЎЗБЕКИСТОН ЙИЛИ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

Муҳтарам Нурсултон Абишевич!

Ҳурматли давлатлар ва делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, бугун қутлуғ ва саховатли Қозоғистон заминида ўзимизни ўз уйимиздагидек, орзу-умид ва интилишлари муштарак бўлган ягона аҳил оила аъзоларидек ҳис этаётганимизни алоҳида таъкидламоқчиман.

Қозоғистон Республикаси Президенти, қардошим ва дўстим, муҳтарам Нурсултон Абишевич Назарбоевга Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси йилини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ва қарори учун чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.

Кўп йиллик самарали ҳамкорлигимиз тарихида биринчи марта бўлиб ўтаётган ушбу ноёб воқеа халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий қардошлик муносабатларининг ёрқин ифодасидир.

Яратганнинг ўзи бизга қўшни бўлишдек бебаҳо неъматни ато этган. Бизнинг донишманд ота-боболаримиз “Ҳовли олма, қўшни ол”, деб бежиз айтишмаган. Биз азал-азалдан бир заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизнинг илдизларимиз бир.

Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хўжа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирлар мероси бизнинг умумий бойлигимиздир.

Биз инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган бу маънавий меросни асраб-авайлашимиз ва бойитишимиз лозим.

Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги пайтда сиёсий иродамиз ва ўзаро интилишларимиз туфайли дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ҳақиқатан ҳам улкан натижаларга эришдик.

Ҳудудларимиз ўртасидаги яқин алоқалар, одамларнинг ўзаро очиқ мулоқоти ва дўстлиги, маданий алоқаларнинг фаоллашгани эзгу мақсад – халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.

Бу ютуқларга халқаро миқёсдаги йирик давлат ва сиёсат арбоби, Қозоғистон Республикаси Президенти муҳтарам Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг улкан саъй-ҳаракатлари туфайли эришилганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Барчамизга яхши маълумки, Марказий Осиё мамлакатларининг минтақамиз тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти, бугунги ва келгуси авлодларнинг фаровонлиги йўлида ўзаро интеграциялашуви ташаббускори ҳам айнан ҳурматли оқсоқолимиз Нурсултон Абишевичдир.

Унинг доно раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил сиёсий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар, узоқни кўзлаб, чуқур ўйлаб илгари сурилаётган глобал ва минтақавий миқёсдаги ташаббуслар бутун дунёда эътироф этилаётгани ҳаммамизни хурсанд қилади.

Қозоғистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги муваффақиятли раислиги, сизнинг мамлакатингизда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг тарихий мажлиси, ЭКСПО-2017 бутунжаҳон кўргазмасининг юксак даражада ташкил этилгани, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити ва бошқа кўплаб йирик халқаро тадбирлар Қозоғистоннинг юксак халқаро нуфузидан яққол далолат беради.

Бугун Остона шаҳрида узоқ йиллар мобайнида биринчи марта Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувини ўтказдик.

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, нафақат Қозоғистоннинг улкан салоҳиятига, балки бутун Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик борасидаги кенг имкониятларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишга хизмат қилди.

Ҳурматли дўстлар!

Биз учун Қозоғистон замонлар ва ҳаёт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнимиздир.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, буюк Абайнинг қуйидаги сўзларини эсга оламиз:

Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,

Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.

Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,

Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.

Ишончим комил, бу ҳикматли сўзлар нафақат бугунги тантанали маросим, балки мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг шиорига айланади.

Шу муносабат билан куни кеча қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоири ва мутафаккири, гуманисти Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинганини маълум қилмоқчиман. Бу улуғ зотнинг безавол ўгитлари бугун ҳам ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қарлиғашбий сифатида ҳам машҳур бўлган буюк Тўлабийнинг мақбараси Тошкентда жойлашгани, ушбу маскан ўзбеклар учун ҳам, қозоқ дўстларимиз учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ эканидан биз фахрланамиз.

Муҳтарам Нурсултон Абишевич, ўтган йили Ўзбекистонга давлат ташрифингиз давомида биргаликда ана шу табаррук масканни зиёрат қилиб, халқларимизни тинч-тотув ва аҳил яшашга даъват этган ушбу буюк шахс хотирасига ҳурмат бажо келтирганимизни яхши эслайман.

Ўйлайманки, тобора мустаҳкамланиб бораётган самимий муносабатларимиздан буюк аждодларимизнинг руҳлари шод бўлади.

Дарҳақиқат, халқларимиз бир-бирига ҳамиша таянч ва суянч бўлиб келган.

Тарихимиз муштараклиги ва ўзаро яқинлигимиз ҳозирги дунёнинг мураккаб муаммоларини биргаликда ҳал этиш, биз учун умумий таҳдидларга қарши самарали курашиш, янги авлодлар учун келажакни биргаликда қуришда ёрдам бермоқда.

Биз – қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар ва ўзбеклар, гўзал Марказий Осиёда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакиллари биргаликда тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшашимиз тақдирнинг ўзи томонидан белгилаб берилгандир.

Шунинг учун ҳам биз умумий уйимизни, фарзандларимизни турли низо ва қарама-қаршиликлардан ҳимоя қилиш, минтақамизда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суришини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.

Азиз дўстлар!

“Остона опера” саройининг ушбу кўркам залида Ўзбекистон санъат усталари томонидан намойиш этиладиган бугунги концерт халқларимизнинг ўзаро яқинлиги, маданиятимиз, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш эканига яна бир ёрқин мисолдир.

Ўзбекистоннинг истеъдодли санъаткорлари томонидан ижро этиладиган куй-қўшиқлар, уларнинг сизлар билан учрашувдан оладиган қувонч ва шодликлари Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ўтказиш бўйича режалаштирилган биргаликдаги барча тадбирларга алоҳида руҳ ва кайфият бағишлайди.

Аминманки, ушбу тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилиши давлатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қадрли дўстлар!

Самимий қабул ва меҳмондўстлик учун сизларга яна бир бор чуқур миннатдорлик билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ва сизлар орқали минтақамизнинг барча қардош халқларини кириб келаётган гўзал баҳор байрами – Наврўзи олам билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

www.uza.uz