Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

2022 — 2026 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.
Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида:
1. Кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси (кейинги ўринларда — Тараққиёт стратегияси) ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин:
инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
2. Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида:
а) 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинсин.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С. Холхўжаев), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
ижтимоий суғурта тизимини яратиш, жумладан ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш;
кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш;
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» билан интеграция қилиш;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи — тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилсин.
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев), Молия вазирлиги (Т. Ишметов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2022 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи — тўртинчи синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, лойиҳада ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилсин;
в) 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилсин.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига қуйидаги ўзгартиришлар киритилишини назарда тутувчи Қонун лойиҳасини киритсин:
аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш;
болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш.
3. Маҳалланинг «фаол» моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда:
маҳаллаларда янги институт сифатида жорий қилинган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари фаолияти самарали йўлга қўйилсин;
барча даражадаги раҳбарлар маҳаллага тушиб, ўз йўналиши бўйича муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилиб, маҳалладаги ишларнинг ҳолати вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг бош мезони сифатида белгилансин;
маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ва уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизими яратилиб, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали алоқаларни йўлга қўйиш орқали маҳаллаларнинг халқ олдидаги нуфузи оширилсин;
маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, молиявий имкониятлари кенгайтирилсин;
маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларда истиқомат қилиб, фаолият юритувчи аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлиги оширилсин;
маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилсин;
маҳаллани жойлардаги вакиллик органлари билан доимий алоқаларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, шу жумладан маҳалла раиси томонидан маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритишнинг самарали механизмлари йўлга қўйилсин;
фуқаролар томонидан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилсин.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р. Маматов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (М. Убайдуллаев) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда кенг жамоатчилик, шу жумладан маҳалла тизимида кўп йиллик иш стажига эга ходимларни жалб қилган ҳолда маҳалла фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ва янгиланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
а) 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилсин.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) билан биргаликда икки ой муддатда Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида:
умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 605 млрд сўм ажратилсин;
141 мингта янги ўқув ўринлари яратилсин ва уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказилсин.
Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги ўқув ўринларини яратиш ва мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича чораларни кўриб борсин.
5. Тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
а) ҳудудларда бирламчи тиббий хизматини «бир қадам» тамойили асосида йўлга қўйиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда тегишли қурилиш ишларини 2022 йил якунига қадар якунлаш бўйича амалий чораларни кўрсин;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда икки ой муддатда хусусий тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволашга йўллашнинг электрон ахборот тизими орқали уларга бепул тиббий хизматларни кўрсатиш механизми жорий қилинишини таъминласин.
6. Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар:
2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириш;
халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўқитувчи ва шифокорларга малака тоифаларини бериш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминласин ҳамда малакани баҳолаш услубиёти асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида:
а) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоиз ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилиб, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги ушбу кўрсаткичдан ошмаслиги таъминлаб борилсин.
Бунда, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улуши 60 фоизгача чиқарилсин.
Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров) Марказий банк (М. Нурмуратов) билан биргаликда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича амалий чораларни доимий равишда кўриб борсин;
б) 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача ҳамда банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача туширилсин.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилсин.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш мақсадида қуйидаги лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасига киритилсин:
Энергетика вазирлиги (А. Султанов), Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров) 2022 йил 1 мартга қадар — қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш дастурлари;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б. Абдиназаров), Энергетика вазирлиги (А. Султанов) 2022 йил 1 июнга қадар — саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш бўйича «яшил иқтисодиёт»га ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш дастури ҳамда электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш тизимини яратиш бўйича қарор.
8. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани учун махсус солиқ ставкаларини ўрнатиш тажрибаси асосида шароити «оғир» бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилсин.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар шароити «оғир» бўлган ҳудудларда 2025 йил 1 январгача янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз ставкада ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз ставкада тўлаш тизимини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилсин ҳамда такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилиб, ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилсин.
Адлия вазирлиги (Р. Давлетов) Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д. Қосимов) ва Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов) билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта кўриб чиқиш ва тегишли йўналишлар бўйича ягона реестрга киритиш ҳамда ушбу реестрни 2025 йилга қадар тўлиқ ишга тушириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
10. 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик субъектларида масофавий (онлайн) фаолият кўрсатиш имкониятларининг мавжудлигидан ҳамда уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари қуйидагиларни инобатга олган ҳолда соддалаштирилсин:
айрим фаолият турларига фақат малакавий талабларни белгилаш орқали бино ва иншоот, хона, асбоб-ускуна, техника воситалари, бошқа жиҳозлар ҳамда уларга бўлган шартларни бекор қилиш;
фаолият йўналишидаги эҳтиёждан келиб чиқиб мутахассисни танлаш ҳуқуқини бериш орқали штатида мавжуд бўлиши шарт бўлган ходимларга бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш;
муайян фаолият билан кўчма тартибда, шу жумладан автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда шуғулланиш имкониятини яратиш;
хизмат кўрсатиш мамлакат ҳудудидан ташқарисида амалга оширилиши сабабли хориждан келган буюртмалар бўйича миллий стандарт ва талабларни бекор қилиш;
«боғловчи-оператор» сифатида масофавий хизматни кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари (агрегаторлар) фаолиятига доир махсус шартларни белгилаш орқали айрим лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш бўйича талабларни бекор қилиш.
Адлия вазирлиги (Р. Давлетов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда лицензия ва рухсат этувчи ҳужжатлар талабларининг мазкур бандга мувофиқ қайта кўриб чиқилишини таъминласин.
11. Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилсин:
2022 йилда — 14 та, шу жумладан сертификатлаштириш хизматлари;
2023 — 2025 йилларда — 11 та, шу жумладан нефть маҳсулотларини сақлаш, темир йўлларда ташишда қўшимча хизматларни кўрсатиш, аэровокзал ва вокзал олди комплексларини юритиш хизматлари, темир йўлда экспедиторлик хизматлари.
12. Тараққиёт стратегиясида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ҳудудлар билан ишлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиби ўрнатилсин:
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили барча туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда ҳудудлар кесимида тараққиёт дастурлари ишлаб чиқилади;
ҳар чорак якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан халқ депутатлари Кенгашларига, Бош вазирнинг ўринбосарлари ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари эса Олий Мажлис палаталарига ҳисобот беради;
ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим лойиҳалар барча ҳудудларнинг талаблари ва маҳаллий ташаббускорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганидан кейин қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган республиканинг ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар лойиҳаларини тасдиқласин.
13. Давлат бошқаруви органларининг «Давлат — инсон учун» тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш мақсадида:
маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра уларни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилсин;
барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилсин;
давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, эълон қилиб борилсин;
давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб бориш тизими яратилсин;
ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилсин.
Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тўрт ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган тизимни самарали йўлга қўйиш юзасидан қарор лойиҳасини киритсин.
14. Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда:
фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштиришда, шунингдек ўзаро боғлиқ давлат хизматларини мурожаатни кутмасдан таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилсин;
«Фуқароларнинг рақамли паспорти» лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинсин;
кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилсин.
Адлия вазирлиги (Р. Давлетов) ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) 2022 йил 1 октябрга қадар давлат хизматлари тизимини халққа янада яқинлаштириш, навбатларни қисқартириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва хусусий секторга ўтказиш чораларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилсин;
қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини, уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартибига амал қилиниши қатъий таъминлансин;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона онлайн электрон реестр юритилиши йўлга қўйилсин.
16. Жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тизими жорий қилинсин.
Ушбу тизим доирасида жазони ўтаб бўлган ва ўзининг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишларда аниқ лойиҳаларини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилсин.
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) уч ой муддатда «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тизимини ишга туширишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) ва Транспорт вазирлиги (И. Махкамов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш бўйича дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, йўл инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун барча иштирокчиларга муносиб шароитларни яратиш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлашга ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали йўналтириладиган маблағлардан айнан мазкур йўналишда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилсин.
18. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) ҳамда унинг ишчи гуруҳи таркиблари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Комиссия ва ишчи гуруҳ зиммасига Тараққиёт стратегиясига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, шунингдек, уни 2023 — 2026 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларининг тайёрланишини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.
19. Белгилаб қўйилсинки:
Тараққиёт стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг устувор вазифаси ҳисобланади;
Тараққиёт стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
20. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази таъсисчиларининг «Тараққиёт стратегияси» марказининг фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ тадқиқот ва «ақл» маркази сифатида қайта ташкил этиш ҳамда қуйидаги қўшимча вазифалар юклатиш тўғрисидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин:
тегишли йўналишларда аниқланган тизимли муаммоларни, жумладан бюрократик тўсиқлар, қонунчиликдаги номувофиқликлар, ишламаётган ҳуқуқий механизмлар, эскириб кетган қоидаларни умумлаштириш;
кўтарилаётган тизимли муаммолар ва Тараққиёт стратегиясида юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ташкил этиб бориш;
тадбиркорлар, олимлар, экспертлар ҳамжамияти ва жамоатчилик вакиллари билан бирга тизимли муаммоларни муҳокама қилган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
тегишли йўналишлар бўйича мавзули ижтимоий сўровлар ўтказиш ва уларнинг натижалари бўйича илмий изланишлар олиб бориш.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда «Тараққиёт стратегияси» марказининг фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, шунингдек ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш учун «илмий майдон» яратиш бўйича чораларни кўрсин.
21. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Ватандошлар» фондининг Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнларига миллий ва халқаро ҳамжамиятни кенг жалб қилиб боришга қаратилган қуйидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин:
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳини ташкил этиш;
ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва тизимли равишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиб бориш;
фуқаролар томонидан кўтарилаётган ташаббусларни умумлаштириб, фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда жамоатчилик лойиҳаларини илгари суриш.
22. «Тараққиёт стратегияси» маркази Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан таҳлилий ва ахборот материалларини Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва оммавий ахборот воситаларида акс эттириб бориш чораларини кўрсин.
23. «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг жойлардаги ижроси натижадорлигини аҳолига етказиш бўйича онлайн портални ишга туширсин.
Бунда, чора-тадбирлар ижроси бўйича аҳолининг фикрлари, таклиф ва эътирозларини қабул қилган ҳолда илгари сурилган ташаббуслар тизимлаштирилиб, ҳар ойда Республика комиссиясига киритиб борилсин.
24. Вазирлар Маҳкамаси:
мунтазам равишда Тараққиёт стратегияси, Давлат дастури ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этсин;
ҳар чоракда Тараққиёт стратегияси, Давлат дастури ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ижро этиш ҳолатини ҳар томонлама муҳокама қилиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларга йўл қўйган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриб борсин;
Тараққиёт стратегиясини кейинги йилларда амалга ошириш бўйича йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини ўз вақтида тайёрлаб борилишини таъминласин.
25. Адлия вазирлиги Ҳисоб палатаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан биргаликда:
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишилиши, жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилишига амалий ёрдамни кўрсатиб борсин;
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин;
мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда Республика комиссиясига киритиб борсин.
26. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мунтазам равишда:
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини;
Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумот аҳолига тезлик билан етказилишини таъминласин.
27. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Мазкур Фармон ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Республика комиссияси зиммасига юклансин.
Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 28 январь,
ПФ-60-сон


2022 — 2026 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
I. ИНСОН ҚАДРИНИ ЮКСАЛТИРИШ ВА ЭРКИН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ОРҚАЛИ ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШ
1-мақсад: Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш.
Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш.
Фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш.
Маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш.
Маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш.
Маҳаллалар учун юқори малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш, барча маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчиларида бошқарув асослари, бандликни таъминлаш, банк-молия, томорқа, ер, чорвачилик ва паррандачилик бўйича кўникмаларни шакллантириш.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси институтининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш.
2-мақсад: Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш.
Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш.
Халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича уларнинг масъулиятини кучайтириш.
Маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш.
Маҳаллий кенгашларнинг котибиятлари фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўриш.
3-мақсад: Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш.
Жойлардаги масалаларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимликларнинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш ва ҳар бир вазифа ижроси, шунингдек сарфланаётган маблағлар юзасидан жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш.
Маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантириш, шу жумладан ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий ижро органларининг штат бирлиги ва тузилмаларини белгилаш амалиётини босқичма-босқич кенгайтириш, ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар бўйича «ваколатлар реестри»ни шакллантириш.
Маҳаллий бошқарув фаолиятига ахборот технологияларни кенг жорий қилиш, ҳудудларнинг 40 дан ортиқ, жумладан транспорт, инфратузилма, ижтимоий ва бошқа соҳалар бўйича маълумотларни жамловчи таҳлилий геопорталларини ишга тушириш.
4-мақсад: Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш.
Вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби, уларни бир-биридан фарқловчи мезонларни назарда тутувчи ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиб, амалдаги давлат бошқаруви тизимини қайта кўриб чиқиш.
Давлат бошқаруви органларининг штат бирликларини оширишга чеклов ўрнатишнинг тартибини ҳамда кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонларни белгилаш.
Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш.
Вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини «Давлат — халқ хизматчиси» тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтириш.
5-мақсад: Ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш.
Вазирлик ва идоралар раҳбарларига ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиши учун зарур шароитларни яратиш, қабул қилинаётган қарорларнинг улар томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш.
Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш.
Вазирлик ва идораларда иш юритиш ва маъмурий бошқарув жараёнлари сифатини ошириш.
6-мақсад: Давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш.
Хусусий секторга ўтказиладиган айрим давлат функциялари сонини 3 баробарга ошириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш.
Давлат бошқарувини номарказлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.
Ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг самарали ишини ташкил этиш.
7-мақсад: Мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш.
Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтириш.
Барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштирокини кенгайтириш.
Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш.
Давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш доирасида парламент томонидан масъул ташкилотларга аниқ стратегик вазифаларни қўйиш ва натижага қараб уларга сўров юбориш амалиётини жорий қилиш.
Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтириш.
«Электрон парламент» доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан, сенаторларни ҳудудлардаги фуқаролар билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш.
Қонунчилик палатаси бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш, парламент сайловларини илғор хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш.
8-мақсад: Норма ижодкорлиги жараёнини модернизация қилиш, қонунчилик ҳужжатларининг қатъий ижросини таъминлаш.
Қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини такомиллаштириш.
Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги, сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида «ақлли тартибга солиш» модели элементларини қўллаш доирасида қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашни ривожлантириш ва кенгайтириш.
Ҳуқуқ тизимининг рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодиётнинг янги драйверларини ҳаракатга келтириш доирасида замонавий технологияларга ва рақамли фаолиятга бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш.
Соҳаларда «тартибга солиш юки»ни камайтириш доирасида қонунчилик ҳужжатларини қисқартириш, давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга давлат органлари доирасини қисқартириш, шунингдек ушбу ҳужжатлар сонини мақбуллаштириш ишларини давом эттириш.
9-мақсад: «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш.
Давлат хизматларини мобил иловалар орқали кўрсатишни кенгайтириш.
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни идентификация қилишнинг Mobile ID тизимини жорий қилиш.
«Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали давлат органлари ҳамда хусусий тижорат ташкилотлари ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш асосида бюрократик жараёнларни қисқартириш.
Шахсга доир маълумотларнинг ҳимоясини таъминлайдиган рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тизимини жорий этиш.
Фуқароларга муддатли, муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни бериш ва алмаштиришни ҳамда композит давлат хизматларини уларнинг мурожаатини кутмасдан туриб таклиф этиш амалиётини йўлга қўйиш.
Кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, уларга қулайликлар яратиш.
«Рақамли идора» лойиҳаси доирасида давлат органларида иш юритувини рақамлаштириш орқали маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш ва бошқарув жараёнини автоматлаштириш.
«Фуқароларнинг рақамли паспорти» лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан муайян фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини бекор қилиш.
Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини кенгайтириш.
Давлат хизматларини рақамлаштириш ва уларнинг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш.
10-мақсад: Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш.
Давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Давлат хизматчилари ва давлат органлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими бўйича «Миллий рейтинг» тизимини жорий этиш.
Давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш тизимини такомиллаштириш.
Маҳаллий ҳокимлик органлари, вазирлик ва идораларга раҳбарлик лавозимлари учун муносиб номзодларни тайёрлаш мақсадида Миллий кадрлар захирасини шакллантириш.
Давлат хизматига кириш, захирани шакллантириш, баҳолаш ва хизматни ўташ билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштиришни назарда тутувчи «Рақамли давлат хизмати» лойиҳасини амалга ошириш.
Давлат органларида иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича талабларни қайта кўриб чиқиш.
11-мақсад: Халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш.
Халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш.
Давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш.
«Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт» ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқпарвар давлат» миллий дастури изчил амалга оширилишини таъминлаш.
Жамоатчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиб, унинг фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаш жараёнига фаол жалб этиш.
12-мақсад: Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш.
Айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш.
Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш ишларини давом эттириш.
Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш.
Ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш.
Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини етти баробарга ошириш.
II. МАМЛАКАТИМИЗДА АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ТАМОЙИЛЛАРИНИ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВА ЗАРУР ШАРТИГА АЙЛАНТИРИШ
13-мақсад: Мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш.
Хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш.
Хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш.
14-мақсад: Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш.
Маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, ушбу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш.
Фуқароларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш, шу жумладан ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш.
Фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш тизимини янада соддалаштириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, ушбу йўналишда бошланган ислоҳотларни якунига етказиш.
Жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш.
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ва ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш.
Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш.
15-мақсад: Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш.
Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш.
«Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш.
Суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш.
Судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш.
Суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш.
Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш.
Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш.
Суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш.
16-мақсад: Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш.
Жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш, шу жумладан замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш амалиётидан воз кечиш.
Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш.
17-мақсад: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш.
Ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш.
Қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда «Қонун — устувор, жазо — муқаррар» тамойилини бош мезонга айлантириш.
Тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш.
18-мақсад: Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш.
Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг муқобил, шу жумладан суддан ташқари усулларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш.
Мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш ва айрим функцияларни (суд ҳужжатларидан ташқари) хусусий секторга ўтказиш, давлат ижрочилари иш юкламасини камайтириш.
19-мақсад: Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш.
Адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш.
Адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари ва институционал асосларини шакллантириш.
Адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш.
Бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан масофадан туриб ва «ягона дарча» тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш.
20-мақсад: Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш.
Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Тадбиркорлар ва аҳоли, айниқса унинг кам таъминланган қатламлари учун ҳуқуқий ҳужжатларни юрист иштирокисиз тайёрлаш имконини берувчи «Legal Tech» платформасини ишга тушириш.
III. МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЮҚОРИ ЎСИШ СУРЪАТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ
21-мақсад: Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни — 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва йиллик инфляция даражасини 2023 йилгача босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтириш.
Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш.
Ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни ташкил қилиш.
Давлат қарзини бошқаришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмаслигини таъминлаш.
22-мақсад: Миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириб, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга ошириш.
Саноатнинг етакчи тармоқлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш ҳамда трансформация жараёнларини якунлаш.
Энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда эркинлаштириб, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш.
Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига нефть-газ маҳсулотларини узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш.
Мис саноати кластерини ташкил этиш орқали мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баравар кўпайтириш ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун асос яратиш.
Кимё ва газ-кимёси соҳаларини ривожлантириш ва табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга етказиш орқали кимё саноатида 2 миллиард АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқариш.
Автомобиль саноатида кооперацияни янада ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга, экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш. Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ишлаб чиқаришини ягона саноат кластери усулида ташкил этиш.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш.
Тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш.
Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 3 бараварга кўпайтириш.
Фармацевтика саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баравар кўпайтириш ва маҳаллий бозорни таъминлаш даражасини 80 фоизга етказиш.
Электротехника саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ва экспортини 3 бараварга ошириш.
Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 бараварга кўпайтириш.
Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини амалга ошириш.
Йирик саноат тармоқлари ва ҳудудий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш.
Саноат тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш дастурларини кенг жорий қилиш.
23-мақсад: Геология-қидирув ишлари ҳажмини кескин ошириш, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компанияларни кенг жалб қилиш.
Истиқболли майдонларда геология-қидирув ва конларда қазиб олиш ишларига шаффоф механизмлар асосида маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш.
Иқтисодиёт учун зарур минерал хом ашё базасини кенгайтириш.
Углеводород хом ашёси мавжуд конлар, геология-қидирув майдон ва структураларини таҳлил қилган ҳолда уларга шаффоф механизмлар асосида инвесторларни жалб қилиш орқали қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш.
Геология соҳасида замонавий таълим стандартларини кенг жорий этган ҳолда малакали кадрларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш.
24-мақсад: Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш.
2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт.соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт.соатга етказиш.
2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш.
Ўзбекистон энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашини таъминлаш.
Саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлигини ошириш.
Уй-жой-коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш.
Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш бўйича чораларни кўриш.
Иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини бир бирлик Ялпи ички маҳсулот ҳисобида 10 фоизга қисқартириш.
25-мақсад: Рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш.
Рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларни ҳамда магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш.
Иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш.
Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш.
26-мақсад: Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўриш.
Инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш бўйича, «пастдан-юқорига» тамойили асосида, янги тизимни йўлга қўйиш.
2026 йилгача Хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш стратегиясини амалга ошириш.
Давлат-хусусий шериклик асосида энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард АҚШ долларга тенг инвестиция жалб этиш.
Республика ҳудудлари ва хорижий мамлакатлар бизнес вакиллари ўртасида ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, жумладан Сирдарё вилоятининг Хитой Халқ Республикаси, Сурхондарё вилоятининг Россия Федерацияси ҳамда Жиззах вилоятининг Ҳиндистон бизнес доиралари билан инвестиция ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш.
Сурхондарё вилоятида «Инвесторларга кўмак маркази», Навоий вилоятида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан «Бизнесга кўмаклашиш маркази» ва Тошкент шаҳрида «Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази» ва ҳар бир туманда «Инновация ва технология марказлари» ташкил қилиб, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш.
Тошкент шаҳрида ҳар йили «Тошкент халқаро инвестиция форуми»ни ўтказиб бориш.
27-мақсад: Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида, келгуси 5 йилда фонд бозори айланмасини 200 миллион АҚШ долларидан 7 миллиард АҚШ долларига етказиш.
Мамлакатимизда капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ҳамда йирик корхоналарни ва улардаги улушларни (акцияларни), шу жумладан фонд биржаси орқали хусусийлаштириш.
Давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказиш.
28-мақсад: Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш.
Экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини фаол давом эттириш орқали республика экспорт салоҳиятини ошириш.
Мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солган ҳолда маҳаллий саноат тармоқлари экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш.
Ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб қилиш.
Хусусий секторнинг экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш.
Автотранспорт воситалари экспортини 3 бараварга ошириш ва 1 миллиард АҚШ долларига етказиш.
Туризм, транспорт, ахборот-коммуникация, жумладан дастурий таъминотлар ва бошқа хизматлар экспортини 1,7 бараварга ошириш ёки 4,3 миллиард АҚШ долларига етказиш.
Экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш.
Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баравар кўпайтириб, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, товарларнинг экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш.
«Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» ғояси асосида 200 та экспортчини очиқ танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.
Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда эркин савдо зоналари фаолиятини йўлга қўйиш.
29-мақсад: Тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг Ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш.
Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан «Очиқ мулоқоти»ни ўтказиш.
Ҳудудларда 200 та янги саноат зоналарини ташкил этиш ва бизнес-инкубаторлар тизимини ривожлантириш. Шароити оғир бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш.
Илғор хорижий тажриба асосида факторинг амалиётини ривожлантириш.
2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш.
Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш.
Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун зарур маълумотларни эркин фойдаланишга чиқариш. Қурилиш фаолиятида қурилиш нуқсонлари ёки муаммоларининг олдини олиш.
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш. Иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этишни кенгайтириш.
30-мақсад: Қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш.
Туманларни аниқ маҳсулот турини етиштиришга ихтисослаштириш.
Қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш.
Янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш. 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳамда аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш.
Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард АҚШ долларига ошириш.
Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш.
Илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш. Агросаноат корхоналарини хом ашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баравар ошириш.
Агрологистика марказларини ривожлантириш ва замонавий лабораториялар сонини кўпайтириш. Уруғчилик ва кўчат етиштириш бўйича миллий дастурни амалга ошириш.
Нуфузли халқаро илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш. Аграр соҳада илм-фан ва амалиёт интеграциясини чуқурлаштириш.
Аҳоли томонидан томорқалардан самарали фойдаланилиши учун шароитлар яратиш.
31-мақсад: Сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш.
Сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш.
Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш.
32-мақсад: Чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 — 2 баравар кўпайтириш.
Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5 — 2 баробарга ошириш.
Чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш.
33-мақсад: Ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш орқали ҳудудий иқтисодиётни 1,4 — 1,6 бараварга ошириш.
14 та ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида ишлаб чиқилган беш йиллик ҳудудий дастурларни амалга ошириш. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш рейтинг кўрсаткичлари «қониқарсиз» бўлган шаҳар ва туманлар бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун урбанизация сиёсатини янада такомиллаштириш. Самарқанд ва Наманган шаҳарларини истиқболда «миллионлик шаҳарлар»га айлантириш бўйича чоралар кўриш. 450 минг аҳолига мўлжалланган Янги Андижон шаҳрининг дастлабки бир нечта мавзеларини қуриб, фойдаланишга топшириш. Қашқадарё вилоятининг урбанизация даражасини 50 фоизга етказиш.
Шаҳарлардаги аҳолининг турмуш тарзи қулайлигини баҳоловчи «Шаҳарлар қулайлиги» индексини жорий этиш.
Шаҳарларни рақамлаштириш, қурилиш ва лойиҳалаштириш ишлари сифатини ошириш ва «Ақлли шаҳар» концепциясига мувофиқ ривожлантириш.
Тошкент шаҳрида барпо этилган «INNO» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркини 4 та ҳудудда ташкил этиш. Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш.
Олий таълим муассасаларида архитектура-қурилиш соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларни амалиёт билан уйғунлаштириш.
Қурилиш соҳасини техник тартибга солиш. Аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш.
Аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини ишлаб чиқиш. Реновация ва уй-жойлар дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойларни барпо этиш, 275 мингдан зиёд оиланинг янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратиш.
34-мақсад: Ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тизимини ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудларнинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга алоҳида эътибор қаратиш.
Республика ҳудудларида қарийб 80 минг километр магистрал ва тақсимловчи электр тармоқлари, 20 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари ҳамда 200 дан зиёд подстанцияни қуриш ва янгилаш.
Республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш, 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш.
Сув таъминоти қувурларидаги сув сирқиш нуқталарини сунъий йўлдош технологияси орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологияларни жорий этиш.
Тошкент шаҳрида оқова сувини тозалаш тизимини шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқариб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотларни барпо этиш.
Ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали кейинги 5 йилда хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш ҳамда ушбу йўналишда жами 3,5 миллион янги иш ўринларини яратиш.
Шаҳар ва туманлар марказларида аҳолининг кундалик эҳтиёжи юқори бўлган маиший ва коммунал хизматларни ривожлантириш бўйича пуллик сантехника, электрик, уй жиҳозларини таъмирлаш, кейтеринг каби хизматларни кўрсатиш пунктларини ривожлантириш.
Республика ҳудудларида савдо ва йўлбўйи хизматларини ривожлантириш орқали 130 та замонавий бозорлар ва савдо комплекслари, шунингдек, йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 65 та йирик ҳамда 5000 та кичик хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш.
Сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини 3 бараварга қисқартириш. Хизматлар соҳасининг жозибадорлигини ошириш мақсадида соҳадаги тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар тақдим этиш.
35-мақсад: «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг» дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллион нафарга етказиш.
Тўсиқсиз туризм инфратузилмасини мамлакатнинг асосий туризм шаҳарларида кенг жорий қилиш. 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сонини 2 баравар ошириб, 520 минг нафарга етказиш.
Туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш.
Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва «Айдар-Арнасой» кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш, 300 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш, 25 минг иш ўринини яратиш.
Самарқандни «Туризм дарвозаси»га айлантириш орқали келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажмини камида 10 бараварга ошириш. Туризм соҳасида 40 минг киши бандлигини таъминлаш. 2022 йилда «Абадий шаҳар» тарихий мажмуасини ўз ичига олган Самарқанд туризм марказини ва зарурий инфратузилмани ташкил этиш.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Орол бўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш. Бунда, Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланиш.
Хоразм вилоятида туризм янги иш ўринларини яратишда асосий драйвер соҳа бўлиши учун алоҳида дастур қабул қилиш.
Бухоро вилоятида туризмни жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш.
Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш.
Тошкент шаҳрида туризм инфратузилмасини янада яхшилаш.
Тошкент вилоятида туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш.
36-мақсад: Барча транспорт турларини узвий боғлаган ҳолда ягона транспорт тизимини ривожлантириш, йирик шаҳарлар ўртасида кунлик транспорт қатновлари асосида манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имкониятини яратиш.
Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш.
Шаҳарлараро ва шаҳар атрофи темир йўл қатновлари жозибадорлигини ошириш.
Транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини электрлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш ва автомобиль йўллари тармоғини жадал ривожлантириш.
Транспорт соҳасида ташқи савдо учун «яшил коридорлар» ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш ва транзит юк ҳажмини 15 миллион тоннага етказиш.
IV. АДОЛАТЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ ЮРИТИШ, ИНСОН КАПИТАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
37-мақсад: Ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш. Касбга ўқитиш кўламини 2 баравар ошириб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш.
Касбий таълим билан тизимли равишда шуғулланиш масалаларини тўлиқ равишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёрига ўтказиш.
Касбга ўқитиш кўламини 2 бараварга ошириш, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш.
Умумтаълим мактабларининг касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш.
38-мақсад: Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш.
2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024/2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш.
Мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш.
39-мақсад: Мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш.
Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш.
2022 — 2026 йилларда 160 мингдан зиёд педагог кадрларнинг малакасини ошириш.
Мактабгача таълим-тарбия жараёнларини илмий асосланган ёндашувлар асосида такомиллаштириш.
40-мақсад: Мактабгача таълим тизимида бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш.
Мактабгача таълим тизимида молиявий жараёнларнинг шаффоф тарзда амалга оширилиши учун зарур шароитларни яратиш.
41-мақсад: Мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш.
Янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи миллий дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Ўқув ўринлари сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш.
Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилда 8 фоизга, шу жумладан 2022 йилда 3 фоизга ошириш.
2022 — 2026 йилларда 217 та «Баркамол авлод» болалар мактабини ривожлантириш бўйича дастурни амалга ошириш.
Ёшларни санъат дунёсига ошно этиш, компьютер ва IТ технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш.
Чекка ҳудудларда мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаларигача транспорт қатновини йўлга қўйиш.
42-мақсад: 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиб, амалда жорий этиш.
Миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловаларни яратиш.
Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида Электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар жами 769 та видеодарс яратиш.
Умумтаълим мактабларида дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш тизимини жорий этиш.
43-мақсад: Малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш.
Иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириб бориш.
Ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда малакани баҳолаш методикаси асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш.
44-мақсад: Мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш.
Мактабда фаолият олиб бориши учун ҳар бир фан бўйича маҳаллий ёки халқаро сертификация талабларини белгилаш.
Тоифага эга бўлмаган мактаб ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини диагностикадан ўтказиш.
Умумтаълим мактабларини, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим масканларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлдириш ишларини давом эттириш.
Мактабларда директор ва унинг ўринбосарларини тайинлаш тизимини мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг иштироки таъминланишини назарда тутган ҳолда янада такомиллаштириш.
Халқ таълими тизими туман бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига оптималлаштириш.
45-мақсад: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1 — 4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш.
Тажриба-синов натижаларига кўра бошланғич синф (1 — 4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш.
46-мақсад: Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш.
Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида қабул параметрларини 2022 йилда ошириш.
2022 йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш.
Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш тартибини жорий этиш.
2026 йилда қабул кўрсаткичини камида 250 мингга етказиш.
Давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш, шу жумладан улар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиётини йўлга қўйиш.
Давлат олий таълим муассасаларининг тегишли ҳуқуқ ва ваколатларини аниқ белгилаш.
47-мақсад: 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва TНE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш.
Олий таълим муассасаларининг QS ва TНE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастурни ишлаб чиқиш.
10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини танлаш.
Салоҳияти ва ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, халқаро рейтингларга киритиш бўйича 5 йилга мўлжалланган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
48-мақсад: Қарийб 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш.
Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишда лойиҳаларни молиялаштиришнинг мақбул усулларини йўлга қўйиш.
2022 йилда 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойларини барпо этиш.
2026 йилга қадар 72 400 ўринли 181 та талабалар турар жойларини барпо этиш натижасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш.
49-мақсад: 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш.
2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш орқали уларнинг жами сонини 34 тага етказиш.
Қорақалпоғистон Республикасида 5 та нуфузли маҳаллий ва хорижий олийгоҳларнинг филиалларини ҳамда Тошкент вилоятида 5 минг нафар талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университетини ташкил этиш.
Андижон вилоятида 4 та хусусий олийгоҳ ташкил этиш. Натижада ҳудуддаги ёшларни олий таълим билан қамровини 23 фоиздан 50 фоизга етказиш.
Наманганда келгуси 5 йилда 7 та олийгоҳ ташкил этиб, жами олий ўқув юртлари сонини 10 тага етказиш.
Самарқанд шаҳрида 20 минг нафар талабага мўлжалланган «Ёшлар шаҳарчаси»ни барпо этиб, унда камида 4 та хорижий университетнинг филиал ва кампусларини жойлаштириш. Хорижий давлатларнинг етакчи техника университети билан биргаликда Самарқанд технология университетини ташкил этиш.
Урганч давлат университети қошида Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ва жамғармасини, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ва унинг қошида Урганч бошланғич рақс санъати мактаб-интернатини ташкил этиш.
2026 йилга қадар республика ҳудудларида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали уларнинг сонини 50 тага етказиш.
50-мақсад: «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш, бунда ёшларнинг 50 фоизини техник, аниқ фанлар ва IT соҳаларига ўқитиш.
Хорижий давлатларнинг энг нуфузли университетларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун очиқ саралаш танловларини ўтказиш.
Хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурларида қатнашиш мақсадида Жамғарма томонидан очиқ танлов эълон қилиш ва ўтказиш.
51-мақсад: Иқтисодиётга инновацияларни кенг жорий қилиш, саноат корхоналари ва илм-фан муассасаларининг кооперация алоқаларини ривожлантириш.
Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда мавжуд аналогларидан 50 фоизгача арзонлаштирилган ва сифатли, хом ашё нархига нисбатан 2-3 баравар юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш, шу жумладан умумий қиймати 165,9 миллиард сўмлик жами 195 та лойиҳани амалга ошириш.
Олий таълимдан кейинги таълим институтларида тўлов-грант асосида ўқишни ташкил этиш.
52-мақсад: Глобал инновацион индексда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш ва 2030 йилга қадар топ-50 мамлакатлари қаторига кириш.
Глобал инновацион индексда қайд этилган паст индикаторлар бўйича Ўзбекистон позициясини яхшилаш.
Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун барча йўналишларда кенг имкониятларни яратиш, тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий қилиш.
53-мақсад: Аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
Аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш.
Мажбурий ижтимоий кафолатлар бўйича қонунчиликни тизимлаштириш ва такомиллаштириш, белгиланган ижтимоий ҳимоянинг қатъий таъминланишини назорат қилиш.
Мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнига очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш.
54-мақсад: Пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш.
Фуқароларнинг пенсия миқдорлари мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошиб боришини таъминлаш.
Халқаро тамойил ва стандартларга мувофиқ кўп босқичли ва давлат томонидан кафолатланган пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш.
Фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилмасдан идоралараро электрон маълумот алмашинуви асосида пенсия тайинлаш тизимига ўтиш.
55-мақсад: Кўрсатилаётган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш ва қулайлигини ошириш мақсадида республика ҳудудларида тиббиёт кластерларини ташкил этиш.
Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерларини ташкил этиш.
56-мақсад: Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш.
Марказлашган лаборатория, стерилизация ва юқори технологик текширувлар тизимини ташкил этиш.
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш дастурини 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришнинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш.
Аҳолини тиббий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш.
57-мақсад: Тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.
Давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш.
Тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида корхона ва унинг 13 та ҳудудий бўлимларини ташкил этиш.
58-мақсад: Дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш.
Электрон рецепт тизимини такомиллаштириш ва кенг жорий этиш ҳамда нархларга риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш.
Фармацевтика маҳсулотларини маркировкалаш тизимини жорий қилиш.
Дори-дармон ва тиббий буюмларни аҳоли учун етказиб бериш тизимини олис ҳудудлар ва маҳаллалар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий механизмлар асосида такомиллаштириш.
59-мақсад: Бирламчи тиббий-санитария хизматида аҳолига малакали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ажратиладиган маблағларни ошириш.
Давлат бюджетидан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маблағларнинг 3 баробарга оширилишини таъминлаш. Бунда асосий эътиборни хонадонбай тиббий профилактикани кучайтиришга қаратиш ва «мақсадли» скрининг ўтказиш чораларини кўриш.
Тиббий-санитария хизматининг жозибадорлигини ошириш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш.
Бирламчи тиббий-санитария хизмати ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш.
Бирламчи тиббий-санитария хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Давлат тиббиёт муассасаларида дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминотини янада яхшилаш ҳамда етказиб бериш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш.
60-мақсад: Репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.
46 та туманлараро перинатал марказларни ташкил этиш, уларни кадрлар, зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш.
Юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
61-мақсад: Тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш.
Хусусий тиббиётни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш.
Тиббий фаолиятни юритишда бино ва иншоотларнинг ертўла қисмидан фойдаланиш, шунингдек, лаборатория ва диагностика бўлимлари фаолиятига қўйилган талабларни енгиллаштирган ҳолда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.
Тиббий фаолият ихтисосликларини ташкил этишда моддий техник база ва тиббий асбоб-ускуналарга белгиланган энг кам талабларни соддалаштириш.
62-мақсад: Мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг улушини 80 фоизга етказиш.
Импорт маҳсулотлар ҳажмини ва таркибини оптималлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш.
Замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналарини ташкил этиш ва мавжудларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
63-мақсад: Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги халқаро мақомга эга лабораторияларини ташкил этиш.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 263 та объектларини зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 249 та объектида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини олиб бориш.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг кадрлар салоҳиятини ошириш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш.
64-мақсад: Ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни «бир қадам» тамойили асосида ташкил этиш.
Ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёж, аҳолининг таклифларини инобатга олган ҳолда 2022-2023 йилларда 61 та оилавий поликлиникалар, 215 та оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш.
Аҳолига сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш мақсадида бирламчи тиббий хизматни маҳаллаларда ташкил этиш учун зарур чораларни кўриш.
Замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда аҳолига масофадан туриб тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш.
65-мақсад: Малакали шифокорларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш.
Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда кўрсатиладиган тиббий хизмат тури ва мураккаблиги, шунингдек эришилган натижага кўра ўзгаришини назарда тутувчи тизим яратиш.
66-мақсад: Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш.
Ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш.
Тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш.
Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш.
67-мақсад: Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқароларнинг сонини ошириш.
Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини 2026 йилда 33 фоизга чиқариш.
Республика ёшлари ўртасида миллий спорт турларини оммалаштириш.
Ўзбекистонда спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш.
Юртимизнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқларида соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш.
Барпо этиладиган ҳар бир «Яшил ҳудуд»да югуриш, велосипедда ҳаракатланиш учун «Саломатлик йўлаклари» ҳамда бадминтон, стритбол ва воркаут майдончаларини ташкил этиш.
Вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар ходимларини ва аҳолини спорт тадбирларига жалб қилиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил қилиш.
Миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Спорт ўйинлари ўтказиладиган спорт объектлари инфратузилмасини яхшилаш ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозлаш.
Миллий олимпиада ўйинларини юқори даражада ташкил этиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни муносиб рағбатлантириш.
Миллий олимпиада ўйинларига тайёргарлик ишларининг боришини оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларига қабул кўрсаткичларини ошириш ҳисобига фаолият юритаётган олий маълумотли тренерларнинг амалдаги 54 фоизлик улушини 2022 йилда 62 фоизга, 2026 йилда 85 фоизга ошириш.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиаллари битирувчиларини спорт таълими муассасаларига жалб этиш.
68-мақсад: Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш.
Олимпия ўйинларига киритилган жамоавий (футбол, гандбол, баскетбол, волейбол, регби, чим устида хоккей, бадминтон, сув спорти турлари) ва бошқа спорт турларини ривожлантириш.
Жамоавий ва бошқа спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этишини таъминлаш.
Ёзги паралимпия спорт турларини ривожлантириш. Бунда:
паралимпия спортчилари орасида соғлом турмуш тарзини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш. Хусусан, мазкур ташаббусни халқимизнинг имконияти чекланган вакиллари қатламида тарғиб қилиш;
паралимпия спорт турлари рўйхатига киритилган спорт турларини спорт таълим муассасаларида ташкил этиш орқали Париж-2024 Паралимпия ўйинларига 100 дан ортиқ лицензияларни қўлга киритиш.
Ёшларни спортга жалб этиш ва уларни қамраб олиш.
2026 йилга қадар қишки ва экстремал спорт турлари, шу жумладан тоғ-чанғи спортини ривожлантириш мақсадида энг илғор ва инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда салоҳиятли ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш.
Мавжуд салоҳият ва имкониятдан келиб чиқиб, ҳудудларни қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш бўйича ихтисослаштириш.
Қишки спорт турларига ихтисослаштирилган ҳудудларда тегишли спорт турларини ривожлантириш, миллий жамоа аъзоларини шакллантириш ва 2023 йилдан бошлаб, халқаро мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш.
Қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, 2026 йилдаги қишки Олимпия ўйинларига камида 10 та лицензияни қўлга киритиш.
69-мақсад: Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш.
Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш.
Хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш.
Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш.
Турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш.
«Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
70-мақсад: Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш.
Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
Ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, улар учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш шарт-шароитларини яхшилаш, ёшлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш.
Ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш.
Ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг мукаммал таълим олишини таъминлаш, ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш.
Ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш.
Ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш.
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш.
Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш.
Ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш.
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолият олиб борувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.
V. МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СОҲАНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ
71-мақсад: Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш.
«Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» концепциясини амалга ошириш.
Аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш.
Тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ўз вақтида амалга ошириш чораларини кўриш.
Ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш.
Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш.
«Маҳалла — туман — вилоят — республика» принципи асосида ҳудудлар кесимида ижтимоий-маънавий муҳитни оптималлаштириш харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.
Маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш.
Мактабларни чинакам маънавият ва маърифат, маданият ўчоғига айлантириш учун таълим-тарбиянинг интерактив усулларини қўллаш.
Мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш кўникмасини шакллантириш.
«Ёшлар — Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» шиори остида «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс» ғоясининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш.
72-мақсад: Аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда «Китобсевар миллат» умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш.
Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш.
73-мақсад: Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш.
ИҲТ, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс» шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этиш.
Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб 100 та асарнинг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш.
Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш.
74-мақсад: Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш.
Миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш.
Турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтириш.
Хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.
Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш.
75-мақсад: Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш.
Атоқли Ўзбекистон халқ рассомлари ва амалий санъати усталарининг намунали ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштириш.
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш.
Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
76-мақсад: Маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш, маданият муассасалари ва объектларининг моддий-техника базасини яхшилаш.
Маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, шунингдек, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш.
Театр санъатини ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Маданият марказлари фаолиятини такомиллаштириш ва улар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш.
Ҳудудларда янги маданият объектларини барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш.
Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Миллий маданиятни халқаро даражада оммалаштиришга қаратилган тадбирларни ҳудудларда ўтказишни жорий этиш.
Ўзбек халқи маданияти ва санъатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган атоқли ижодкор зиёлилар юбилейларини муносиб нишонлаш, ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш.
Республика ҳудудида жойлашган маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация ва консервация қилиш билан боғлиқ комплекс тадбирларни амалга ошириш.
77-мақсад: Ўзбекистон тарихини ўрганиш ва тарғиб қилишни янада ривожлантириш.
Тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш.
78-мақсад: Миллий кино санъатини ривожлантириш.
Кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш.
Кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, шунингдек, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш.
Миллий мультипликация индустриясини шакллантириш.
Кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техника базасига эга инфратузилмани яратиш.
Кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш.
Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш.
Соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш.
VI. МИЛЛИЙ МАНФААТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН ҲОЛДА УМУМБАШАРИЙ МУАММОЛАРГА ЁНДАШИШ
79-мақсад: Аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш.
Халқаро майдонда атроф муҳитга оид ташаббуслар, шу жумладан Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш.
Атроф муҳитга таъсир хавфи юқори даража (I тоифа)даги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимини татбиқ этиш.
Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини прогноз қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири устидан мониторингни амалга ошириш.
Республика ҳудудида амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш юзасидан давлат экологик экспертизасини ўтказиш.
80-мақсад: Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ташаббусларига мос тарзда республиканинг 10 та ҳудудида аэробиологик мониторинг тизимини йўлга қўйиш.
Маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уларни қайта ишлаш даражасини 2026 йилга қадар 21 фоиздан 50 фоизга етказиш.
Республика бўйича 51 та ер усти табиий сув объектлари (дарёлар, кичик дарёлар ва табиий кўллар)нинг санитария-муҳофаза зоналари ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш ишларини якунлаш.
Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш, кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш.
Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш.
Оролбўйида халқаро «Яшил иқлим» ва Глобал экологик жамғармаларнинг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш.
Шаҳар ва туман марказларида ҳар 50 — 100 минг аҳоли учун «жамоат парклари»ни ташкил этиш.
Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш.
81-мақсад: Ўрмонлар майдонини кенгайтириш.
Республика ҳудудларида ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш.
Ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудлари плантацияларини барпо қилиш.
Чўл ҳудудларида ўсимликларни кўпайтириш, ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш.
Суғориладиган ерларни эрозиядан ва мелиорация объектларини қум кўчишидан сақлаш учун иҳота дарахтзорларини барпо этиш.
Давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонлардан фойдаланиш, ўрмон фондини кенгайтиришни тартибга солиш.
Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш.
82-мақсад: Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали давлат сиёсатини амалга ошириш.
Экстремизм ва терроризмни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёт ғоялар таъсирини олдини олиш ва уларнинг таъсирига тушиб қолганлар билан тизимли ишлаш орқали уларнинг муаммоларини бартараф этиш.
Аҳоли, айниқса ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетини шакллантириш.
Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда хорижий давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш.
Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек, чет элга узоқ вақтга кетаётган ҳамда яшаб келаётган фуқаролар билан шуғулланувчи бошқа идораларнинг кадрлар салоҳияти ва ресурсларини мустаҳкамлаш.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ахборот ҳамда тажриба алмашиш.
Фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этиш.
Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида мувофиқлаштириш.
Марказий Осиёда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берувчи халқаро ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ролини кенгайтириш.
Дунё ҳамжамияти ва минтақавий ташкилотлар эътиборини Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга жалб қилиш борасидаги ташаббусларни жадаллаштириш ва ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига, шу жумладан экстремизм ва терроризмга қарши курашишга жалб қилиш.
83-мақсад: Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш.
Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш.
Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш.
84-мақсад: Коррупцияга мойил соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.
Коррупцияга қарши курашишга замонавий ахборот, шу жумладан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш.
Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини олиб боришни қўллаб-қувватлаш.
Коррупцияга қарши курашиш амалиётида тизимли превентив чораларни кучайтириш.
Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш.
85-мақсад: Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш.
Камбағалликни қисқартириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш.
Аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баравар камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш. Иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
Давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда маҳаллий даражада («маҳаллабай» тамойили асосида) ижтимоий ишларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш.
Ҳудудлар, шаҳарлар ва туманлар кесимида камбағал тоифадаги оилалар, аёллар ва ёшларни ягона электрон ҳисобга олиш тизимини яратиш, камбағалликнинг қайта тикланиш хавфини бартараф этиш. Ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш.
Ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча эҳтиёжманд аҳолининг камида 85 фоизини ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва аҳоли қатламларига, шунингдек, вақтинчалик оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга тўғридан-тўғри давлат ижтимоий ёрдамини кўрсатиш.
86-мақсад: Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш.
Ноқонуний ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва чет тилларга ўқитиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар бериш борасидаги чора-тадбирларни ҳаётга тизимли равишда ва жадал татбиқ этиш.
Меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш.
Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш.
Хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган камида 300 минг нафар фуқарони касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш. Хавфсиз, ташкиллаштирилган хорижий меҳнат миграциясига 400 минг нафар фуқарони юборишни ташкил этиш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда манзилли кўмак кўрсатиш.
«Ўз келажагимга ўзим инвестор» лойиҳасини самарали амалга оширишни таъминлаш.
87-мақсад: «Ватандошлар» жамоат фонди орқали хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш.
Хориждаги ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларни қўллаб-қувватлаш. Юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва олиб бориш соҳасида юзага келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.
Хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш.
Хориждаги ватандошларнинг салоҳиятини Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга жалб этиш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш.
88-мақсад: Пандемияларга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини ошириш.
Пандемия ва шу каби офатлар билан боғлиқ жараёнларнинг барвақт олдини олиш, вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилиш, уларнинг ечимига аниқ режа ва чоралар билан тайёр туриш тизимини яратиш.
Касалликларни енгиш йўлида барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш.
Беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб борилаётган мулоқотларни кенгайтириш, халқаро тажрибалар ва тавсияларни фаол жорий этиш.
Коронавирус қайтадан тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш учун аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш.
VII. МАМЛАКАТИМИЗ ХАВФСИЗЛИГИ ВА МУДОФАА САЛОҲИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШ, ОЧИҚ, ПРАГМАТИК ВА ФАОЛ ТАШҚИ СИЁСАТ ОЛИБ БОРИШ
89-мақсад: Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш.
Ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш.
Шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни Интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш.
Кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш.
90-мақсад: Давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш.
Барча бўғиндаги ҳокимият органлари раҳбарларининг қўшинлар кундалик ҳаётида, ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирок этишини таъминлаш.
Ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, Қуролли Кучларнинг барча давлат идоралари, муассаса ва корхоналар учун етук кадрлар тайёрлайдиган мактабига айланишига эришиш.
Мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш.
Қуролли Кучлар ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва рақамлаштиришни янада такомиллаштириш.
Қуролли Кучларда ягона ахборот-коммуникация тизимини яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш.
Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги ҳамда ўқув моддий-техника базасини янада такомиллаштириш.
Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибини янада такомиллаштириш.
Олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш ва танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида раҳбар лавозимларига кадрлар захирасини яратиш тизимини ривожлантириш.
Мудофаа вазирлиги тизимида геральдика ишларини самарали йўлга қўйиш.
Қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш.
91-мақсад: Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтириш.
Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга кўрсатилаётган тиббий таъминот сифатини янада ошириш.
Қуролли Кучларда ахлоқий-руҳий таъминотни ва ҳарбий психологлар институтини янада такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини янада кучайтириш.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида мавжуд хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар иш фаолияти самарадорлигини ошириш.
92-мақсад: Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика махсус қутқарув марказини INSARAG (қидирув-қутқарув масалалари бўйича халқаро маслаҳат гуруҳи) стандартлари асосида тайёргарликдан ўтказиш.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиация хизматини ташкил этиш.
Республиканинг туристик зоналарида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни тизимлаштириш.
Аҳолини фавқулодда вазиятларда хабардор қилиш тизимини модернизациялаш.
Республиканинг олис ҳудудларини профессионал ва кўнгилли ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан қамраб олиш кўрсаткичини яхшилаш.
Ёнғин-техник воситаларни ишлаб чиқаришга хусусий секторни жалб этиш.
Ўрмон ёнғинларини бартараф этиш тадбирлари самарадорлигини ошириш.
93-мақсад: Мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш.
Ҳамкор мамлакатлар билан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, улар билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамда турли даражадаги маслаҳатлашувларни ташкил этиш.
Етакчи давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқиш ҳамда улар билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни келишиш.
Йирик тадбирларда (халқаро ташкилотлар доирасида ва хорижий ҳамкорлар билан шерикчилик асосида ҳамда икки томонлама ҳамкорлик даражасидаги конференция, форум, семинар ва давра суҳбатлари) минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда умумжаҳон миқёсидаги ташаббусларини илгари суриш.
94-мақсад. Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш.
Марказий Осиё давлатлари билан олий даражадаги мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликнинг барча форматдаги механизмлари асосида (ҳукуматлараро комиссиялар, сиёсий маслаҳатлашувлар, парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ва бошқалар) йиғилишларни ташкил этиш.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ҳар йили мунтазам ташкил қилишни таъминлаш ва уларда фаол иштирок этиш.
Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ишларини бошлаш.
Минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини фаол илгари суриш.
Ўзбекистон Республикасининг чегараолди назорат-ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали уларнинг ўтказувчанлигини ошириш.
Марказий Осиёда экология, атроф-муҳитнинг ифлосланишини олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари музейлари ҳамда архивлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат тарихи ва маданиятини акс эттирувчи каталогларни биргаликда нашр этиш.
Туризм соҳасида янги воқелик ва эпидемиологик талабларни ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш.
Марказий Осиё давлатларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мухбирлик пунктларини очиш.
Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи (ЕИ) институтлари билан савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш.
95-мақсад: Анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш.
Олий даражадаги ташрифлар орқали Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, чет элларда мамлакатимизнинг янги дипломатик ваколатхоналарини очиш.
Миллий манфаатларни илгари суриш ва ҳимоя қилишда иқтисодий дипломатия самарадорлигини ошириш ва уни фаоллаштириш.
Осиё-Тинч океани минтақасидаги анъанавий стратегик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш (Хитой, Корея Республикаси, Япония).
Осиё-Тинч океани мамлакатларининг истиқболли бозорларига экспорт ҳажми ва номенклатурасини ошириш.
АҚШ, Канада ва Америка мамлакатлари билан стратегик ва ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш.
АҚШ ишбилармон доира вакиллари билан инвестицион, экспорт ва илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка минтақасидаги ҳамкорлар билан мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш (Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Қатар, Покистон, Ҳиндистон, Эрон).
Араб давлатлари (БАА, Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Миср) билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан кўп қиррали муносабатларини ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш.
Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатларининг истиқболли бозорларига экспорт ҳажми ва номенклатурасини ошириш.
МДҲ мамлакатлари доирасидаги анъанавий стратегик шериклар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш.
МДҲ мамлакатларининг истиқболли бозорларига экспорт ҳажми ва номенклатурасини ошириш.
96-мақсад: Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш.
Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига кенг танитиш.
Ўзбекистон Раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш.
БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий ва консультатив ҳамкорликни ривожлантириш.
БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш.
БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида ўтказиладиган сиёсий-дипломатик ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари миқёсини кенгайтириш.
БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш.
97-мақсад: Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан музокаралар ўтказиш.
Ўзбекистонлик мутахассисларнинг Жаҳон савдо ташкилоти ва кўп томонлама савдо тизими соҳасида салоҳиятини ошириш.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари ва интеллектуал мулк ҳимояси соҳаларида миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларининг талабларига мувофиқлаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиш.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг металлургия, тўқимачилик, озиқ-овқат, автомобиль ишлаб чиқариш соҳаларига таъсирини ўрганиш.
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш.
Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ бўлган ички бозорни нотариф чоралар орқали ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш.
Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқ бўлган экспортни қўллаб-қувватлаш ва субсидиялаш чораларини ишлаб чиқиш.
Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи бозорига самарали кириш учун техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш масалалари бўйича миллий сиёсатни Иттифоқ тажрибаси асосида янада такомиллаштириш.
Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тўғрисидаги шартномани чуқур таҳлил қилиш ва тегишли таклифларни ишлаб чиқиш.
Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг умуммиллийдан устувор бўлган савдо сиёсатини ҳамда учинчи давлатлар билан келишувларини ўрганиш.
98-мақсад: Жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имиджини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш.
«Дунё» ахборот агентлиги фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.
Жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш.
Ўзбекистон имиджини жаҳон саҳнасида илгари суришни назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва амалга ошириш, мамлакатимизда ислоҳотларнинг бориши, жамиятни демократик янгилаш жараёнлари ҳақида холис ахборот тарқатишнинг самарали давом эттириш.
Хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этиш.
Хорижда кенг ахборот кампаниясини ўтказиш, жумладан, нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақидаги материалларни эълон қилишни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг асосий дипломатик ваколатхоналарига молиявий ресурслар ажратиш.
Европа мамлакатларининг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ишбилармон, маданий-гуманитар ва таҳлилий доиралари вакиллари билан доимий музокаралар олиб бориш, уларга Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида холис ахборот етказиш.
Хорижда кенг мақсадли тарғибот тадбирларини, жумладан, «Ўзбекистон маданият кунлари», давра суҳбатлари, кўргазмаларни ўтказиш.
Чет элларда Ўзбекистоннинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун Ватандошлар ресурсларини жалб қилиш.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро медиа маконда холисона ёритишга қаратилган ҳамкорликни кучайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш.
Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги ва соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда истиқболларни белгилаб олиш учун қулай медиа-майдон яратиш.
Халқаро ахборот бозорларига чиқиш, Ўзбекистоннинг ижобий имиджини илгари суриш механизмлари, воситалари ва каналларини биргаликда ишлаб чиқиш, халқаро майдонда PR-шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.
99-мақсад: Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка давлатлари билан иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш (Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Қатар, Покистон, Ҳиндистон, Эрон).
МДҲ ҳудудидаги ва Америка минтақасидаги кучли иқтисодга эришган давлатлар билан иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятини тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий этиш.
Дипломатик хизмат фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни мувофиқлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олиш, хатловдан ўтказиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишга мўлжалланган электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш.
100-мақсад: Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.
Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқароларига консуллик хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш.